English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
“Mpox” нима ва қандай тарқалади?
10:40 / 2024-08-18

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) Африканинг баъзи ҳудудларида “Mpox” вируси тарқалишини халқаро аҳамиятга молик фавқулодда ҳолат сифатида баҳолади. Конго Демократик Республикасида илгари маймун чечаги деб аталган ўта юқумли касаллик камида 450 кишининг ҳаётига зомин бўлди.

Касаллик қандай белги беради?

“Mpox” вируси чечак билан бир оилага мансуб, аммо жуда хавфли. Дастлаб ҳайвондан одамга ўтган, ҳозир эса одамлараоо юқиш ҳолати ҳам кўпаймоқда.
Дастлабки аломатлари – иситма, бош оғриғи, шишиш, бел ва мушак оғриғи.
Иситма тушгач, тошма пайдо бўлиши мумкин. Кўпинча юздан бошланади ва тананинг бошқа қисмларига, кафт ва оёқ тагига тарқалади. Кучли қичишиш ёки оғриқ сезилиши билан кечадиган тошма ўзгаради. Охир-оқибат қора қўтир ҳосил бўлишидан олдин турли бир неча босқич кузатилади ва кейинчалик тўкилиб тушади. Қўтир ўрнида чандиқ қолиши эҳтимоли бор. Инфекция ўз-ўзидан йўқолиши мумкин, аломатлар 14-21 кун давом этади. Хасталик, баъзан, айниқса заиф тоифа, жумладан ёш болада ўлимга олиб келиши мумкин.


Оғир ҳолатда жароҳат бутун танага, асосан оғиз, кўз ва нозик аъзоларга таъсир қилиши мумкин.

Қайси мамлакатларда тарқалган?

Ғарбий ва Марказий Африка тропик ўрмонидаги чекка қишлоқларда кенг тарқалган “Mpox” анча йил олдин пайдо бўлган. Бу ҳудудларда ҳар йили минглаб инфекция, юзлаб ўлим ҳолати қайд этилади. Жуда кўп 15 ёшгача бўлган бола азобланади. Яқиндан бошлаб ушбу касаллик, ноодатий равишда Бурунди, Руанда, Уганда ва Кенияда ҳам кузатилди. Умуман, “Mpox”нинг икки асосий тури мавжуд – ўта оғир “Clade 1” ва “Clade 2”. Ўнлаб йиллар давомида Конгода спорадик эпидемия келтириб чиқарадиган “Clade 1” вируси тарқалмоқда.

Ушбу хасталикнинг баъзи шакллари катталарга қараганда болаларга тез таъсир кўрсатади. Яна бир ўта ташвишланарли ҳолат: ўтган йил юқтирган кўпчиликка нисбатан бу мавсум “Clade 1-b” номли янги “Mpox” ташҳиси қўйилган. Мутахассислар таъкидлашича, осон тарқалиб, янада оғирроқ касалликларга олиб келиши тахмин қилинаётган бу тур ҳали кўп ўрганилиши керак.

Африка Касалликлар назорати ва профилактикаси маркази маълумотига кўра, 2024 йил бошидан июль ойи охиригача “Mpox” инфекциясининг 14 500 дан ортиқ ҳолати аниқланиб, 450 дан ортиқ ўлим қайд этилган. Яъни, 2023 йил шу даврига нисбатан инфекция сони 160 фоиз, ўлим ҳолати 19 фоиз ошган.
2022 йил эълон қилинган аввалги фавқулодда ҳолатга нисбатан енгилроқ “Clade 2” штамми эса аввал учрамаган 100 га яқин мамлакатда, жумладан Европа ва Осиёда ҳам тарқалди. Хайриятки, айни заиф гуруҳлар эмлаш орқали назоратга олинди.
Қандай тарқалади?

“Mpox” одамга инфекцияли шахс билан яқин алоқага киришганда, масалан терига тегинганда, гаплашганда ўтади. Яъни, вирус танага тери, нафас олиш йўли, кўз, бурун ёки оғиз орқали киради. Шунингдек, тўшак, кийим, сочиқ каби зарарланган нарсалардан, маймун, каламуш, олмахон каби касал ҳайвондан юқиши мумкин.

Ким жиддий хавф остида?

Симптоматик одам билан яқин алоқада бўлган ҳар ким, жумладан тиббиёт ходими ёки оила аъзоси вирус юқтириши мумкин. Мутахассислар қайси тоифа кўпроқ хавф остидалигини билиб олишг учун вазиятни ўрганмоқда. Ёш бола, айниқса иммунитети ҳали тўлиқ шаклланмагани сабабли, хасталикни юқтириш эҳтимоли юқори. Иммунитети заиф ҳар қандай одам касалликка кўпроқ мойил. Ҳомиладор аёллар ҳам хавфдан холи эмаслиги ҳақида хавотир бор.

“Mpox”га қарши вакцина борми?

Вакцина мавжуд, лекин одатда препаратни фақат хавф остида қолган ёки инфекция юқтирган одам билан яқин алоқада бўлган киши қабул қилиши мумкин.

Вакцинана йўналтирилган молия манбаси эҳтиёжни тўлиқ қоплаш учун етарли эмаслиги хавотирли. ЖССТ яқинда дори ишлаб чиқарувчилардан расман тасдиқланмаган бўлса-да, фавқулодда фойдаланиш учун “Mpox” вакцинаси тақдим этишни сўради. Африкада соғлиқни сақлаш бўйича фавқулодда ҳолат эълон қилингач, ҳукуматлар саъй-ҳаракатни мувофиқлаштириши, зарарланган ҳудудларга тиббий буюм ва ёрдам оқимини оширишига умид пайдо бўлди.
Афсуски, глобал чораларсиз ҳозирги эпидемия қитъадан ташқарига тарқалиб кетиши мумкинлиги ҳақида хавотир йўқ эмас.

Муҳаррама Пирматова тайёрлади. ЎзА