Халқаро хотин-қизлар куни муносабати билан юртимизда мўътабар онахонлар ҳолидан хабар олиш, уларни эъзозлаш ва қадрлашга қаратилган эзгу тадбирлар изчил давом этмоқда.
Бухоро вилоят ҳокими Ботир Зарипов номидан Ғиждувон туманида истиқомат қилаётган фахрий онахонлар ҳолидан хабар олинди. Туман ҳокими Фарҳод Умаров ҳамда нуронийлар иштирокида бир қатор мўътабар кексалар хонадонига ташриф буюрилиб, улар байрам билан муборакбод этилди.

Жумладан, туман раҳбарияти Миракон маҳалласи Явожин аҳоли пунктида истиқомат қилувчи, 102 ёшни қаршилаган мўътабар онахон Турсун Расулова хонадонида бўлди. Онахонга Бухоро вилоят ҳокимининг ташаккурномаси ҳамда эсдалик совғаси тантанали равишда топширилди.
Бир асрдан зиёд умрни ҳалол меҳнат, сабр ва матонат билан ўтказган Турсун онахон бугун катта ва файзли сулоланинг бошида турибди. Унинг 2 нафар қизи ва 4 нафар ўғли бор. Бугунги кунда онахон 25 нафар набира, 52 нафар эвара ҳамда 7 нафар чеваранинг меҳри ва ҳурмати қуршовида умр кечирмоқда. Унинг ҳаётий тажрибаси, сабр-тоқати ва донолиги бутун авлод учун ибрат мактабига айланган.

Шунингдек, туман мутасаддилари Мустақиллик маҳалласи Оқтепа аҳоли пунктида истиқомат қилаётган, 104 ёшни қарши олган Махсума ая Аҳмедова хонадонида ҳам бўлиб, онахонни байрам муносабати билан муборакбод этди. Онахонга ҳам вилоят ҳокими номидан самимий табриклар етказилиб, эсдалик совғалари топширилди.
Махсума ая бутун умрини фарзандлар тарбияси, оилавий қадриятларни асраб-авайлаш ва меҳнат билан яшашга бағишлаган мўътабар онахонлардандир. У 11 нафар фарзандни вояга етказиб, уларга тўғри тарбия берган. Бугун эса онахоннинг 75 нафар набираси, 37 нафар эвараси ва 15 нафар чевараси бор. Бу улкан сулола онахоннинг меҳр-муҳаббати, сабр-тоқати ва ҳаётий донолиги билан бунёд этилган мустаҳкам оила қадриятларининг ёрқин намунасидир.

Самимий учрашувлар давомида мўътабар онахонлар юртимиз тинчлиги, халқимиз фаровонлиги ва мамлакатимиз равнақи учун дуолар қилди. Шунингдек, уларга кўрсатилаётган юксак эътибор ва ғамхўрлик учун давлатимиз раҳбарига ўзларининг самимий миннатдорликларини билдирди.
Кексаларни эъзозлаш, уларга ҳурмат ва эҳтиром кўрсатиш халқимизнинг азалий ва муқаддас қадриятларидан биридир. Юз йиллик умр соҳибаларининг дуоси эса эл-юртимиз тинчлиги, фаровонлиги ва келажак авлод камоли учун энг катта барака ҳисобланади. Шу боис, мўътабар кексаларимизга ғамхўрлик кўрсатиш, уларнинг ҳолидан хабар олиш ва қадрига етиш ҳар биримиз учун юксак инсоний бурчдир.

Зариф Комилов, ЎзА мухбири