Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Муаллифлик ва турдош ҳуқуқлар бузилиши ҳолатларининг 31 фоизи интернет тармоғида содир этилган
14:42 / 2023-10-10

Бугунги ахборот-коммуникация технологиялари ривожланган даврда интеллектуал мулк ҳуқуқларини ҳимоя қилиш муҳим масалалардан бирига айланмоқда.

Бу борадаги амалий ишларга қарамай, ушбу соҳада содир этилаётган ҳуқубузарликлар сони ортмоқда. Хусусан, 2020 йил 81 та, 2021 йил 887 та, 2022 йилда эса 1 минг 209 та қонунбузилиш ҳолати аниқланган. Уларнинг асосий қисми Интернет жаҳон ахборот тармоғидан фойдаланилган ҳолда содир этилмоқда. Жумладан, 2022 йилда муаллифлик ҳуқуқи ва турдош ҳуқуқлар соҳасидаги қонунбузилиш ҳолатларининг 31 фоизи Интернет тармоғида содир этилган.

[gallery-13943]

Бу каби ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш мақсадида ишлаб чиқилган “Интеллектуал мулкни ишончли ҳимоя қилиш тизими янада такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг “Ахборотлаштириш тўғрисида”ги Қонуни 12-1-моддасига қўшимча ва ўзгартириш киритиш ҳақида”ги қонун лойиҳаси Олий Мажлис Қонунчилик палатаси мажлисида муҳокама қилинди.

Мазкур қонун лойиҳаси бўйича адлия вазири ўринбосари Музраф Икромов маъруза қилди:

— Янги таҳрирдаги қомусимизда ҳам интеллектуал мулкни ишончли ҳимоя қилиш масаласи мустаҳкамланди. Аммо интеллектуал мулкдан рақамли воситалар орқали ноқонуний фойдаланиш ҳолатлари кўпайиб бормоқда. Бунга аҳоли ва тадбиркорлик субъектларининг интеллектуал мулк соҳаси бўйича хабардорлиги паст эканлиги сабаб бўлмоқда. Шунингдек, веб-сайт саҳифаси эгаси, блогерлар томонидан интеллектуал мулк объектларидан интернет ва ижтимоий тармоқларда фойдаланиш мумкин эмаслиги тўғрисидаги аниқ нормалар ахборот соҳасидаги қонунчиликда мавжуд эмаслиги ҳам ҳуқуқбузарликларга сабаб бўлмоқда. Шу боис Ўзбекистон Республикасининг “Ахборотлаштириш тўғрисида”ги Қонуни 12-1-моддасига ахборот ресурси эгасининг интеллектуал, шу жумладан муаллифлик ҳуқуқи ва турдош ҳуқуқлар соҳасидаги шахсий жавобгарлигини ошириш назарда тутилган қўшимча киритилмоқда. Бу орқали веб-сайтлар, ижтимоий тармоқлар ва бошқа ахборот ресурсларидан ноқонуний фойдаланишнинг олдини олиш ҳамда ахборот-коммуникация муҳитида интеллектуал мулк объектларига бўлган ҳуқуқларнинг самарали ҳимоясини таъминлаш мақсад қилинмоқда.

Мажлисда қонун лойиҳаси концептуал жиҳатдан қабул қилинди.

М.Комилова, ЎзА