Публицистика
Бу суҳбатларни тинглаганимда ҳали ёш бола эдим. Даврадаги инсонлар эса ёшлари улуғ – отам тенги одамлар эди. Тонготар гурунглар кўпроқ қиш фаслида кечганини ҳам яхши эслайман. Биласизми, у замонлар қишда тизза бўйи оппоқ қор, гурунглар ҳам момиқ қордек беғубор бўлар эди. У пайтлар дўстлар даврасига ғийбату, ҳасадгўйлик, мол-дунёю, бойлик соя солиб турмас эди...
...Қиш. Отамнинг ўн-ўн беш чоғли дўст-биродари гоҳ-гоҳида уйимизга келиб, китобхонлик қиларди. Ўқиганларининг мазмунини чақади. Мабодо мутоладан зерикса болалар таълим-тарбияси, ўқиши, одоб-ахлоқи каби масалаларда дардлашади. Болалигимдаги ўша гурунгларнинг мағзи миллий қадриятларимиз, фарзандлар келажаги, устозларнинг жамиятдаги ўрни ва бизни кутаётган оламшумул янгиликлар билан боғлиқ бўлганини ёшим бир жойга етганида тушундим...
...У пайтлар болалар даврадаги катталарнинг гапига аралашмас, суҳбатини одоб сақлаб, жимгина тинглаб ўтирар эди. У пайтлар ўқувчисига танбеҳ берган устоз эмас, ўқитувчидан дакки эшитган бола гуноҳкор бўлар эди. Қишлоғимизда Насрулло махсум деган, хокисор инсон бор эди. У кишининг уй тўрида бошини эгиб ўтириши, гапирганда ҳам ерга қараб майин овоз билан секингина сўзлаши ҳануз кўз олдимдан кетмайди. Насрулло махсумнинг сўзлаётганда ҳам, тинглаётганда ҳам, овқат тановул қилаётганда ҳам бировнинг юзига тик боққанини эслолмайман. Ул зотнинг ҳайратланарли, эртакнамо гурунгларини тинглаш учун ҳам, устозлардан танбеҳ эшитмаслик учун ҳам дарсларимни эртароқ тайёрлаб қўяр эдим. Негадир Насрулло махсумнинг гурунгларини тингласам менинг ҳаётга, келажакка қизиқишим янада ошарди...
Аёз. Ташқарида оппоқ қор. Темир печда ёнаётган олов уйни қиздиради. Оловнинг шашти пасайиб қолса, печкага ёғоч ўтин ташлаб қўяман. Меҳмонлар аввалига китобхонлик қилади. Кейин китобни бир четга суриб, гурунгни бошлайди. Бу гал қишлоғимиз мактабига олис шаҳардан болаларга дарс бериш учун ёш ўқитувчи келганию, унинг киришимлилиги, одоби, ўқувчиларга меҳри ҳақида суҳбатлашади. Насрулло махсумнинг бошини эгганича дастурхонга тикилиб, гурунгни жимгина тинглагани, кейин эса мусичадек беозор кўринишда майингина овоз билан мавзуни якунлагани хотирамда шундоқ қолиб кетганки, шу воқеалар юз беришини кутиб яшаганман.
–Ҳали шундай кунлар келадики, муаллимнинг ойлиги рўзғорига етмай қолади. Ўқитувчининг обрўйи тушади. Эркаклар бошқа соҳаларнинг этагидан тута бошлайди. Шундан сўнг таълимни қайта ривожлантириш учун давлат катта ойлик эвазига ўқитувчиларни мактабга қайтаради. Чекка қишлоқларга олис шаҳарлардан эркак-у, аёл ўқитувчилар келиб сабоқ бера бошлайди. Бу кунларга кўп қовун пишиғи бор...
Қишлоғимизда девонасифат бир инсон бўларди. Ўша йиллари радиони қўлида кўтарганча, кўчада қўшиқ тинглаб юришни одат қилиб қолди. Бир сафарги гурунгда махсум бободан инсоннинг кўча-куйда қўшиқ эшитиш одоби сўралди. Ўшанда Насрулло махсум бу одатнинг яхши ёки ёмон фазилат экани ҳақида ҳеч нима демади. Бир зум кўзларини юмиб, кўрсаткич бармоғи билан дастурхонга нималарнидир чизгандек бўлди-ю, секингина гап бошлади:
–Бу дунё асли бир кам яралган. Ҳали бир замонлар бўладики, одамлар қўлидаги шапалоқдек кичкина аппаратда Амриқодаги қариндошлари билан бир-бирининг қиёфасини кўриб, ҳол-аҳвол сўрайди. Истаганча суҳбатлашади. Керак бўлса телевизор, кино кўради, қўшиқ эшитади. Газета, китоб ўқийди. Бироқ, у даврда биз узоқ сафарга кетган бўламиз. Ўша кунларни кўрмаймиз...
У пайтлар уйимиз айвонига мусичалар уя қўйиб, макон тутган эди. Гоҳо бу гурунгларни ўзимча беозор қушлар эшитиб қолишидан ҳам қизғанар эдим. Биласизми, нега? Агар бу гапларни мусичалар кимгадир айтиб қўйса, воқеалар тез орада содир бўладигандек, менга эса келажакнинг қизиғи қолмайдигандек туюларди. Ва яна биласизми, болалигимда тинглаган бу гурунгларни нега Ўқитувчи ва мураббийлар байрами арафасида эслаб қолдим? Мен махсум бобони авлиё инсон эди, муаллим ё мураббий эди, дейишдан йироқман. Эҳтимол, Насрулло махсум ўз даврининг зийрак, билимли, узоқни кўра оладиган одами бўлгандир? Эҳтимол, ўша кезларда озод ва обод кунлар келишини хаёлан орзу қилиб яшагандир? Бу ёғи бизга қоронғу...
Менинг англаганим шуки, мана бугун ёшу кекса қўл телефони орқали сайёрамизнинг истаган жойидаги таниш-билишлари билан бемалол сўзлашмоқда. Газета, китобни ҳам шу матоҳда мутолаа қилмоқда. Дунёдаги барча янгиликларни йўл-йўлакай телефонида ўқиб, кўриб, билиб олмоқда. Китоб мутолаа қил, десангиз қовоғидан қор ёғадиганлар, газета-журнал ўқи, десангиз юзингизга тикилиб, сиздан ижирғанадиганлар ҳам пайдо бўлмоқда...
Болалигимда шу гурунгларга гувоҳ бўлгандан сўнг ҳам кўп йиллар мактабимизга бошқа шаҳарлардан йўлланма билан келган муаллимлар немис, француз, инглиз тилларидан ўқувчиларга сабоқ берди. Кейин эса уларнинг ўрнини шу тиллар бўйича мутахассис бўлган ёш маҳаллий ўқитувчилар эгаллади.
Мустақилликнинг бошларидан мактабларнинг эркак ўқитувчилари бирин-кетин ўзини тижоратга урганида, айримлари бошқа касбларнинг этагидан тутиб кетганида эсимга беихтиёр Насрулло махсум, аниқроғи, у зотнинг бундан 30-40 йил аввал айтган гаплари тушган. Орадан яна ўттиз йилча ўтиб, мамлакатимизда олий маълумотли педагоглар нуфузи, ойлик маошлари оширилганида ёки икки йил муқаддам Президентимизнинг Олий Мажлисга Мурожаатномасида чекка мактабларга олис ҳудудлардан бориб дарс ўтадиган ўқитувчиларга яратиладиган шароит ва имтиёзларни тинглаганимда аждодларимиз орзуси ушалаётганидан қувонганман.
Сурхон воҳасида бугун 70 га яқин олий маълумотли ўқитувчи олис ҳудудлардан келиб, ёшларга фан сирларини чуқур ўргатмоқда. Улар ўтган замондагидек махсус йўлланма билан бу мактабларга мажбуран келгани йўқ. Аксинча, ўз хоҳиш-иродаси билан келиб, ўқувчиларга сабоқ бермоқда. Имтиёзлардан фойдаланиб, яхшигина ойлик маош ҳам олмоқда. Такрор айтай: мен Насрулло махсумни авлиёсифат инсон ёки башоратчи эди, демоқчи эмасман. Ота-боболаримиз ҳам ўз даврида хаёлан бизнинг бугунги ҳаётимизни орзу қилиб яшаганини айтмоқчиман. Давлатимизнинг ўқитувчи ва мураббийларга кўрсатаётган беқиёс ғамхўрликларига, педагоглик касби шарафланаётганига эътиборингизни қаратмоқчиман, холос. Зеро, муаллими улуғланган юрт обод, кексаларининг эса кўнгли шод бўлади.
Холмўмин Маматрайимов, ЎзА мухбири.