Ўлган деб ҳисобланган ҳиндистонлик ўликхонанинг музлатгич камерасида етти соат ётгандан кейин “ҳаётга қайтди”, деб хабар бермоқда IANS нашри.
Ҳиндистоннинг Морадобод шаҳрида 40 ёшли электрик Шрикеш Кумарни йўлда мотоцикл уриб юборган. Врачлар унинг ўлганини тасдиқлаган ва жасадини ўликхонага жойлаштирган.
Марҳумнинг қариндошлари эркакни таниган ва ёриб кўришга рози ҳам бўлган. Марҳум музхонада 7 соат ётгандан кейин унинг нафас олаётганини келини сезиб қолган.
"Тез ёрдам ходими беморни соат тунги учда текширган, ўшанда унинг юраги урмаётган эди. У марҳумни бир неча бор текширгандан кейин ўлган, деб ҳисоблаган, бироқ эрталаб полиция ва унинг оила аъзолари Кумар тирик эканини таъкидлашган. Энди бизнинг устувор вазифамиз унинг ҳаётини сақлаб қолиш", — дейди доктор Шив Сингх.
Ҳозир Кумар Мируте тиббиёт марказида даволанмоқда, унинг ҳолати бироз яхшиланган, лекин “ҳали ўзига келмаган”. Энди Кумарнинг оиласи врач устидан юқори органларга шикоят қилмоқчи.