Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Мўйноқда илмий-тадқиқот станцияси очилди
16:52 / 2025-12-02

Орол денгизининг қуриган тубида юзага келаётган долзарб экологик муаммоларни илмий асосда ҳал этишга қаратилган амалий тадқиқотлар учун Мўйноқ тумани марказидан 65 км узоқликдаги ҳудудда махсус илмий-тадқиқот станцияси очилди.

Шу муносабат билан ўтказилган тадбирда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси раиси Аманбай Оринбаев, Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазири Иброҳим Абдураҳмонов ва Инновацион ривожланиш агентлиги директори в.б. Асрор Норов ҳамда Қорақалпоғистон Республикасидаги олий ўқув юртлари ректорлари, бу ерда амалга оширилаётган илмий тадқиқот лойиҳаларининг раҳбарлари ва лойиҳа ижрочилари иштирок этишди.

Таъкидланганидек, Президентимиз раҳбарлигида Оролбўйи ҳудудида аҳоли турмуш даражасини яхшилаш, экологик барқарорликни таъминлаш ва маҳаллий экотизимни тиклашга қаратилган кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.

Давлатимиз раҳбарининг 2022 йилда Қорақалпоғистон Республикасига ташрифи давомида Оролбўйида экологик ва илмий тадқиқотлар олиб бориш ҳамда мавжуд муаммоларга самарали ечим топиш бўйича устувор вазифалар белгиланган эди. Шу асосда ўтган йиллар давомида умумий қиймати 15,7 миллиард сўмлик 17 та лойиҳа молиялаштирилган бўлса,  жорий йилда 57,1 миллиард сўмлик 21 та лойиҳа амалга оширилмоқда.

Шундай лойиҳалар қаторида фойдаланишга топширилган станция экологик тиклаш ишларини самарали назорат қилиш, шўрга чидамли ўсимликлар ўсишини кузатиш ва самарали илмий тадқиқот ишларини олиб боришда муҳим ҳисобланади.  

Янги станция нафақат табиатни муҳофаза қилиш, балки минтақадаги илмий тадқиқотлар ва экологик изланишлар учун марказ сифатида хизмат қилади ва Оролбўйи ҳудудининг барқарор ривожланишига муносиб ҳисса қўшади.

Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири