Ҳар бир мамлакат ўзига хос туризм салоҳиятига, ўзининг қадимий, тарихий ва маданий обидаларига эга.
Ўрганишларга кўра, Ўзбекистонга кириб келган хорижлик туристларнинг аксарияти сафар мақсади сифатида сайёҳликни кўрсатган. Мамлакатимизга ташриф буюрган киши борки, Самарқанду Бухоронинг қадим минораларини кўрмасдан кетмайди. Юртимиздаги осори-атиқаларни томоша қилиш эса пуллик.
Хусусан, Самарқанд, Хоразм, Бухоро каби тарихий шаҳарларда жойлашган қадим минораларга кириш учун нарх белгиланган.
Маълумки, Ўзбекистон Республикасининг 2008 йил 12 сентябрдаги “Музейлар тўғрисида”ги қонуннинг 28-моддасида давлат музейларига пулли хизматлар кўрсатиш музейларни молиялаштириш манбаси сифатида белгиланган. Бундан ташқари Вазирлар Маҳкамасининг “Миллий музей фонди таркибига киритилган музей ашёлари ва музей коллекцияларини кириб кўриш тартиби ва шартлари тўғрисида”ги низомига асосан Миллий музей фонди таркибига киритилган ҳамда музейлардаги экспонат ва ашёларни томоша қилиш фуқаролар учун пуллик хизмат шаклида ташкил этилади.

Ушбу низомга биноан музей ашёларини кириб кўриш учун ҳар йили 2–8 сентябрь кунлари “Музейлар ҳафталиги” ҳамда ҳар ойнинг биринчи якшанбасида “Очиқ эшиклар куни” ўтказилади ва аҳоли вакиллари давлат музейларига бепул кириши белгилаб қўйилган. Шунингдек, болалар ва ўсмирларнинг маданий-тарихий меросдан фойдаланиш ва улар билан танишиш имкониятини кенгайтириш мақсадида ҳафтанинг ҳар сешанба ва жума кунлари 18 ёшгача бўлган болалар ва уларга ҳамроҳлик қилувчи ота-оналар (ёки уларнинг ўрнини босувчи шахслар) Миллий музей фонди таркибига киритилган музей ашёлари ва музей коллекциялари билан танишишлари учун давлат музейларига бепул ташриф буюришлари мумкин.
Маданий мерос агентлиги матбуот хизматининг маълум қилишича, ўтган 2023 йил давомида “Мозийга саёҳат” дастури орқали “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари” ва “Ёшлар дафтари”га киритилган фуқаролар ва ногиронлиги бўлган 147 минг 590 нафар шахс музейларга бепул ташриф буюрган.
Қайд этилишича, музей-қўриқхоналарда чипталар сотилишидан тушган пул маблағлари Маданий мерос агентлигининг Маданий мерос жамғармаси маблағларини шакллантириш асоси ҳисобланиши белгиланган. Мазкур низомнинг 4-бандига асосан ушбу маблағлар музей-қўриқхоналар ва музейларни сақлаш, уларни ва бошқа маданий мерос объектларини таъмирлаш, унда ишловчи ходимларни молиявий таъминлашга мақсадли ва манзилли сарфланади ҳамда мунтазам равишда аудит қилиб борилади.
Юқорида тасдиқланган қарор ва низомларга кўра, барча музей-қўриқхоналар ва музейларга кириш пуллик қилиб белгиланган.
Маълумот ўрнида таъкидлаш лозимки, республикада 127 та давлат музейи ва унинг филиаллари мавжуд. Жумладан, Маданий мерос агентлиги тизимида 37 та асосий музей, 77 та филиал фаолият юритиб келмоқда. Улардан 7 таси музей-қўриқхона ҳисобланади. Расман фаолият юритиб келаётган нодавлат музейлар сони 7 тани ташкил этади.
Муҳайё Тошқораева, ЎзА