Тошкент кимё-технология институтининг Янгиер филиалида ходимларнинг интеллектуал мулк соҳасидаги ҳуқуқий саводхонлигини ошириш ва ҳуқуқий маданиятини юксалтириш мақсадида “Муаллифлик ва турдош ҳуқуқлар” мавзусида семинар ташкил этилди.
Тадбирда Янгиер шаҳар Адлия бўлими бошлиғи Алмардон Оппоқхонов ва Давлат хизматлари маркази бошлиғи Бахтиёр Зоитовлар иштирок этиб, 2006 йил 20 июлда қабул қилинган “Муаллифлик ҳуқуқи ва турдош ҳуқуқлар тўғрисида”ги Қонун асосида шаклланган ҳуқуқий тизим ва унинг амалиётдаги қоидалари ҳақида филиал ходимлари ва талабаларга атрофлича маълумот беришди.

Алмардон Оппоқхонов сўнгги йилларда муаллифлик ҳуқуқини бузиш ҳолатлари кўпайиб, баъзан низоларга олиб келаётганини таъкидлади. Унинг фикрига кўра, ҳуқуқий билимлар орқали бу каби ҳолатларнинг олди олинади ва ижодкорлар ҳамда турдош ҳуқуқ эгалари ҳуқуқлари мустаҳкам ҳимоя қилинади.
– Ўзбекистон интеллектуал мулк соҳасидаги ҳуқуқий кафолатларни мустаҳкамлашга катта эътибор қаратмоқда. Муаллифлик ва турдош ҳуқуқларни ҳимоя қилиш нафақат ижодкорлар учун, балки умумий инновацион муҳит ва ижтимоий барқарорлик учун ҳам муҳимдир. Агар ҳар бир фуқаро ўз ҳуқуқ ва мажбуриятларини тўлиқ англаб етса, низолар олди олинади ва ҳуқуқбузарлик ҳолатлари камаяди, – деди Адлия бўлими бошлиғи.

Семинарда қонунчиликка мувофиқ, муаллифлик ҳуқуқи ва турдош ҳуқуқларни бузиш ҳолатлари муҳокама қилинди. Улар орасида шахсий номулкий ҳуқуқларни бузиш, ижрочининг исми-шарифга нисбатан ҳуқуқларни бузиш, шартномасиз асарларни тарқатиш ва ҳуқуқ эгасига тўлаш талабларини бузиш каби ҳолатлар борлиги таъкидланди. Шунингдек, контрафакт нусхалар — яъни муаллифлик ва турдош ҳуқуқлар бузилган ҳолда такрорланган ёки тарқатилган асарлар — ҳам алоҳида кўриб чиқилди.

Иштирокчилар интернет муҳитида ҳуқуқбузарликларни аниқлаш, уларнинг олдини олиш ва амалиётда қонунчиликни тўғри қўллаш механизмлари ҳақида ҳам батафсил маълумотга эга бўлдилар.
Шунингдек, семинарда интеллектуал мулк соҳасидаги янгиликлар ҳам муҳокама қилинди. Жумладан, 2025 йил 8 августда қабул қилинган “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида” ги Қонунга кўра, саноат мулки объектларини давлат рўйхатидан ўтказиш жараёни соддалаштирилди. Энди янги Қонун ҳужжатларига киритилган ўзгартиришларга мувофиқ, саноат мулки объекти рўйхатдан ўтказилганидан сўнг, тегишли маълумотлар талабнома берувчига автоматик тарзда электрон тизим орқали юборилади.
Ғулом Примов, ЎзА