Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Муаллифсиз қолган қўлёзма: “Ҳудуд ул-олам” асари қандай мақсадда яратилган?
09:14 / 2025-12-15

Мозий қатларида шундай китоблар борки, улардаги маълумотлар олтиндан қиммат, аммо уларни ким ёзгани мавҳум. 982 йил, Гузгон (Жузжон) вилояти. Бир номаълум олим қамиш қаламни қора сиёҳга ботириб, дунёнинг тузилиши ҳақидаги мукаммал ва лўнда асарлардан бирини ёзишни бошлади. У бу китобни маҳаллий ҳукмдорга бағишлади, лекин ўз исмини тарихга муҳрлашни истамади ёки бунга журъат этолмади. Бу асар – “Ҳудуд ул-олам мин ал-машриқ илал-мағриб” (Машриқдан Мағрибгача олам ҳудудлари) эди. Бу қўлёзма асрлар давомида йўқолиб кетган деб ҳисобланган, фақат XIX аср охирида тасодифан топилиб, олимларни лол қолдирган. Нима учун бу қадар муҳим асар муаллифи ўзини яширди? Бу китоб шунчаки географик тавсифми ёки ҳарбий-сиёсий мақсадда ёзилган махфий ҳужжатми?

“Ҳудуд ул-олам” – форс тилида ёзилган илк географик асарлардан бири бўлиб, унинг ягона қўлёзма нусхаси 1892 йилда Самарқанддаги китоб дўконидан топилган. Бу қўлёзма 1258 йилда кўчирилган бўлиб, асли 982–983 йилларда Гузгон ҳукмдори амир Абулҳорис Муҳаммад ибн Аҳмадга атаб ёзилган. Асар муқаддимасида муаллиф ўз исмини келтирмайди, балки камтарлик билан китобни амирга тортиқ қилаётганини айтади.

Китобнинг тузилиши ўша давр анъаналаридан кескин фарқ қилади. Унда муаллифнинг шахсий саргузаштлари ёки “мен фалон жойга бордим” деган гаплари йўқ. Бу – аниқ ва тизимли маълумотлар мажмуи. Асар 60 боб (мақола)дан иборат бўлиб, унда 50 дан ортиқ мамлакат ва ўлкалар, юзлаб шаҳарлар, тоғлар, дарёлар ва қабилалар тавсифланган. 

Асарнинг энг қизиқ жиҳатларидан бири – унинг табиий географияга бўлган чуқур эътиборидир. Муаллиф Осиё тоғларининг жойлашувини шу қадар мукаммал тасаввур қилганки, таниқли географ олим Ҳамидулла Ҳасанов унинг тасвирларини замонавий рельеф харитаси билан солиштириб, ҳайратга тушган. Китобда тоғ тизмалари, уларнинг тармоқлари, дарёларнинг ирмоқлари ва чўлларнинг жойлашуви ҳарбий харитадагидек аниқликда берилган. Бу эса асарнинг стратегик аҳамиятига ишора қилади. Эҳтимол, бу китоб ҳукмдор учун қўшни давлатларнинг имкониятлари, йўллари ва табиий тўсиқларини билиш учун қўлланма вазифасини ўтагандир.

Китобда Мовароуннаҳр, Хуросон, Тибет, Хитой, Ҳиндистон, Византия (Рум), Рус ва бошқа ўлкалар ҳақида нодир маълумотлар мавжуд. Масалан, муаллиф ҳар бир вилоятнинг иқтисодий ҳолатини батафсил ёритади: қаердан қандай маҳсулот чиқади, қаерда қандай қазилма бойликлар бор, аҳолиси қандай касб билан шуғулланади. 

“Ҳудуд ул-олам”да келтирилган этнографик маълумотлар ҳам ўта қимматли. Муаллиф туркий қабилалар – қарлуқлар, ўғузлар, чигиллар, тўққиз ўғузлар, қирғизлар ва бошқаларнинг жойлашуви, урф-одатлари ва бойликлари ҳақида ёзади. У ҳатто қайси қабиланинг чодирида яшаши, қайси бирининг шаҳар қураётганини ажратиб кўрсатади. Бу маълумотлар туркий халқлар тарихини ўрганишда тенгсиз манба ҳисобланади.

Асарнинг яна бир сирли томони шундаки, муаллиф китобхонга маълум бўлган нарсаларни такрорлашни истамайди. У қисқаликка, лўндаликка интилади. “Бу шаҳар обод, ҳавоси хуш, сувлари мўл” каби қисқа иборалар орқали катта маънони ифодалайди. Лекин шу қисқалик ортида улкан билим ётибди. Тадқиқотчиларнинг фикрича, номаълум муаллиф ўз даврининг барча йирик асарларидан – Ибн Хурдодбеҳ, Жайҳоний, Истахрий ва Балхий китобларидан хабардор бўлган ва улардан унумли фойдаланган.

Ҳайратланарли жиҳатлардан бири – асарнинг ёзилиши “сабабчиси” бўлган Гузгон амири дунёқарашининг кенглигидир. Кичик бир тоғли ўлка ҳукмдори дунёнинг нариги бурчагидаги “Саодат ороллари” ёки шимолдаги музликлар ҳақида маълумот олишга қизиққан. Бу ўша давр мусулмон Шарқидаги илмий муҳитнинг нақадар юксак бўлганини кўрсатади. Ҳатто чекка вилоятларда ҳам шундай асарлар яратилган. Муаллифнинг шахси ҳақида турли тахминлар бор: баъзилар уни сарой котиби, баъзилар жосус-саёҳатчи, баъзилар эса нафақадаги ҳарбий деб ҳисоблашади. Лекин ҳақиқат парда ортида қолмоқда.

“Ҳудуд ул-олам” – муаллифи номаълум бўлса-да, мазмуни билан мангуликка дахлдор асардир. Бу китоб бизга минг йил олдинги дунёнинг “сурати”ни тақдим этади. Ундаги ҳар бир сатр, ҳар бир ном аждодларимизнинг дунёни билишга, уни тартибга солишга ва англашга бўлган чексиз иштиёқидан далолат беради. Номи номаълум (аноним) қолишни афзал кўрган бу олим, эҳтимол, шон-шуҳратни эмас, балки ҳақиқатни етказишни мақсад қилгандир. Ва у бу мақсадига тўлиқ эришди.

Алишер Эгамбердиев тайёрлади, ЎзА