Самарқанд шаҳрида Шарқ ва Европа мамлакатлари муаллифлар мулкий ҳуқуқларини жамоавий бошқарувчи ташкилотлари Халқаро ассоциацияси (ASIPREEC)нинг навбатдаги йиғилиши доирасида “Муаллифлар ва бошқа ҳуқуқ эгаларининг ҳуқуқларини бошқариш: муаммолар ва уларни ҳал этиш механизмлари” мавзусида халқаро конференция бўлиб ўтди.
Тадбирда Қозоғистон, Молдова, Грузия, Швеция, Чехиянинг муаллифлар ва турдош ҳуқуқларини жамоавий асосда бошқарувчи ташкилотлар вакиллари, Ўзбекистон Республикаси Санъаткор, ижодкор ва ижрочиларнинг муаллифлик ҳуқуқларини ҳимоя қилиш палатаси ҳамда Олий Мажлис Сенати аъзолари бевосита, Бутунжаҳон интеллектуал мулк ташкилоти (WIPO-Женева), Муаллифлар ва композиторлар жамиятлари халқаро конфедерацияси (SIZAK-Париж) ва Озарбайжон ташкилоти вакиллари ZOOM платформаси орқали масофадан иштирок этди.
Бугунги кунда интеллектуал мулк, хусусан, муаллифлик ҳуқуқи халқаро доирада муҳофазага олинган. Дунё жамоатчилиги ушбу соҳага алоҳида ҳурмат билан қарайди. Шунинг учун ҳам 1996 йилда ЮНЕСКО томонидан 23 апрель “Халқаро китоб ва муаллифлик ҳуқуқларини ҳимоя қилиш куни”, 2000 йилда Бутунжаҳон интеллектуал мулк ташкилоти томонидан 26 апрель “Халқаро интеллектуал мулк куни” деб белгиланган.
– Мамлакатимизда ҳам муаллифлар, ижрочилар ва бошқа ҳуқуқ эгаларининг ҳуқуқларини муҳофаза қилиш ва ҳимоя қилишга алоҳида эътибор қаратилмоқда, – дейди Санъаткор, ижодкор ва ижрочиларнинг муаллифлик ҳуқуқларини ҳимоя қилиш палатаси раиси Бобоқул Тошев. – Халқаро тажриба асосида соҳага оид амалдаги қонунчилик такомиллаштирилмоқда. Ҳуқуқбузарликларга қарши курашиш ва бузилган ҳуқуқларни тиклаш бўйича самарали ишлар олиб борилмоқда. Ҳуқуқ эгаларининг мулкий ҳуқуқларини жамоавий асосларда бошқариш тизими жорий этилган. Мулкий ҳуқуқларни бошқарувчи ташкилотлар тузилган ва уларнинг манфаатдор идоралар билан ҳамкорлиги йўлга қўйилган.
Мазкур конференция ҳам хорижий давлатлардаги муаллифлик ҳуқуқи ва турдош ҳуқуқларни жамоавий асосларда бошқарувчи ташкилотлар ўртасида тузилган ҳамкорлик шартномалари доирасидаги халқаро алоқаларни кенгайтириш, мулкий ҳуқуқларни минтақа ва халқаро доирада бошқариш механизмларини жорий этиш, республикамизнинг соҳага оид халқаро мажбуриятларини бажаришга кўмаклашиш йўлларини излаш, ташкилотлар ўртасида ахборот алмашинувини кенгайтириш мақсадида ташкил этилди.
Конференцияда маҳаллий ва хорижлик олимлар, халқаро эксперт ва мутахассисларнинг маърузалари тингланди. Соҳага оид халқаро ҳамкорликни янада кучайтириш, дунёда юзага келаётган воқеликлар ва рақамли муҳит шароитларини инобатга олиб, замонавий ва таъсирчан механизмларни жорий этиш, ахборот алмашинувини кучайтириш, хорижий тажрибани чуқур ўрганиш асосида амалдаги қонунчиликни такомиллаштириш юзасидан фикр алмашилди.
– Қозоғистонда муаллифлик ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи йигирмадан ортиқ ташкилот тузилган, – дейди Қозоғистондаги “КазАК” бош директори Б.Есеналиев. – Лекин бундай ташкилотларнинг кўплиги ва келишмовчиликлар натижасида муаллифлар ҳамда бошқа ҳуқуқ эгалари ўзларининг мулкий ҳуқуқларини амалга оширишда турли қийинчиликларга дуч келмоқда. Масалан, аудио асарлар, телесериаллар ёки мультфильмлар муаллифларини бошқарадиган битта ташкилот тузиш ва уни тартибга солиш мумкин. Бугунги конференцияда шу каби муаммоларга ечим хусусида экспертлар билан тажриба алмашдик.
Анжуманда келгусида маданият ва санъат вакилларига муносиб ижтимоий-иқтисодий шароитлар яратиш, жойларда асарлар ва ижролардан фойдаланишда жамоатчилик назоратини йўлга қўйиш, мутасадди идоралар билан ҳамкорликни кенгайтириш бўйича таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқилди.
Ғ.Ҳасанов, А.Исроилов (сурат), ЎзА