Мўйноқда ноқонуний балиқ овланганлиги аниқланди
Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги Экотуризм ва овчиликни ривожлантириш департаменти тасарруфидаги Қорақалпоғистон Республикаси Мўйноқ туманида жойлашган Қозоқдарё давлат ўрмон-овчилик хўжалиги инспекторлари томонидан навбатдаги назорат рейд тадбирида ноқонуний балиқ овлаш ҳолати аниқланди.
Жумладан, рейд тадбири давомида “Cobalt” автомашинаси тўхтатилиб, кўздан кечирилганда, унинг юкхонасидан ноқонуний овланган 20 дона илонбош, 13 дона товонбалиқ ва 15 дона зоғора балиқ топилди. Ҳуқуқбузарлик натижасида табиатга 11 миллион 906 минг 800 сўм миқдорида зарар етказилганлиги маълум бўлди.
Мазкур ҳолат юзасидан далолатнома расмийлаштирилиб, барча ҳужжатлар тегишли чора кўриш учун судга юборилди.
Довуд Абибуллаев, ЎзА