Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Муҳофазага муҳтож “Ҳисор“қўриқхонаси ёхуд у ерда юз бераётган ноқонуний ҳаракатлар
16:34 / 2019-09-19

Бинобарин, қўриқхона ўша ҳудуддаги ноёб ҳайвонот ва наботот дунёсини муҳофаза қилиш, табиатни асл ҳолича асраш учун барпо этилади.


“Ўзбек тилининг изоҳли луғати“да қўриқхонага бундай таъриф берилади: “Белгиланган қонунларга мувофиқ, давлат томонидан ажратилган, алоҳида илмий ёки маданий аҳамиятга эга бўлган (ноёб ландшафт, ўсимликлар, ҳайвонот дунёси, фойдали қазилмалар ва б.), табиий объект жойлашган ҳудуд“. 

Бинобарин, қўриқхона ўша ҳудуддаги ноёб ҳайвонот ва наботот дунёсини муҳофаза қилиш, табиатни асл ҳолича асраш учун барпо этилади. Лекин ҳудуди жиҳатидан мамлакатимиздаги йирик, жуда камёб ўсимлик ва ҳайвонот дунёсига бой “Ҳисор“ давлат қўриқхонаси ҳақида бундай деб бўлмайди. Бугунги кунда қўриқхонада юз бераётган кечириб бўлмас ноқонуний ҳаракатлар натижасида у ердаги ёввойи табиат ваҳшийларча пайҳон қилинмоқда.

Бундай дейишимизга Қашқадарё вилояти Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси инспекторлари томонидан қўриқхона ҳудудида табиатни муҳофаза қилиш соҳасидаги қонун бузилиш ҳолатларига қарши курашиш мақсадида жорий йил 26 август куни ўтказилган назорат рейд тадбири давомида аниқланган ноқонуний ҳаракатлар сабаб бўлди.

“Ҳисор“ давлат қўриқхонаси Ўзбекистоннинг Жануби-Шарқий қисмида, Қашқадарё вилоятининг Шаҳрисабз, Яккабоғ ва Қамаши туманлари ҳудудида, Ҳисор тоғ тизмасининг ғарбий ён бағрида, денгиз сатҳидан 1750-4421 метр баландликда жойлашган. Жануби-Шарқдан Сурхондарё вилояти, Шарқдан Тожикистон Республикаси билан чегарадош. Қўриқхона 1983 йили Қашқадарё вилоятидаги икки мустақил – “Мираки“ ва “Қизилсув“ қўриқхоналарининг бирлаштирилиши натижасида ташкил қилинган.

Қўриқхонанинг ҳайвонот олами хилма-хил бўлиб, унинг ҳудудида 268 турдаги умуртқали ҳайвонлар, 2 турдаги балиқ – оддий қора балиқ ва Амударё гулбалиғи, 17 турдаги амфибия ва судралиб юрувчилар, 215 турдаги қушлар, 31 турдаги сут эмизувчилар учрайди. Умуртқасиз ҳайвонларнинг 950 тури мавжуд бўлиб, улар 143 оила ва 20 туркумга мансублиги аниқланган.

Ҳозирги кунда қўриқхона ҳудудидаги ҳашаротларнинг 6 тури, қушларнинг 7 тури, балиқнинг 1 тури ва сут эмизувчиларнинг 10 тури Ўзбекистон Республикаси “Қизил китоби”га киритилган.

Қўриқхонанинг наботот дунёси ҳам хилма-хил ва бой бўлиб, уларни муҳофаза қилиш, ўрганиш қўриқхона ходимларининг асосий вазифаларидан этиб белгиланган. Ҳудудда ўсимликларнинг 910 тури аниқланган. Улар 81 оилага кирувчи 384 туркумга мансуб, шундан камёб ва йўқолиб бораётган 30 тури Ўзбекистон Республикаси “Қизил китоби”га киритилган.

Шундай муҳим аҳамиятга эга бўлган қўриқхонада рўй бераётган ноқонуний ҳаракатлар ҳар қандай одамни таажжубга солиши табиий. Хусусан, вилоят экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси берган маълумотларга кўра, қўриқхонанинг Қизилсув бўлимининг маҳаллий номи “Хўжа пирпирота” қоясидан пастки тарафи “Хонақа” зиёратгоҳи атрофида чорва молларини бемалол боқаётган фуқаро қўлга олинган. Ўзини Деҳқонобод тумани Дўконхона қишлоғида яшовчи Исмоилов Камолиддин Исмоил ўғли деб таништирган чўпон қўриқхона ҳудудида боқаётган моллари “Аҳмадбой” исмли шахсга тегишли эканини пичинг қилиб, ҳеч қандай ҳужжат тақдим этмаган. Чорва моллари фуқаро К.Исмоиловнинг ўзи иштирокида саноқдан ўтказилганда 1 минг 1 бош қўй, 103 бош эчки, 27 бош қорамол, 1 бош от борлиги аниқланган.

Бундан ташқари, ҳудудда яна уч нафар фуқаро худди шундай ноқонуний ҳаракатни содир этаётганда қўлга олинган. Улар ҳам ўзларини Деҳқонобод тумани Дўконхона қишлоғида яшовчи Аҳадов Аслиддин Илҳом ўғли, Саломов Ўрол Эшон ўғли, Бобоназаров Одил Самадович деб таништирган. Чорва моллари уларнинг ўзлари иштирокида саноқдан ўтказилганда 1 минг 340 бош қўй, 60 бош эчки борлиги аниқланган. Ҳолат бўйича Бобоназаров Одил Самадович ёзма равишда тушунтириш хати ёзиб берган.

Мазкур ҳолатлар бўйича фуқарога давлат қўриқхонаси ва унинг атрофида ҳар қандай фаолият тақиқлангани ва Ўзбекистон Республикаси “Табиатни муҳофаза қилиш тўғрисида”ги, “Экологик назорат тўғрисида”ги, “Муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар тўғрисида”ги, “Ўсимлик дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш тўғрисида”ги, “Ҳайвонот дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш тўғрисида”ги қонунлари ҳамда соҳага оид бошқа меъёрий ҳужжатлар талаблари тушунтирилган.

Белгиланган тартибга кўра, мавжуд ҳолат бўйича етказилган зарар миқдори 559 миллион 752 минг 300 сўмни ташкил этган. Аниқланган ушбу ҳолатлар бўйича ваколат доирасида тегишли тартибда тўпланган ҳужжатлар прокуратура органларига тақдим қилиш учун расмийлаштирилмоқда.

Шу ўринда бир мулоҳаза. Бу бир марталик рейд давомида аниқланган қонунбузарлик, аниқланмаганлари қанча, худо билади. Ахир, ҳар куни рейд ўтказишнинг иложи йўқ-ку!? Демак, фуқароларнинг бу борадаги тушунча ва маданияти ошириш талаб этилади. Қолаверса, тартиб-қоидаю, ноқонуний ҳаракатлар, етказилган зарарнинг оддий чўпон учун зиғирчалик аҳамияти борми? Умуман, давлат томонидан муҳофаза қилинадиган қўриқхона ҳудудида чорва молларини бамайлихотир боқиш учун чўпонга ким ҳуқуқ берган? Наҳотки, минглаб қўй ва эчкини шунча пайт боқиб юрганини мутасаддилар пайқамаган бўлса? Чўпон оғзини тўлдириб “Аҳмадбой”га қарашли дея иддао қилиб, бирорта ҳужжат тақдим этмасдан бемалол боқиб юришига шароит яратиб берган ким? Ҳар ҳолда, ўша ҳудудда яшаб турган оддий аҳолининг бунга ҳадди сиғмаслиги аниқ.

Чорва молларининг қўриқхонада бу қадар хотиржам боқилаётганига имконият яратиб бераётган “қўли узун” кимсалар учун қўриқхона, унинг тобора йўқликка юз тутиб бораётган ноёб ўсимлик дунёси, табиатни асраб қолиш учун қабул қилинган меъёрий ҳужжатлар ҳеч қандай аҳамият касб этмайди. Гўё қўриқхона улар учун барпо қилингандек. Уларнинг бу ҳаракатини бирор буюмни аёвсиз кемириб ётган куяга ўхшатиш мумкин.

Умид қиламизки, мутасаддилар бундай ноқонуний ҳаракатларнинг олдини олади. Йўқса, у ерни қўриқхона сифатида сақлаб туришдан ҳеч қандай наф йўқ. Чунки, мана шундай пайҳон қилишлар давом этадиган бўлса, қўриқхонадаги қолган ўсимлик ва ҳайвонлар ҳам “Қизил китоб”га ўз ихтиёри билан кириб кетади. “Қўли узун” кимсалар эса янада кучайиб, қўриқхонанинг қолган қисмини ҳам “забт этиш“да давом қилади.

Қўриқхона ўз номи билан қўриқхона. У табиий комплексларнинг типик участкаларини асл ҳолида муҳофаза қилиш, улардаги табиий жараёнларнинг боришини ўрганиш ҳамда йўқолиб бораётган флора ва фауна вакилларини сақлаб қолиш мақсадида ташкил этилган. Уни пайҳон қилишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ.

Мавзуга ҳали қайтамиз...

photo5420382529124412401.jpg

photo5420088285209930891.jpg