English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Мўйноқнинг замонавий қиёфаси
15:22 / 2022-07-22

Президентимиз раҳбарлигида Оролбўйининг чекка ҳудудларидан бири бўлган Мўйноқ туманини комплекс ривожлантириш борасида кенг қамровли ишлар амалга оширилмоқда.

Буни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 16 январдаги “Қорақалпоғистон Республикасининг Мўйноқ туманини комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастури тўғрисида”ги қарори асосида амалга оширилган ишлар мисолида кўришимиз мумкин.

[gallery-8002]

Қарорга мувофиқ, 2019-2021 йилларда жами 105 та лойиҳани амалга ошириш орқали 2179 та янги иш ўрни яратилиши белгиланган эди. Шундан 176 миллиард 712 миллион сўмлик инвестиция ўзлаштирилиши ҳисобидан 78 та лойиҳани амалга ошириш орқали 451 та янги иш ўрни яратилди. Жумладан, саноат соҳасидаги лойиҳаларнинг бири “MOYNOQ MINERAL TUZI” масъулияти чекланган жамияти томонидан умумий қиймати 40 миллиард сўм бўлган экстра тузлари ва уларни қадоқлаш учун полипропилен қоплар ишлаб чиқариш лойиҳаси, хизмат кўрсатиш соҳасида “MOYNAQ METAN” масъулияти чекланган жамияти томонидан умумий қиймати 3 миллиард 500 миллион сўм бўлган автомобилларга қисилган (метан) газ қуйиш шохобчасини ташкил этиш лойиҳаси амалга оширилди.

Қарорга мувофиқ, 2019-2021 йиллар давомида комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурига 1 триллион 485 миллиард сўм маблағ ажратилиши белгиланган бўлса, шундан йўл-транспорт инфратузилмасини ривожлантириш бўйича 6 та объектда умумий қиймати 51 миллиард 430 миллион сўмлик, электр таъминоти соҳасидаги 4 та объектда умумий қиймати 9 миллиард 289 миллион сўмлик, ичимлик суви ва оқова сув таъминотидаги 10 та объектда смета баҳоси 36 миллиард 869 миллион сўмлик, мактабгача таълим ва умумтаълим соҳасидаги 17 та объектда смета баҳоси 57 миллиард 697 миллион сўмлик, соғлиқни сақлаш соҳасига тегишли 9 та объектда 13 миллиард 367 миллион сўмлик, маданият соҳасидаги 6 та объектда 29 миллиард 411 миллион сўмлик, болалар спортнинг ривожлантириш жамғармаси ҳисобидан 4 та объектда 16 миллиард 910 миллион сўмлик ва бошқа объектларда қурилиш, реконструкция ишлари олиб борилди.

Натижада туман марказида ихтисослаштирилган инновация мактаби, туман санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати бўлими, болалар мусиқа ва санъат мактаби, очиқ театр, спорт мактаби, ёпиқ сузиш ҳавзаси, ёшлар маркази, аэропорт биноларининг қурилиши, маданият бўлими биноси, футбол майдончаси фойдаланишга топширилди.

Шунингдек, “Қишлоқ қурилиш инвест” масъулияти чекланган жамияти инжиниринг компанияси томонидан 20 та кўп қаватли турар жой қурилиб, ўз эгаларига топширилди.

2022-2026 йилларда Орол денгизининг суви қуриган туби ва Оролбўйи ҳудудларида 1000 гектар майдонда “яшил қопламалар” — ҳимоя ўрмонзорларини барпо этиш бўйича Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 18 январдаги “Орол денгизининг суви қуриган тубида ва Оролбўйи ҳудудларида “яшил қопламалар” — ҳимоя ўрмонзорлари барпо этишнинг қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” қарори қабул қилинди. Ҳозирги кунда Орол денгизининг қуриган тубида 100 минг гектар майдонда саксовул, қорабуроқ, қандим ва бошқа тузга чидамли ўсимликларни экиш ишлари олиб борилмоқда.

Давлатимиз раҳбарининг топшириғига мувофиқ, мамлакатимизнинг вилоятлари Оролбўйини ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришни жадаллаштириш мақсадида Қорақалпоғистондаги туманларга бириктирилган. Шу жумладан, туманга бириктирилган  Тошкент вилояти томонидан 2022-2023 йиллар мобайнида саноат, хизмат кўрсатиш ва қишлоқ хўжалиги соҳаларида умумий нархи 860,1 миллиард сўмлик 54 та лойиҳа амалга ошириш режалаштирилган бўлиб, ушбу лойиҳаларнинг амалга ошиши натижасида 1600 та янги иш ўрни яратилади.  

Довуд Абибуллаев, Мақсад Ҳабибуллаев (сурат), ЎзА