Алишер Навоий таваллуди муносабати билан Москвадаги ёдгорлиги пойида бўлган тадбир бўлиб ўтди. Унда иштирок этганлардан бири – «Олимстрой» компанияси раҳбари Олимжон Эшмаматов.
Москва улкан мегаполис. Минглаб иморатлар қурилмоқда. Компания офиси шаҳарнинг нуфузли қисмидаги кўркам бинода жойлашган. Лойиҳачи ва мутахассислар асосан ёшлар. Бу ерда аслида қуриладиган иншоотнинг барча ҳисоб-китоби тайёрланади. Олимжон билан суҳбатни шу ерда давом эттирдик.
– «Олимжон строй» компанияси Москвада қандай биноларни қурган?
– Москвада ўн минг квадрат метрли савдо маркази, Кремлнинг олдидаги Кусорский кўчасида етти қаватли бизнес тоифали уй-жой қурдик. Унда ишлатилган маҳсулотлар нафақат Россия, балки Германия, Франция, Япония, Жанубий Кореяда ишлаб чиқарилган. Чиллер, кондиционер, радиаторларнинг ҳар хил энг замонавий турларини ўрнатдик. Бундан ташқари, Граф Орловнинг тарихий уйини таъмирладик. Бунинг учун бизда Маданият вазирлигининг лицензияси бор эди.
– Бир неча кун аввал Туркияда жуда катта офат рўй берди, ер силкиниши оқибатида бир қанча кўп қаватли иморатлар қулаб кетди. Авваламбор бундай офат рўй бермасин, «Олимстрой» компанияси қурган иморатлар шундай ҳолат бўлса, чидайдими?
– Фақат Москвада эмас, Сочида ҳам 10 қаватли уй қурдик. Ер қимирлаши ҳисоб-китоби олинди, 7,5-8 балга чидайди. Ишни уйнинг лойиҳасидан бошласак, аввало фундаментни мустаҳкам қуриш керак. Биз қурган иморатларда ер силкинишидан сақлаш учун хавфсизлик ёстиқчаси бор.
<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/9Jik9K9Kz9E" title="Москвадаги ўзбек: "Ўзбекистонда Москвада қурилган бинолардан ҳам гўзалроқ уйлар қурарман"" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" allowfullscreen></iframe>
– Ўзбекистонда ҳам кўп уй-жойлар қуриляпти. Уй-жойларнинг аксариятида автомобил қўйиш жойлари инобатга олинмаган. Хўш, «Олимстрой» компанияси қураётган иморатларда бу масала қандай ҳал қилиняпти?
– Биринчидан, биз автомашина турар жойини уйнинг тагида икки, уч, тўрт қават қилиб қурамиз. Нечта хонадон бўлса, ҳар бир хонадонга иккита автомобилга жой ҳозирлаймиз. Уйлар оралиғида фақат болалар учун ўйингоҳ, спорт майдончаси бўлади, у ерга автомобил қўйилмайди. Уйларга хизмат кўрсатувчи иситиш, сув тармоғи, сувоқова – буларнинг барчаси ер-тўлада туради, шу ердан бошқарилади.
– Сизда қачондир «Олимстрой»ни Ўзбекистонга кўчириб бориш ёки Ўзбекистонда шу каби гўзал иморатлар қуриш истаги пайдо бўлганми?
– 5-6 йил олдин Ўзбекистонга Франция, Япония, Жанубий Кореядан қурилиш маҳсулотларини олиб келиш қийин бўлган, негаки, эркин валюта йўқ эди. Президент ташаббуси билан конвертация йўлга қўйилди. Тадбиркорлар фаолиятини текшириш тўхтатилди. Мана, энди кечаю кундуз бемалол ишласа бўлади. Балки «Олимстрой»ни Ўзбекистонга ўтказармиз ёки бўлимини очармиз. Қурилиш материаллари ишлаб чиқариш корхонаси ташкил этиш ниятим ҳам бор. Тошкентдами, Самарқанддами ёки мен туғилиб ўсган Деновдами, Москвада қурилган бинолардан ҳам гўзалроқ уй жойлар қурарман. Ахир, бу — менинг Ватаним!
Муҳаммаджон Обидов