Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Мотуридия таълимотини ўрганиш: ўтмиш ва бугун
15:56 / 2020-12-10

Президентимиз жорий йил аввалида Олий Мажлисга Мурожаатномасида мамлакатда “жаҳолатга қарши — маърифат” деган эзгу ғоя асосида ислом динининг инсонпарварлик моҳиятини, тинчлик ва дўстлик каби олижаноб мақсадларга хизмат қилишини тарғиб этиш кун тартибидаги асосий масалалардан бири бўлиб қолишини таъкидлаганди.

Мурожаатномада ҳадис илмининг султони Имом Бухорий, калом илми асосчиси Aбу Мансур Мотуридий ва Aбу Муин Насафийнинг ҳаёти, илмий меросига бағишланган ҳамда диний бағрикенглик мавзуларида халқаро илмий-амалий конференциялар ва бошқа тадбирлар ўтказилиши кераклиги алоҳида қайд этилди.

Мазкур йўналишда ислоҳотлар давом этиб, давлатимиз раҳбарининг жорий йилнинг 11 август куни “Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот марказини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.

Унга мувофиқ, Ўзбекистон халқаро ислом академияси ҳузурида давлат муассасаси шаклидаги Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот маркази ташкил этилди. Марказ фаолиятига кўра, Имом Мотуридий фаолиятини ўрганиш воситасида бебаҳо меросни халққа, ёшларга етказиш муҳим вазифа ҳисобланади.  

Шу мақсадда исломий илмлар, хусусан, калом илми тарихи ва унинг бугунги кундаги аҳамиятини илмий тадқиқ этиш соҳасидаги халқаро ҳамкорликни кучайтиришга қаратилган анжуман, конференция, давра суҳбатлари ташкил этилмоқда.

Ана шундай тадбирлардан бири Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот марказида бўлиб ўтди. “Мотуридия таълимотини ўрганиш: ўтмиш ва бугун” мавзусида ўтказилган илмий семинарда Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот маркази директори Давронбек Мақсудов, марказ илмий ходимлари, Ўзбекистон халқаро ислом академияси профессор-ўқитувчилари, мисрлик мотуридийшунос олим, доктор Аҳмад Саъд-Даманҳурий, тадқиқотчилар ҳамда талабалар иштирок этди.

Онлайн тадбирда Мисрнинг ал-Азҳар университети таниқли мотуридийшунос олими Абдуллоҳ Муҳаммад Абдуллоҳ Исмоил талабаларга “Мотуридия таълимотини ўрганиш: ўтмиш ва бугун” мавзусида маъруза қилди.  

Кўҳна Самарқанднинг Мотурид қишлоғида туғилиб вояга етган Абу Мансур ал-Мотуридий тафсир, ҳадис, фиқҳ, мантиқ каби илмлар равнақига улкан ҳисса қўшган аллома ҳисобланади. У нафақат Марказий Осиёда, балки бутун ислом оламида ўзининг муносиб ўрнига эга бўлган мутафаккирлардан бири бўлган. Имом Абу Мансур Мотуридий ўша давр муҳити тақозосига кўра, ислом динининг асл моҳиятини очиб бериш ва таълимоти софлигини сақлаб қолиш борасида мантиқий-рационал далиллаш услубини қўшимча тарзда киритиб, адашган оқимларнинг қарашларига нисбатан улар томонидан келтирилган ҳужжатлар шаклига муносиб ва улар томонидан тан олиниши мумкин бўлган йўсинда раддиялар берган ҳамда шу зайлда ҳанафий мазҳабини услуб жиҳатидан бойитган. Олимнинг бу хизмати катта тарихий иш саналиб, у ҳанафий мазҳаби доирасида амалга оширилган. Натижада ақоид илми бўйича ўзига хос мактаб юзага келган.

Мутафаккир “Китоб ат-Тавҳид” (“Аллоҳни ягона деб билиш ҳақидаги китоб”), “Китоб ал-Мақомат”, “Каъбий залолатларининг бошланишини рад қилишга бағишланган китоб”, “Муътазила ғавғолари ва ундан қўрқмаслик ҳақидаги китоб баёни”, “Қуръон таъвили китоби”, “Шариат асослари”, “Китоб ал-жадал”, “Диалектика ҳақида китоб” каби асарларни ёзиб қолдиради.

Илмий семинарда таниқли мотуридийшунос олим Абдуллоҳ Муҳаммад Абдуллоҳ Исмоил мотуридия таълимотига оид Имом Абу Мансур ал-Матуридийнинг “Рисала фи ат-Тавҳид”, Имом Абулмуъин ан-Насфийнинг “Баҳр ал-Калам”, Абулбаракот ан-Насфийнинг “Уъмда ал-ақоид” ва “ал-Эътимод фи ал-эътиқод”, Абу Исҳоқ ас-Саффар ал-Бухорийнинг “Талхис ал-адилла”, Имом Ҳасан ибн Абу Бакр ал-Мақдисийнинг “Ғоя ал-маром фи шарҳ Баҳр ал-калом”, Шамсуддин Самарқандийнинг “ал-Маориф фи шарҳ ас-Саҳоиф”, Имом Нуруддин ас-Сабунийнинг “ал-Бидоя фи усул ад-дин” ва “ал-Кифоя фи ал-Ҳидоя” каби бирламчи манбалар ҳақида алоҳида тўхталиб, уларнинг ислом динини тўғри тушунишдаги муҳим аҳамиятига урғу берди.

Тадбирда иштирокчилар Имом Мотуридийнинг асарлари бугунги кунда ҳам ўз аҳамияти ва долзарблигини йўқотмаганини, нодир қўлёзмаларда ёзилган бебаҳо илмни ёшларга етказиш, уларни эзгу умуминсоний ғоялар руҳида тарбиялаш, уларда маънавий ва маърифий қарашларимизга ёт бўлган зарарли таъсирларга қарши мафкуравий иммунитетни шакллантириш кераклигини қайд этди.

Мухтасар айтганда, алломанинг маҳзан битикларини ўрганиш ва кенг тарғиб этиш бугунги кун учун ҳам муҳим аҳамият касб этиб, юртимиз олимлари томонидан олиб борилаётган илмий тадқиқотлар, ўтказилиб келинаётган семинарлар бу борадаги ишларни янги босқичга олиб чиқиши шубҳасиз.

 

Н.Усмонова,  ЎзА