Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
“Мотамсаро она” ҳайкали пойига гулчамбарлар қўйилди
15:49 / 2026-01-14

Тинч юртга байрамлар ярашади, дейди доно халқимиз. Аммо бу тинчлик, осойишталик ва фаровон ҳаёт қандай буюк қурбонликлар эвазига қўлга киритилгани ҳеч қачон унутилмаслиги лозим.

Ана шу эзгу ғоялар мужассам бўлган муқаддас маскан – Қарши шаҳридаги “Мотамсаро она” ҳайкали пойига бугун кенг жамоатчилик вакиллари жам бўлди.

Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил этилганлигининг 34 йиллиги ҳамда “Ватан ҳимоячилари куни” муносабати билан ўтказилган тадбирда вилоят ҳокимлиги, ташкилот ва корхоналар, муассасалар раҳбарлари, ҳарбий қисмлар қўмондонлари, фахрийлар ҳамда фуқаролар иштирок этди. Ҳарбий оркестрнинг тантанали садолари остида “Мотамсаро она” ҳайкали пойига гулчамбарлар қўйилди.

Ушбу маросим Ватан ҳимояси йўлида жон фидо қилган мард ўғлонлар хотирасига бўлган чуқур эҳтиром, тинчлик неъматининг қадрини англаш ва уни асраб-авайлашга бўлган қатъий ироданинг рамзи бўлди. “Мотамсаро она” тимсоли ҳар бир қалбга бир туйғуни эслатади: тинчлик учун биз нима қиляпмиз?

[gallery-27113]

Бугунги кунда Қуролли Кучларимиз мамлакат хавфсизлигини таъминлаш, юртимиз осмонини мусаффо сақлаш йўлида фидойилик билан хизмат қилмоқда. Ана шу жасорат, садоқат ва масъулият туйғуси келажак авлодга ҳам ибрат бўлиб хизмат қилади. Гулчамбарлар қўйиш маросими эса халқимиз хотирасида ўчмас из қолдирган қаҳрамонларга эҳтиром, ҳозирги авлоднинг миннатдорлик изҳори сифатида юракларга чуқур ўрнашди.

Ўлмас Баротов, Жамшид Норқобилов (сурат), ЎзА мухбирлари