Arabic
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Москва марказида мактаблар “миналаштирилгани” ҳақда аноним хабар олгани айтилмоқда
19:45 / 2022-01-25

Москва марказидаги барча мактаблар “миналаштирилгани” ҳақида аноним хабар олинганидан кейин мутахассислар томонидан текшириб кўрилмоқда, дея маълум қилди пойтахтнинг тезкор хизмати вакили РИА Новостига.

"Москва Марказий маъмурий округида мактаблар портлатилиши ҳақида аноним таҳдидлар келиб тушди", - дейилади агентликка берилган хабарда.

Хабарда шунингдек, барча ўқув муассасалари одамларни эвакуация қилмасдан текшириб кўрилаётгани айтилади.

Сўнгги кунларда Россияда таълим масканларида бомба қўйилгани ҳақида аноним хабарларнинг навбатдаги тўлқини кузатилмоқда. Бундай хабарларни ҳозиргача Сахалин, Новосибирск, Красноярск, Керчдаги мактаблар, болалар боғчалари, олий ўқув юртлари, касалхоналар олди. Масалан, ўтган ҳафтада Россиянинг марказий федерал округида тахминан 500 та таълим муассасасига "миналаштирилгани" ҳақида огоҳлантириш келганди.

Баъзи ҳолатларда одамларни эвакуация қилишга тўғри келмоқда. Куч ишлатар тизими ходимлари текширув ўтказмоқда, бироқ хавф бирор марта ҳам тасдиқланмаган, дейилади хабарларда.

Куни кеча Благовешенскда ҳам 16 та мактаб ана шундай мудҳиш хабарни олди. Натижада мактабларда биринчи сменада ўқийдиган ўқувчилар учун машғулотлар қолдирилди, деб хабар тарқатди шаҳар мэри Олег Имамеев ўзининг Telegram-каналида.

"Ҳафта ёмон воқеа билан бошланди – бир йўла 16 та мактабга миналаштирилгани ҳақида хабар келди. Тегишли орган ходимлари мактабларни текшириб чиқмоқда, болалар ва мураббийлар яқин орадаги биноларга кўчирилди. Ушбу мактабларда биринчи смена учун машғулотларни бекор қилишга қарор қилдик. Иккинчи смена ҳақида текшириш тугагандан кейин бир қарорга келинади", - деган Имамеев Telegram-каналида.

Мэр шунингдек, ўқувчиларнинг ота-оналарига бошланғич синфлардаги ўқувчиларни олиб кетишни ва юқори синф ўқувчиларининг уйга келганини назорат қилишни сўраб мурожаат қилган.

"Айни дамда тўққизта муниципал таълим муассасаси текшириб кўрилди ва ҳеч нарса топилмади, қолганлари ҳам текширилмоқда. Мактаблардан ташқари, ўрта ва олий ўқув юртларига ҳам шундай хабарлар жўнатилган", - дейилади Благовешенск маъмурияти матбуот хизмати РИА Новостига.

- Бундай хабарлар Владивостокда ҳам кўп олинмоқда. Масалан, ўтган куни шундай хабар туфайли Невельск номидаги денгиз ишлари давлат университетида ҳам эвакуация амалга оширилган. Бундан ташқари, шаҳардаги 56 та мактабга миналаштирилгани ҳақида хабар келиб тушди, - деб маълум қилди шаҳар мэрияси журналистларга.

Бундан олдинроқ шаҳар маъмурияти душанба куни эрталаб 20 та мактабга миналаштирилгани ҳақида аноним хат келганини маълум қилган эди. Ушбу мактаблар текшириб чиқилди, хавф йўқ, дейилади хабарда.

Сахалиннинг жанубида мактаблар миналаштирилгани ҳақида хабарлар мана икки кундирки тўхтамаяпти.

- Сахалин вилоятидаги Корсаков шаҳрида бешта мактаб ва иккита боғча миналаштирилгани ҳақида аноним хабар душанба куни эрталаб келиб тушган эди, текширув ўтказилмоқда. Болалар ва ходимлар эвакуация қилинди. Махсус хизмат бинони текширмоқда, - деб маълум қилган шаҳар ҳокимияти матбуот хизмати.

Ўтган ҳафтада Корсаковдаги мактабларга ҳар куни шундай хабар келиб турганди. Вилоят марказида ўқув масканларида эвакуация амалга оширилмаган, чунки шаҳарда довул асоратларини тугатиш ишлари олиб борилаётгани боис ўқувчилар шундоғам мактабга қатнамай, масофадан туриб таълим олаётган эди. Корсаковда ҳар бир “миналаштирилган” деган хабардан кейин ўқувчилар ва бутун мактаб жамоаси кўчага олиб чиқилган. Бино кинологлар томонидан қараб чиқилган.