Муқобил энергия: самарадор ва тежамкор
Қашқадарёда “Ўзбекистон Республикасида қайта тикланувчи энергия манбаларини ва энергия иқтисод қилувчи технологияларни татбиқ этишга кўмаклашиш” мавзусида семинар-тренинг бўлиб ўтди.
Қашқадарёда “Ўзбекистон Республикасида қайта тикланувчи энергия манбаларини ва энергия иқтисод қилувчи технологияларни татбиқ этишга кўмаклашиш” мавзусида семинар-тренинг бўлиб ўтди.Ўзбекистон Республикаси Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси, Европа хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг мамлакатимиздаги лойиҳалар координатори ҳамда Қайта тикланувчи энергия манбалари Марказий Осиё ҳудудий маркази ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда Ўзбекистонда амалга оширилаётган ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар жараёнида табиий ресурсларни тежаш ва барқарор ривожланишга эришишга алоҳида эътибор қаратилаётгани таъкидланди.
Президентимиз раҳнамолигида бу борада мустаҳкам ҳуқуқий, илмий ва технологик асослар яратилган. Жумладан, энергетика тизимини тубдан такомиллаштириш борасидаги тадбирлар жараёнида қайта тикланувчи, экологик соф қуёш, шамол ва биомасса энергиясидан фойдаланишга устувор аҳамият берилмоқда. Бу борадаги тадбирларни ҳаётга татбиқ этишда давлат, жамоат ташкилотлари, илмий тадқиқот муассасалари фаол иштирок этаётир.
Ушбу йўналишдаги лойиҳалар самарасида мамлакатимизнинг турли ҳудудларида ижтимоий соҳа иншоотлари, ишлаб чиқариш ва қишлоқ хўжалиги тизимларида қуёш, шамол ва бошқа муқобил энергия манбаларидан фойдаланиш кенг йўлга қўйилмоқда.
Давлатимиз раҳбарининг 2013 йил 1 мартда қабул қилинган “Муқобил энергия манбаларини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони бу борада муҳим дастуриламал бўлмоқда. Мазкур ҳужжат асосида мамлакатимизнинг чекка ҳудудларидаги мактаблар, мактабгача таълим муассасалари ҳамда қишлоқ врачлик пунктларига фотоэлектр станциялари ўрнатилаётир.
Тадбирда мамлакатимизда муқобил ва қайта тикланувчи энергиядан фойдаланишни ривожлантириш, бу борадаги ҳуқуқий асосларни, давлат ва жамоат ташкилотлари, илм-фан ва ишлаб чиқариш корхоналари ҳамкорлигини мустаҳкамлаш юзасидан фикр алмашилди.