Менимча, ҳар бир ўқувчининг болаликдаги идеал инсони унинг устози бўлади. Кимдир математика, яна кимдир эса адабиёт ўқитувчисига ўхшашни орзу қилади, унга тақлид қилиб яшайди. Ахир бундай орзулар болалар қалбида бежизга туғилмайди. Бунга устозларнинг меҳри, билими ва фидойилиги туртки бўлади.
Қаҳрамонимиз Мутриба Болтабоевани ҳам олтиариқликлар устозларнинг авлоди, деб қадрлашади. Сабаби, отаси Аъзамжон Орипов, онаси Зайнабхон Умарова Повулғон қишлоғидаги немис тилига ихтисослаштирилган 38-умумтаълим мактабида ўқитувчилик қилган. Мутриба Болтабоева ҳам 31 йилдан буён ота-онасининг касбини давом эттириб, мазкур мактабда она тили ва адабиёт фанидан дарс бериб келяпти.
– Адабиётни севишимга болалигимда боғчада халқ оғзаки ижоди намуналарини тинглаш, ўсмирлик йилларим Анвар Обиджоннинг болаларга бағишланган асарлари туртки бўлган, – дейди М.Болтабоева. Дарвоқе, бугунги кун болаларига устозлик қилиш ўта машаққатли ишга айланди. Сабаби, технологиялар асрида яшаётган болаларни нимагадир ишонтириш, қойил қолдириш жуда қийин. Бугунги ўқитувчи фидойи, меҳрибон, билимли бўлиш билан бирга инновацион усуллар билан дарс ўтиши керак. Ахир ижтимоий тармоқларда шунча тайёр маълумотлар турганда ўқувчини адабиётга қизиқтиришнинг ўзи бўладими?

– Бугунги кун ёшларини адабиётга қизиқтиришда энг самарали йўл –китоб мутолааси, –дейди Мутриба Болтабоева. – Бу борада мактабимизда яхши анъана йўлга қўйилган. Яъни ҳар ойда ўқувчининг ёш хусусиятини ҳисобга олиб, бадиий асарларни ўқишни тавсия қиламиз. Мана шу усул орқали ўқувчиларнинг тафаккури кенгаяётгани жуда манфаатли бўлмоқда.
Болага она тилини ўқитиш орқали эса энг аввало, давлат тилига бўлган ҳурмат, ўз ватанига муҳаббат ва менталитетга хос инсоний қадриятлар сингдирилади.
Шунингдек, Мутриба Болтабоева миллий адабиётимиз асосчилари –
жадид боболаримиз кўрсатган илм-маърифат йўли нақадар тўғри йўл эканлигини ёшлар онгига сингдиришни муҳим деб ҳисоблашини таъкидлаб ўтди. Яқинда Республика миқёсида ўтказилган “Жадид бобомга мактуб” иншолар танловининг ташкиллаштирилиши манфаатли бўлгани ҳақида ҳам ўз мулоҳазаларини билдирди.
Фанга инновацион ғояларнинг кириб келиши, ўқув дарсликларининг креатив фикрлашга қаратилгани, ривожланган давлатлар тажрибасининг қўлланилиши, албатта, катта имкониятлар эшигини очди. Бироқ, инсонда энг аввало, бу касбга меҳр уйғонмаса, бардошли бўлмаса ишлаш оғир. Авлоний айтганидек: "муаллим миллатнинг энг азиз, энг мукаррам кишисидир".
Нигора Раҳмонова, ЎзА