Муҳим сиёсий жараёнга қизғин ҳозирлик кўрилмоқда
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси, халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларга жорий йилнинг 22 декабрида бўлиб ўтадиган сайловларга Бухоро вилоятида ҳам қизғин тайёргарлик кўрилмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси, халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларга жорий йилнинг 22 декабрида бўлиб ўтадиган сайловларга Бухоро вилоятида ҳам қизғин тайёргарлик кўрилмоқда.
Вилоятда сайловни ўтказишга бевосита дахлдор ташкилотлар, сиёсий партиялар, шаҳар-туманлар мутасаддилари, оммавий ахборот воситалари ходимлари учун семинар-тренинг ташкил этилди.
Унда Бухоро ва Навоий вилоятларида давлат ҳокимияти вакиллик органларига сайловларда халқаро кузатувчилар ва хорижий оммавий ахборот воситалари билан ишларни ташкил этиш бўйича тузилган ишчи гуруҳи аъзолари, республика маслаҳат гуруҳи вакиллари, сиёсий партиялар раҳбарлари иштирок этди.
Таъкидландики, 18 боб, 103 моддадан иборат Сайлов кодекси миллий сайлов қонунчилигимиз такомиллашганини ўзида намоён этади. Илгари сайловларни ўтказиш тартиби алоҳида-алоҳида қонун ҳужжатлари билан тартибга солинган. Эндиликда 26 ҳужжат, хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови тўғрисидаги, Олий Мажлисга сайлов, Марказий сайлов комиссияси тўғрисидаги қонунлар ўрнига сайловлар билан боғлиқ тизим фаолияти ягона Сайлов Кодекси билан тартибга солинади.
Унга мувофиқ Қонунчилик палатасига ва жойларда халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари депутатлигига номзод кўрсатиш ҳуқуқига фақат сиёсий партиялар эга бўлди.
Семинар-тренингда Ўзбекистон Республикасининг Сайлов кодекси 14-моддасига кўра, Марказий сайлов комиссияси сайлов жараёнини бошқаришнинг ахборот тизимини жорий этиш ҳамда сайловчиларнинг ягона электрон рўйхатидан фойдаланиш фаолияти бўйича умумий раҳбарлик ва мувофиқлаштириш ишларини амалга оширишига эътибор қаратилди. Янгиликнинг аҳамияти шундаки, эндиликда республикада сайловчиларнинг умумий сони ҳақидаги маълумотдан ташқари, уларнинг шахси ва сайлаш ҳуқуқи учун зарур бўлган маълумотлар бир жойда база сифатида жамланади. Бу сайловнинг тенглик приципини таъминлашга хизмат қиладиган механизмлардан биридир.
– Семинар-тренингда янги қонунчилик ҳужжати – Сайлов кодекси ҳақида бўлажак сайловларга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказишга доир янада кенг маълумотларга эга бўлдик, – дейди Ўзбекистон Экологик партияси Бухоро вилояти кенгаши раиси Анвар Ниёзов. – Партиямиз жиддий имтиҳон олдида турибди. Кучли рақобат шароитида кечадиган сайловларда мукаммал ишлаб чиқилган Сайлов кодексида белгиланган тартиб-таомиллар асосида мамлакат парламенти ва халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларида муносиб ўрин олишга ҳаракат қиламиз.
Семинар-тренинг қатнашчилари ўзларини қизиқтирган саволларга батафсил жавоб олди.