Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Москва ва Кванджу шаҳарларида қўшимча сайлов участкалари тузилди
16:45 / 2019-11-26

Халқаро матбуот марказида Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг навбатдаги кенгайтирилган мажлиси бўлиб ўтди.


Халқаро матбуот марказида Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг навбатдаги кенгайтирилган мажлиси бўлиб ўтди.

Унда дастлаб Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳузуридаги Ташқи меҳнат миграцияси агентлигининг Москва ва Кванджу шаҳарларидаги ваколатхоналарида қўшимча сайлов участкаларини тузиш ва уларни тегишли сайлов округларига бириктириш масаласи кўриб чиқилди.

Мажлисда Ташқи ишлар вазирлигининг тақдимномасига биноан, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳузуридаги Ташқи меҳнат миграцияси агентлигининг Москва шаҳридаги ваколатхонасида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлари сайловини ўтказувчи 54-сайлов участкаси ва Кванджу шаҳридаги ваколатхонасида сайловни ўтказувчи 55-сайлов участкасини тузиш бўйича қарор қабул қилинди.

Москва шаҳрида тузилган 54-сайлов участкаси Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлари сайловини ўтказувчи 145-Бодомзор сайлов округига, агентликнинг Кванджу шаҳрида тузилган 55-сайлов участкаси Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари сайловини ўтказувчи 146-Астробод сайлов округига бириктирилди.

Йиғилишда Корея Республикасида тузилган сайлов участкалари фаолиятини ташкил этиш ва Кореядаги ватандошларимизнинг сайловда овоз бериш ҳуқуқларини таъминлаш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳақида Ўзбекистон Республикасининг Корея Республикасидаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Виталий Фен видеоконференцалоқа орқали батафсил ахборот берди.

Кореядаги сайлов участкалари сони бугунги кунгача биттани ташкил этиб, у Сеул шаҳрида жойлашган эди. Марказий сайлов комиссияси қарорига мувофиқ Кванджу шаҳрида ҳам сайлов участкаси очилгани Кореяда истиқомат қилаётган ватандошларимизнинг сайловларда иштирок этиш имкониятини янада кенгайтиради.

Элчининг сўзларига кўра, сайловчиларнинг сайловда ўзлари хоҳлаган номзодга эркин овоз беришини таъминлаш бўйича барча шарт-шароитлар яратилмоқда. Сайлов участкаларида хавфсизлик чораларини кўриш бўйича тегишли ишлар қилинмоқда. Сайлов кодексига мувофиқ элчихона томонидан декабрь ойида бўлиб ўтадиган сайловларда иштирок этиш истагини билдирган фуқароларнинг сайловчилар рўйхатини тузиш бошланган.

Ушбу муҳим сиёсий жараёнга оид маълумотлар билан танишиш истагида бўлган Ўзбекистоннинг Кореядаги фуқаролари эндиликда элчихонанинг расмий веб-сайтидан сайлов қонунчилигидаги янгиликлар, овоз бериш манзили ва куни, вақти ҳамда бошқа кўплаб ахборотларни олиши мумкин. 

Марказий сайлов комиссиясининг “Сайлов қонунчилиги тарғиботи ойлигини ташкил этиш ва ўтказиш тўғрисида”ги қарорига мувофиқ Корея Республикасида Ўзбекистон Республикасининг фуқаролари билан меҳнат жамоалари, турли таълим даргоҳлари ҳамда ёшлар ўртасида қатор учрашувлар ўтказилди. Бундан ташқари, сайловчилар saylov.mfa.uz манзили орқали олдиндан электрон рўйхатдан ўтиши мумкин.

Маълумотларга кўра, ҳозирги кунда 2,5 миллиондан зиёд фуқароларимиз хорижга чиқиб кетган. Хорижда истиқомат қилаётган Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг сайловга оид ҳуқуқларини таъминлашга доир бир қатор ишлар қилинмоқда.

Хусусан, Ўзбекистон Республикасининг хорижий давлатлардаги дипломатик ваколатхоналари ва консуллик муассасалари ҳузурида 55 та сайлов участкаси ташкил этилди. Улар Тошкент шаҳрида тузилган Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари сайловини ўтказувчи 12 сайлов округига бириктирилди. Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигининг расмий веб-сайти орқали хорижда яшаётган Ўзбекистон фуқароларини сайловчилар рўйхатига киритиш тўғрисида электрон шаклда мурожаат қилиш имкони яратилди.

Мажлисда Ўзбекистон Республикасининг хорижий мамлакатлардаги дипломатик ва бошқа ваколатхоналарида 22 декабрда бўладиган сайловларни самарали ташкил этиш бўйича Ҳаракатлар режаси тасдиқланди. Унга кўра, хориждаги сайлов участкаларининг сайловчилар рўйхатини шакллантириш, хориждаги участка сайлов комиссиялари томонидан муддатидан олдин кўчма сайлов қутисида овоз беришни ташкил этиш, сайлов куни амалга ошириладиган вазифалар ва овозларни санаш қоидалари батафсил ёритилган.

Хусусан, сайловчиларнинг бирламчи рўйхатини тузишда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат персоналлаштириш маркази хорижий давлатларга чиқиб кетган Ўзбекистон фуқаролари тўғрисидаги маълумотларни мамлакатлар кесимида шакллантиради ҳамда Ташқи ишлар вазирлиги ва Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлигига электрон шаклда тақдим этади.

Хориждаги участка сайлов комиссияси сайловчиларнинг бирламчи рўйхати билан танишиш усуллари, жойи, вақти ва сайловчилар рўйхатида йўқ фуқароларни унга киритиш тартиби тўғрисида дипломатик ваколатхоналарнинг расмий веб-сайтлари орқали сайловчиларни хабардор этади.

Мажлисда қайд этилганидек, бу йилги сайловларда Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотига аъзо бўлган 57 давлатдан 250 нафарга яқин қисқа муддатли, 30 нафар узоқ муддатли, шунингдек, бошқа давлат ва хақаро ташкилотлардан 300 га яқин, жами 600 нафардан зиёд кузатувчи иштирок этиши кутилмоқда.

Ташқи ишлар вазирлигининг тақдимномасига мувофиқ МДҲ давлатлари миссиясидан 7 нафар ва ЕХҲТнинг Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси миссиясининг 42 нафар халқаро кузатувчиси аккредитациядан ўтказилди.

Марказий сайлов комиссияси томонидан сайлов кампаниясини ёритиш юзасидан мамлакатимиз ва чет эл журналистларини аккредитациядан ўтказиш масалалари давом этмоқда. 2019 йилнинг 26 ноябрь ҳолатига кўра, аккредитациядан ўтказилган маҳаллий оммавий ахборот воситалари вакиллари сони 233 тага етди. Худди шундай ваколатга эга бўлган хорижий оммавий ахборот воситалари вакиллари сони эса 67 тани ташкил этмоқда.

Мажлисда, шунингдек, комиссия аъзолари Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасига сайлов ўтказувчи 87-Ангрен округ сайлов комиссияси таркибига ўзгартириш киритиш масаласи кўриб чиқилди. Унга кўра Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасига сайлов ўтказувчи 87-Ангрен округ сайлов комиссияси раиси Фурқат Исроилов берган шахсий аризасига мувофиқ, ўз вазифасини бажаришдан озод қилинди.

Халқ депутатлари Тошкент вилояти Кенгашининг тавсиясига кўра ушбу округ сайлов комиссия раисининг ўринбосари Эсанали Карабаев комиссия раиси, Ангрен транспорт ва хизмат кўрсатиш касб-ҳунар коллежининг ўқув ишлари бўйича директор ўринбосари Абдуҳаким Маматалиев комиссия раисининг ўринбосари этиб тайинланди.

Мажлисда Марказий сайлов комиссиясининг ваколатига кирадиган бошқа масалалар ҳам кўриб чиқилди.