Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Муаллимини эъзозлаган юртда яшаш завқли
11:35 / 2024-10-08

Шундай касблар борки, умримиз давомида уларга таъзимда бўламиз. Ундан олган билм ва тажриба асосида ҳаётимизнинг мазмунини яратамиз. Чунки улар замон билан бирга эмас, балким унданда илдамроқ қадам ташлашга қодир.

Жорий йил 1 октябрь – Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан Илёс Раупов Президентимиз Фармони билан “Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган халқ таълими ходими” фахрий унвони билан тақдирланди.  

– Баъзан шогирдларим Устоз, сиз ҳам чарчайсизми деб сўрашади, – дейди Бухоро вилояти Ғиждувон туманидаги 27-умумтаълим мактабининг физика фани ўқитувчиси Илёс Раупов. – Мен ҳеч қачон ўқувчилар билан ишлашдан, илм беришдан, муаллимини эъзозлаган шу юрт равнақи учун хизмат қилишдан чарчамайман. Болаларни, мактабни яхши кўраман. Оғир пайтларда ҳам соҳани ташлаб кетиш хаёлимга келмаган. Шогирдларим ичида фан докторлари, нуфузли таълим ташкилотларида раҳбар лавозимларда ишлаётганлар кўп. Улар менинг фахрим.  

– Баъзи ўқитувчилар ўқувчидаги қизиқиш унинг туғма қобилияти, лаёқати билан боғлиқ, деб ҳисоблашади. Бироқ бу борада менинг фикрим тамоман ўзгача, – дейди устоз. – Ўқувчидаги қизиқишларнинг юзага чиқишида ўқитувчи асосий таъсир кучига эга. Ўзим ҳам болалигимда муаллим Зебо Абдуллаеванинг кишини ўзига беихтиёр жалб этадиган сабоқлари сабаб физика фанига қизиқиб қолганман. Бугун фаолиятимда мен устоздан олган сабоғим сабаб шу эътиборга эришдим деб айта оламан.  

Фаолиятим давомида ўқувчининг қизиқишларини ўрганиб чиқаман, у нимани истайди, бўш вақтида кўпроқ нималар билан шуғулланади. Жавобларга қараб, ўз фанимни уларнинг қизиқишлари билан уйғунлаштиришга ҳаракат қиламан. Айни пайтда ўқувчиларнинг деярли барчаси бўш вақтларини интернет, телефон билан ўтказишни хуш кўради. Шундан келиб чиққан ҳолда, физика фани билан боғлиқ маълумотлар, тушунчалар ва ҳодисаларни ўқувчига ушбу техникалар воситасида етказиш мақсадга мувофиқ, деган хулосага келдим. Даставвал ҳар бир синф йўналишида мураккаб саналган икки-учта мавзуда мултимедиалар яратдим.  

2016 йили муаллим кўп йиллик меҳнатлари учун “Шуҳрат” медали билан тақдирланди. 2017 йили эса, у “Энг яхши дарс ишланмаси” кўрик-танловининг республика босқичида фахрли ўринни қўлга киритди. Шу йили унинг “Физика дарсларида электрон воситалардан фойдаланиш” мавзусидаги методик иши республика миқёсида оммалашди.  

Ҳамкасблари орасида юксак ҳурмат-эътибор қозонган қарийб 35 йиллик тажрибага эга Илёс Раупов янгиликларга интилиб бугун ҳам шижоат билан ёшларни билимли, юксак маънавиятли ҳамда Ватанга муҳаббат руҳида тарбиялашда намуна бўлиб келмоқда.  

Зариф Комилов,

ЎзА мухбири.