Марказий сайлов комиссияси мамлакатда кеча бўлиб ўтган Қозоғистон Республикаси Президенти сайловининг дастлабки натижасини эълон қилди, деб хабар бермоқда “Казинформ” халқаро ахборот агентлиги мухбири.
Мазкур ахборотдан МСКнинг қуйидаги маълумоти ўрин олган:
Қосим-Жомарт Тоқаев – 81,31 % (6 456 392 киши);
Жигули Дайрабоев – 3,42 % (271 641 киши);
Каракат Абден – 2,60 % (206 206 киши);
Мейрам Кажикен – 2,53 % (200 907 киши);
Нурлан Ауесбоев – 2,22 % (176 116 киши);
Салтанат Турсинбекова – 2,12 % (168 731 киши);
“Ҳаммага қарши” устуни – 5,8 % (460 484 киши).
Шунингдек, агентлик Қозоғистон Республикаси МСК раиси Нурлан Абдировнинг матбуот анжуманидаги чиқишидан қуйидаги иқтибосни ҳам келтирган:
- Мамлакат Президенти сайловининг дастлабки натижасини эълон қилишга рухсат бергайсиз. Жами сайловчилар 11 953 465 кишини ташкил этди. Сайлов бюллетенини 8 346 000 одам, яъни рўйхатдаги фуқароларнинг 69,44 фоиз фоизи тўлдирган. Сайлов куни жараённи Президентликка номзодларнинг жами 11 мингдан зиёд ишончли вакили, 641 нафар хорижий кузатувчи ва халқаро ташкилот вакили, сиёсий партиялардан 15,5 минг кузатувчи, жамоат бирлашмаларидан 30 мингдан ортиқ масъул кузатиб борди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ ЎзА “Аманат” партияси Жамоатчилик сиёсати институти томонидан эълон қилинган “Exit poll” хулосасига кўра, Қосим-Жомарт Тоқаев сайловда 85,52 фоиз овоз тўплаб, ғалаба қозонгани хақида хабар берганди. Бошқа бир манба – “Очиқ жамият” минтақавий тадқиқотлар халқаро институти “Exit poll” сўрови эса амалдаги давлат раҳбарини 82,45 фоиз сайловчи ёқлаганини овоза қилган.
Кўриниб турибди, МСК ҳисоботи ҳар икки дастлабки маълумотдан фарқ қилмоқда.
Ғ.Хонназаров, ЎзА