Arabic
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Мўътабар, мунис аёллар
15:03 / 2021-03-04

Сайёра Шарофовнани кўпчилик отасининг қизи, дейди.

Дарҳақиқат, умрини илм-маърифатга сарфлаган опанинг қош-кўзлари, нурли чеҳраси, камтарлик, одамгарчилик, инсонийлик, меҳнатсеварлик ва интизомлилиги ҳам таниқли жамоат арбоби Шароф Рашидовнинг ўзгинаси.

8 март — Халқаро хотин-қизлар куни арафасида Фанлар академияси Полимерлар кимёси институти директори Сайёра Рашидова мамлакатимизнинг бир гуруҳ фидойи аёллари қатори "Мўътабар аёл" нишонига муносиб топилди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академиясида "Мўътабар аёл" кўкрак нишонини ўз соҳибаларига топшириш маросими бўлиб ўтди. Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги томонидан ушбу нуфузли мукофот бир гуруҳ аёлларга тантанали равишда топширилди.  

Тадбирда Олий Мажлис Сенати Раиси, Гендер тенгликни таъминлаш масалалари бўйича комиссия раиси Танзила Норбоева, Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирининг биринчи ўринбосари Гулнора Маърупова ва бошқалар мамлакатимизда аёллар ва қизларга наинки байрамларда, балки мунтазам эътибор қаратилаётгани кўплаб амалий ишларда яққол намоён бўлаётганини таъкидлади.  

Дарҳақиқат, аёллар, оналарга ҳурмат-эҳтиром кўрсатиш, қизларини ардоқлаш миллий табиатимизда азалдан устуворлик касб этади. Мамлакатимизда илм-фан, маданият ва санъат, таълим, тиббиёт, ишлаб чиқариш, қишлоқ хўжалиги каби жабҳаларда меҳнат қилаётган опа-сингилларимизни муттасил қўллаб-қувватлашга алоҳида аҳамият қаратилмоқда.

[gallery-1396]

Президентимизнинг тегишли фармонига мувофиқ, "Мўътабар аёл" кўкрак нишони таъсис этилгани жамият ва давлат ҳаётида фаоллик ва ташаббускорлик кўрсатган, ўзининг самарали меҳнати билан оиланинг шаклланиши ва фаровонлиги мустаҳкамланишига ҳисса қўшаётган аёлларни рағбатлантиришда муҳим омил бўлмоқда.

Оналик ва болалик муҳофазасига муносиб ҳисса қўшган, шунингдек, соғлом ва баркамол авлодни вояга етказиш, уларни ватанпарварлик ва истиқлол ғояларига садоқат руҳида тарбиялаш, жойларда маънавий-ахлоқий муҳитни соғломлаштириш ва миллий қадриятларимизни кенг тарғиб этиш борасида ибратли фаолият олиб бораётган хотин-қизларни муносиб тақдирлашда ушбу мукофотнинг аҳамияти катта бўлмоқда.

Шу кунгача 577 нафар аёл ушбу нишон билан тақдирланган. Жорий йилда ибратли фаолият кўрсатаётган, оиласидаги маърифий муҳит билан барчага ўрнак бўлаётган 761 нафар аёлнинг тегишли ҳужжатлари мазкур кўкрак нишони билан тақдирланиш учун тузилган республика комиссиясига тақдим этилган. Республика комиссияси томонидан мазкур номзодлар орасидан 279 нафар аёл "Мўътабар аёл" кўкрак нишони билан тақдирланди. Улар сафида Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги ходими Зубайда Маматованинг борлиги ҳам қувончлидир.

... Ёнгинамда ўтирган аёл Чилонзор тумани ободонлаштириш бошқармаси фарроши Шоҳиста Расулова ҳам "Мўътабар аёл" кўкрак нишонига муносиб топилди. Кўчаю хиёбонларнинг кўркам, саришталиги Шоҳиста опадек меҳнатсевар онахонларнинг фидойилигидан. Қўли қадоқ, кўзи ёшга тўла мушфиқ аёл мукофотни олиб жуда ҳаяжонланди.

– Тонг саҳардан кўчаларни озода бўлишига астойдил ҳаракат қиламиз, – деди Ш.Расулова. – Йигирма икки йилдан буён фаррошлик қиламан. Камтарона, оддийгина меҳнатим шундай қадрланганидан жуда суюндим.

Мукофотни тақдирланганларга Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раиси Т.Норбоева топширди.

Мукофотланганлар кўрсатилаётган эътибор учун Президентимизга миннатдорлик билдирди.

Ҳудудлардаги ўз соҳасининг фидойи, садоқатли, етакчи аёлларга ушбу мукофот ҳокимликлар томонидан тантанали тарзда топширилмоқда.  

Тадбирда Муқимий номидаги Ўзбекистон давлат мусиқали театри жамоасининг бадиий-мусиқий дастури намойиш этилди.

Назокат Усмонова, ЎзА