Халқимизда аёл-қизларга қадимдан азиз ва мўътабар деб қаралган. Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан кейинги йилларда аёлларга эҳтиром кўрсатиш борасидаги ишлар янгича маъно-мазмун билан бойиди.
“Мўътабар аёл” кўкрак нишонининг таъсис этилгани меҳнат, ижод ва изланишда, фарзандлар тарбиясида кўпчиликка ибрат бўлаётган аёлларга кўрсатилаётган эҳтиромнинг яна бир амалий намунасидир.
[gallery-27968]
Пойтахтимиздаги “Ўзбекистон” халқаро форумлар саройида мазкур кўкрак нишонига жорий йилда сазовор бўлган аёлларни тақдирлашга бағишланган тантанали тадбир бўлиб ўтди.
Тантанали тадбирда таъкидланганидек, Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси асосида мамлакатимизда аёл-қизларни ардоқлаш, уларни кучли ижтимоий ҳимоя қилишнинг янги, амалий механизми яратилди. Аёлларни ўйлантираётган масалалар жойларда ҳал этилишига катта эътибор қаратилмоқда. Олий таълимда қизларнинг қамрови кескин ошди. Илм-фан, адабиёт, санъат, ишлаб чиқариш, аграр соҳа ва тадбиркорлик йўналишида меҳнат қилаётган опа-сингилларимизнинг хизмати муносиб рағбат ва эътирофга сазовор бўлмоқда.
Бу жараёнда “Мўътабар аёл” кўкрак нишонининг таъсис этилгани оқила, ғайратли, меҳнатсевар аёлларимизни шарафлашда, уларнинг фаолиятини қўллаб-қувватлашда муҳим омил бўлмоқда.
[gallery-27969]
Жорий йил ҳам мамлакатимиз аёлларининг катта гуруҳи ана шу кўкрак нишонга муносиб кўрилди. Эътиборга молик жиҳати шундаки, улар сафида Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги — ЎзА Таржима таҳририятининг етакчи таржимони Нигора Юсупова ҳам бор. Зеро, ўз ишининг устаси бўлган Нигора опа қисқа фурсатда жамоада обрў-эътибор қозонди, меҳнатлари юксак эътироф этилди.
Тантанали тадбирда Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари — Оила ва хотин-қизлар қўмитаси раиси Зулайҳо Маҳкамова “Мўътабар аёл” кўкрак нишонини ўз эгаларига топширди.
Мукофотланганлар аёлларга кўрсатилаётган эътибор ва эъзоз учун миннатдорлик билдирдилар.
Назокат Усмонова, Сарвар Ўрмонов (сурат), ЎзА мухбирлари