Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
“Мўйноққа мадад бўлишга ўз ҳиссамни қўшаётганимдан бахтиёрман”
12:14 / 2021-05-26

Сурхондарё вилоятида “Мўйноққа мадад” экологик хайрия веломарафонига Термиз туманидаги Фаёзтепа археологик ёдгорлигидан старт берилди.

Мустақиллигимизнинг 30 йиллигига бағишлаб ўтказилаётган экологик хайрия веломарафони иштирокчилари йўлга чиқиши олдидан бўлиб ўтган тадбирда вилоят ҳокими ўринбосари, вилоят туризм ва спорт бош бошқармаси бошлиғи Жўрабек Тўраев тадбирнинг мазмуни, экологик муаммолар ечимини топишдаги аҳамияти, ёшлар ўртасида спорт, айниқса, велоспортни оммалаштиришдаги ўрни ҳақида фикр юритди. Веломарафон иштирокчиларига омад тилади.

– Ўзбекистон велосипед спорти федерацияси, Туризм ва спорт вазирлиги, Миллий олимпия қўмитаси, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари ҳамкорлигида ташкил этилаётган мазкур тадбир доирасида тўпланган ҳомийлик ва хайрия маблағлари Мўйноқ туманида амалга оширилаётган ишларга йўналтирилади, – дейди Ўзбекистон Экологик партияси вилоят кенгаши раиси И.Ёқубов. – Ҳудудни обод қилишга сарфланади. Уни юқори савияда ўтказиш учун вилоятда алоҳида тайёргарлик кўрилди. Турли дарахт кўчатлари ўтқазиб, ҳудудларни кўкаламзорлаштиришга ҳам алоҳида эътибор қаратилди.

[gallery-2544]

Воҳада ташкил этилган экологик веломарафонда профессионал ва ҳаваскор спортчилар, кекса ёшдаги ҳаваскорлар фаол иштирок этди.

– Вилоятда экологик хайрия веломарафони ўтказилишини эшитиб, унда иштирок этишга аҳд қилган эдим, – дейди Термиз туманилик 64 ёшдаги Х. Тилавов. – Бу билан спортнинг инсон саломатлигини мустаҳкамлашдаги ўрни ва экологик барқарорликнинг юрт тараққиётидаги аҳамиятини тарғиб қилишга, Оролбўйи овулларидаги аҳоли турмуш даражасини яхшилашга, Мўйноққа мадад бўлишга ўз ҳиссамни қўшаётганимдан бахтиёрман.  

Экологик веломарафон иштирокчилари Термиз шаҳри марказидаги яшил майдонда тантанали кутиб олинди. Ғолиблар ва фаол қатнашган велоспортчиларга диплом ҳамда эсдалик совғалар топширилди.

 

Холмўмин МАМАТРАЙИМОВ, ЎзА