Маълумки, жорий йил 22 март куни кечқурун Москва вилояти ҳудудидаги “Crocus City Hall” концерт залида Россия тарихидаги энг қонли терактлардан бири юз берди. Бир неча қуролланган шахс мажмуага бостириб кириб, оломонни ўққа тутди, кейин бинони ёқиб юборди.
Пойтахт вилояти Соғлиқни сақлаш департаменти сўнгги маълумотига кўра, ҳодиса туфайли ҳалок бўлганлар сони 150 нафардан ошди, 200 га яқин одам ҳамон шифохонада. Россия тергов қўмитаси ҳолат бўйича аллақачон жиноят иши қўзғатилганини айтди.
Воқеа муносабати билан кўплаб давлат раҳбарлари, халқаро тузилмалар етакчилари Россия халқига ҳамдардлик билдириб, таъзия изҳор этмоқда. Жумладан, Президент Шавкат Мирзиёев ҳам Владимир Путин билан телефон орқали мулоқотда теракт қурбонлари хотираси учун Россия халқига чуқур ҳамдардлик билдирди.
Москвадаги элчихонамиз маълум қилинишича, қурбонлар орасида ўзбекистонликлар аниқланмаган.
Теракт бўйича кўп саволлар пайдо бўляпти. Халқаро сиёсий таҳлилчилар бу борада турли хил тахминларни илгари сурмоқда. Москва шаҳри Басман суди гумондор сифатида тожикистонлик 4 нафар шахсни ҳибсда ушлаб турибди. Уларга террор хуружини уюштириш айби қўйиляпти. “Украина Россия ичидаги терактни қўллаб-қувватлади” мазмунидаги иддаолар ҳам мавжуд. Ҳодиса учун жавобгарликни ИШИДнинг Афғонистондаги бўлинмаси – ИШИД-Хуросон ўз зиммасига олди, деб ёзди “The New York Times” нашри.
АҚШнинг Москвадаги элчихонаси жорий йил 7 март куни мурожаат билан чиқиб, экстремистлар томонидан пойтахтда аҳолининг йирик йиғинлари, жумладан концертлар нишонга олинаётгани ҳақида маълумотлар борлигини қайд этиб, АҚШ фуқароларига кейинги 48 соат ичида йирик йиғинларда иштирок этмасликни тавсия қилган. Шунингдек, Америка разведкаси Россияни “Исломий давлат” (ИШИД) террор гуруҳи мамлакат ҳудудида терактлар уюштиришни режалаштираётганидан ҳам огоҳлантирган.
Украина эса терактга алоқаси йўқлигини айтиб чиқди. Президент девони раҳбари маслаҳатчиси Михаил Подолякнинг махсус видео мурожаатида айтилишича, Украина ҳеч қачон террор усулларидан фойдаланмаган.
Россия Хавфсизлик кенгаши раиси ўринбосари Дмитрий Медведев Москвада содир этилган терактни кескин қоралади ва агар фожиа ортида Киевнинг қўли бўлса, ўша қўл кесилишини билдирди.
- Воқеа ҳудудида хавфсизлик ҳолати етарли даражада таъминланмаганмиди?
- АҚШнинг эҳтимолий террор ҳужумидан огоҳлантиришига нега Россия бефарқ қаради?
- Агар бу терактни ИШИД қилган бўлса, нега айнан Россия танланди? ИШИДнинг Россия билан қандай ўзаро зиддияти бор?
- Терактнинг Украинага алоқаси бўлса, энди Россия, Украина ва минтақа давлатлари учун қандай оқибатни кутиш мумкин?
- Путин Россия халқига мурожаат билан чиқди. Москва энди қандай йўл тутади?
Ушбу воқеа атрофида пайдо бўлаётган саволларга жавоб топиш мақсадида бугун студиямизга сиёсий фанлар доктори Фарход Толиповни таклиф этдик.
Суҳбатни ЎзАнинг “YouTube” каналида кўришингиз мумкин.
<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/5M2SZXdMeJY" title="Moskva terakti ortida kim turibdi?" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>
Ўткир Алимов, Улуғбек Тўхтаев (видео), ЎзА