Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Мозий муҳандислиги: Шайбонийхоннинг Самарқандда бунёд эттирган илк иншооти
16:23 / 2026-01-17

Марказий Осиё минтақасининг ижтимоий-иқтисодий ҳаётида сув йўллари ва уларнинг кечувлари доимо муҳим аҳамиятга эга бўлган. Хусусан, тарихий манбаларда Кўҳак номи билан тилга олинган Зарафшон дарёси Самарқанд ва Бухоро каби икки йирик сиёсий-маъмурий марказни боғловчи асосий восита саналса-да, айни пайтда аҳоли ва савдо карвонлари учун жиддий хавф туғдирган.

Дарёнинг тўлиб оққан пайтида уни кечиб ўтиш ўта машаққатли жараён бўлиб, кўплаб инсонларнинг ҳалокатига ҳамда моддий йўқотишларга ҳам сабаб бўлган. XVI аср бошларида Туронда ҳокимиятни эгаллаган Муҳаммад Шайбонийхон даврида амалга оширилган йирик инфратузилма лойиҳаларидан бири – айнан ушбу дарё устида мустаҳкам кўприк барпо этилиши бўлди. Бу воқеа нафақат муҳандислик ечими, балки давлат бошқарувидаги қатъият намунаси сифатида ҳам тарих саҳифаларидан ўрин олган.

Тарихчи ва шоир Камолиддин Биноий ўзининг “Шайбонийнома” асарида ушбу қурилиш жараёнини батафсил баён этган. Манбада келтирилишича, 1502 йилнинг куз ойларида Шайбонийхон Бухородан салтанат пойтахти Самарқандга қайтаётган маҳалда Зарафшон дарёси қирғоғида тўхтайди. Ўша вақтда дарё суви кўпайиб, оқим тезлашгани боис, одамлар ва от-уловларнинг сувга ғарқ бўлиш ҳолатлари кузатилаётган эди (Чўпонота яқинида Зарафшон дарёси устига қурилган қадимги кўприк бузилиб кетган бўлса керак). Биноий мазкур вазиятни тасвирлар экан, маҳаллий аҳоли дарёни “бошини кўтарганда икки юз одамни ўз комига тортадиган аждаҳо”га қиёс қилганини таъкидлайди. Юзага келган оғир вазиятни ўз кўзи билан кўрган ҳукмдор дарё ўзанини тартибга солиш ва аҳоли учун хавфсиз ўтиш йўлагини барпо этиш бўйича қатъий кўрсатма беради.

Мазкур ташаббус дастлаб сарой аъёнлари ва мутахассислар томонидан шубҳа билан қарши олинган. Ўз даврининг тажрибали муҳандислари тез оқар ва туби нотинч дарёда сув айирғич қуриш имконсиз эканлигини, Биноий тили билан айтганда, бундай иш фақат Искандар Зулқарнайн каби афсонавий ҳукмдорларгагина хос бўлганини рўкач қилиб, лойиҳанинг мураккаблигидан огоҳлантирадилар. Бироқ давлат раҳбарининг иродаси қатъий эди. Шайбонийхон аъёнларнинг эътирозларини рад этиб, барча султонлар, амирлар ва лашкарбошиларга чодирларини дарё бўйига тикишни ҳамда қурилиш ишларига сафарбарлик эълон қилишни буюради. Бу ҳолат лойиҳанинг давлат аҳамиятига молик устувор вазифа сифатида белгиланганини кўрсатади.

Қурилиш жараёни ҳарбий интизом асосида ташкил этилади. Шаҳар аҳолиси ва махсус ишчи кучлари тош келтириш, ёғоч тайёрлаш ишларига жалб қилинади. Манбада қурилиш технологиясига оид қизиқарли маълумотлар учрайди. Дастлаб усталар томонидан “варт” деб номланган махсус мосламалар – ичига тош тўлдирилган йирик ёғоч тўсиқлар тайёрланган. Ушбу оғир конструкциялар сув оқимини тўсиш мақсадида дарёга ташланган. Аммо Зарафшон дарёсининг оқими шу қадар кучли эдики, тош билан тўлдирилган улкан тўсиқларни ҳам енгил хас-чўп каби оқизиб кетган. Биринчи босқичдаги бундай муваффақиятсизлик муҳандислар ва усталарни тушкунликка туширади, лойиҳанинг амалга ошиши сўроқ остида қолади.

Вазият кескинлашган паллада ечим бевосита Шайбонийхоннинг ўзи томонидан таклиф этилади. Тарихчи Биноий буни “илоҳий илҳом” билан боғласа-да, матн мазмунидан англашиладики, хон гидротехник иншоотни қуришда ноанъанавий услубни қўллашни буюрган. Янги услубга кўра, иншоот пойдеворини мустаҳкамлаш ва сув йўлини бошқариш бўйича аниқ техник ечимлар ишлаб чиқилган. Натижада, мутахассислар томонидан бажариб бўлмас вазифа деб баҳоланган иш бор-йўғи бир ой муддатда якунига етказилади. 1502 йилнинг октябрь ойида Зарафшон дарёси устида муҳташам тоқ (кўприк) ва сув тақсимловчи (сув айирғич) қад ростлайди. Куз фаслининг совуқ об-ҳавоси шароитида бундай қисқа муддат ичида улкан ҳажмдаги қурилишнинг амалга оширилиши ўша давр меъморчилиги учун ноёб ҳодиса ҳисобланади.

Зарафшон кўпригининг қурилиши фақат қатнов муаммосининг ечими бўлиш билан чекланиб қолмади. Ушбу иншоот Туроннинг иқтисодий интеграциясини кучайтиришга ҳам хизмат қилди. Самарқанд ва Бухоро ўртасидаги қатновнинг хавфсизлантирилиши савдо алоқаларининг ривожланишига, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг узлуксиз айланишига туртки берди. Шунингдек, сув йўлининг тартибга солиниши воҳадаги деҳқончилик тизимига ҳам ижобий таъсир кўрсатди. Шайбонийхоннинг бевосита бошчилигида амалга оширилган мазкур лойиҳа темурийлардан кейинги даврда марказий ҳокимиятнинг куч-қудратини ҳамда аҳоли турмуш фаровонлигини таъминлашга қаратилган сиёсатини амалда намоён этди.

Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, Камолиддин Биноийнинг “Шайбонийнома” асарида келтирилган ушбу тарихий лавҳа ўтмиш ҳукмдорларининг бунёдкорлик фаолиятига янгича назар ташлаш имконини беради. Халқ манфаати йўлида табиий тўсиқларни енгиш, мураккаб вазиятларда тўғри қарор қабул қилиш ва ресурсларни мақсадли сафарбар этиш салоҳияти давлатчилик тарихимизнинг муҳим қирраларидан биридир. Зарафшон дарёси узра қурилган кўприк асрлар давомида эл хизматида бўлиб, аждодларимизнинг ақл-заковати ва меҳнатидан далолат бўлиб келди.

Алишер Эгамбердиев, ЎзА