Arabic
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
МТТларга махсус ускуналар топширилди
17:08 / 2021-06-04

Мактабгача таълим вазирлиги томонидан Давлат кўп тармоқли ихтисослаштирилган мактабгача таълим ташкилотларини коррекцион, педагогик ва реабилитация ускуналари билан жиҳозлаш дастурининг иккинчи босқичи амалга оширилди.

Лойиҳа доирасида Чилонзор туманидаги 289-сонли давлат кўп тармоқли ихтисослаштирилган мактабгача таълим ташкилоти ҳамда Қибрай туманидаги 34-сонли кўп тармоқли ихтисослаштирилган мактабгача таълим ташкилотига махсус ортопедик, функционал стуллар, болалар аравачалари ва тренажёрлар каби кўплаб ускуналардан иборат тўпламлар топширилди.  

Дастлаб ушбу асбоб-анжомлар ортилган юк машиналарини Мактабгача таълим вазирлиги биноси олдидан вазирлик мутасаддилари ва ходимлари, журналистлар тантанали равишда кузатиб қўйди.  

Сўнгра ҳар иккала мактабгача таълим ташкилотида ушбу юкларни топшириш маросими ўтказилди. Тадбирда мактабгача таълим вазири Агриппина Шин ҳамда вазир ўринбосари Шаҳноза Мирзиёева иштирок этиб, мазкур лойиҳанинг йўлга қўйилгани сўнгги йилларда соҳада олиб борилаётган улкан ислоҳотлар самараси эканини таъкидлади.  

Дарҳақиқат, юртимизда яшаётган ҳар бир болага ғамхўрлик қилиш, уларнинг таълим-тарбия олиши ҳамда етук инсонлар бўлиб улғайиши учун муносиб шарт-шароит яратиб бериш Президентимиз олиб бораётган сиёсатнинг устувор йўналишларидан биридир.

– Мактабгача таълим соҳасини ривожлантириш давлат сиёсати сифатида кўрилиб, 2017 йилдан буён тизимда қатор амалий ишлар олиб борилиб, соҳа тубдан ислоҳ этилмоқда, – деди Агриппина Шин. – Хусусан, охирги тўрт йилда боғчалар сони 5 минг 211 тадан 18 минг 300 тага, болаларни мактабгача таълим билан қамраб олиш даражаси икки баробар ортиб, 27,7 фоиздан 60,9 фоизга ошди. Давлат томонидан берилган имконият ва имтиёзлар натижасида хусусий ва оилавий боғчалар ҳам кўпайди. Бугунги кунда республика бўйлаб мактабгача таълим ташкилотларида 1 миллион 700 минг нафар бола тарбияланмоқда.

Эндиликда боғчага болаларни шунчаки тўплаб ёки ота-она келгунича уларни овутиб-юпатиб ўтирадиган жой эмас, балки фарзандларимизга сифатли таълим-тарбия берадиган маскан сифатида қаралмоқда.  

Инсон умри давомида оладиган барча ахборот ва маълумотнинг 70 фоизини 7 ёшгача бўлган даврда олишини инобатга олганда бу жуда тўғри ва муҳим ёндашувдир.  

Ихтисослашган мактабгача таълим ташкилотларини қамраб олиш кўзда тутилган мазкур лойиҳа доирасида топширилаётган Коррекцион-педагогик ва реабилитация ускуналари соғлиғида нуқсони бўлган болаларни соғломлаштириш ва ақлий ривожлантиришга хизмат қилади.

Эслатиб ўтамиз: дастурнинг биринчи босқичида Тошкент шаҳридаги 17 та кўп тармоқли ихтисослаштирилган мактабгача таълим муассасаси қамраб олинган эди. Жорий йил охиригача 70 та ихтисослаштирилган мактабгача таълим ташкилоти замонавий асбоб-ускуналар билан жиҳозланиши кўзда тутилган.  

Дарвоқе, боғча тарбияланувчилари лойиҳа ташкилотчиларига қўшиқ ва рақслар ижро этиб, ўз миннатдорлигини билдирди.

 

Моҳигул Қосимова, ЎзА