Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси ва Вазирлар Кенгаши, Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси, «Ватанпарвар» ташкилоти томонидан Мўйноқ туманида жорий йил 18-20 июнь кунлари «Rally Muynak-2021» автомобиль спорт мусобақаси ўтказилади.
Мусобақалар: Двигатель ҳажми 1600 см кубгача «А-8» автомобиль класси бўйича, Двигатель ҳажми 2000 см кубгача «А-9» автомобиль класси бўйича ва Двигатель ҳажми 2000 см кубгача «Багги» бўйича, шунингдек, Двигатель ҳажми 500 см кубгача мотоцикллар бўйича ўтказилади.
Ралли мусобақаси Маёқ (Мўйноқ шаҳри) – Қаражар тушарлиги – Устюрт платоси – Оқтумшиқ (Орол денгизи ғарбий соҳили) – Маёқ (Мўйноқ шаҳри) маршрути бўйича амалга оширилади. Масофа тахминан – 400-450 км.
Ташкилотчиларнинг таъкидлашича, мусобақага Россия ва Қозоғистон давлатларидан ҳам иштирок этишни истаганлар чиқмоқда.
Мусобақада иштирок этишни хоҳлайдиган спортчилар 2021 йил 6 июнь санасигача Тошкент шаҳри, Юнусобод тумани, 17-квартал, «Промзона» манзилида жойлашган ташкилотчиларга олдиндан буюртма бериши керак. Барча спортчиларга ва техникаларга (автомобиль, мототцикл, багги) махсус талаблар қўйилади.
2021 йил 6 июндан бошлаб Ралли штабы Қўнғирот тумани, С.Алланиязов кўчасида жойлашган «Ватанпарвар» клубида фаолиятини бошлайди.
Маълумот учун, Мўйноқда Ралли мусобақаси бундан олдин 2019 йил 2-4 майда ўтказилган эди. Автопойгада барча вилоятлар ва Қозоғистон Республикасидан жами 120 дан ортиқ спортчи 70 га яқин авто-мото транспортларида иштирок этиб, 440 км масофани босиб ўтган эди. Мусобақанинг биринчи ўрин соҳибларига Президент совғаси (Nexia, Spark автомобиллари), қолган ғолиб ва иштирокчиларга ҳам қимматбаҳо совғалар берилган эди.
Е.Қаноатов, ЎзА