Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Москва “Crocus City Hall”даги теракт ва Украина зиддияти ўртасида “боғлиқлик” борлигига шама қилмоқда
10:24 / 2024-04-06

Россия Тергов қўмитаси таъкидлашича, “Crocus City Hall”да отишма содир этганлардан бирининг телефонидан топилган суратларда Украина низоси билан боғлиқ белгилар бўлиши мумкин.

Айтилишича, гумонланувчининг телефони хотирасида вайрон бўлган уйлар фонида Украина байроғи туширилган ҳарбий кийимдаги одамлар сурати, Украина почта маркаси топилган.

– Ушбу маълумотлар террор ҳаракати ва махсус ҳарбий амалиёт ўртасидаги боғлиқликка етаклаши мумкин, – деди қўмита мулозими Россия – Украина зиддиятига ишора қилиб.

Россия Украинани бир неча бор айблагани. Масалан, Владимир Путиннинг Киев ҳужумга алоқадорлиги ёки қандайдир маънода бўлажак воқеадан хабардор бўлгани ҳақидаги барча айбловларини Украина рад этган.

Ғарб ҳам Москва яқинидаги террор хуружида Украинанинг “қўли” борлигини инкор қилди. Айрим сиёсий таҳлилчилар фикрича, бу айбловлар Россиянинг Украинадаги ҳарбий ҳаракатини кенгайтириш учун баҳона бўлиши мумкин.

Маълумот ўрнида: Ўтган ой охирида Москва яқинида жойлашган концерт биноси нишонга олиниши оқибатида камида 144 киши ҳалок бўлди. Воқеадан кўп ўтмай, тожикистонлик тўрт нафар гумондор ҳибсга олиниб, Москва судида сўроқ қилинган.

Россия Украинанинг 53 учувчисиз учоғини уриб туширди

Расмий Кремль айтишича, Россия ва НАТО муносабати Украинадаги низо туфайли “тўғридан тўғри қарама-қаршилик” даражасига етган.

Куни кеча Россия Украинанинг 53 дронини уриб туширди, учоқларнинг асосий нишони Ростов вилояти жануби бўлган.

Россия Мудофаа вазирлиги баёнотида дрон орқали амалга оширилган ҳужумларнинг олди олингани, 44 та қурилма Ростовда уриб туширилгани ёки тутиб олингани келтирилган.

Ростов вилояти губернатори Василий Голубев ҳаво ҳужумига қарши қаттиқ курашилгани, бироқ ҳудуддаги электр митти станцияси шикастланганини тасдиқлади.

Голубев жабрланган ҳудудларда электр таъминотини тиклаш ишлари олиб борилмоқда. У дрон ҳужуми Украина шарқий чегарасида жойлашган Ростов шимоли-шарқидаги Морозовск туманига қаратилганини таъкидлаган.

“РИА Новости” Саратов вилоятидаги рус стратегик бомбардимончи самолётлари сақланадиган авиабазада битта дрон уриб туширилгани ҳақида хабар берди.

Агентлик мамлакат Мудофаа вазирлигига таяниб, Курск, Белгород ва Краснодар узра учган бошқа учувчисиз самолётлар ҳам уриб туширилганини ёзган. Қурбонлар ҳақида ҳозирча маълумот йўқ.

Украина бир неча ойдан бери Россиянинг олға силжиётган кучларини сиқиб чиқаришга уринаркан, бир неча чегара ҳудудига дрон ёрдамида ҳужум уюштирмоқда.

Тўғридан-тўғри қарама-қаршилик

Украинанинг Херсон вилояти губернатори Александр Прокудин ижтимоий тармоқ орқали ҳудуддаги газ қувури Россия томонидан ўққа тутилиши натижасида шикастлангани, оқибатда камида 10 киши тутундан “заҳарланган”ини ёзди. Зарар даражаси аниқланмаган.

– Бир неча турар-жой биносига зиён етган, қурбонлар ҳақида ҳозирча маълумот йўқ, – деди у.

Шунингдек, Украина ҳарбийлари ўз навбатида Запорожье жануби, Одесса ва Днепропетровск ҳудуди устидан учиб ўтган Россиянинг бир неча ҳужумчи дрони тўлқинини қайтарган.

Ҳарбийлар айтишича, “Shahed” типидаги дронлар жамоат уйлари ва айрим тижорат биноларига жиддий зарар етказган.

АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкен низоли бу икки давлат ўзаро ўқ узишда давом этар экан, Украинага зудлик билан кўпроқ ёрдам берилишини айтди.

Блинкен Брюсселда НАТОнинг 75 йиллигини нишонлаш маросими чоғида журналистлар билан суҳбатлашиб, Украинани қўллаб-қувватлаш муҳимлиги, чунки Хитой, Шимолий Корея ва Эрон каби давлатлар Россияга мудофаа саноати базаси қуришда ёрдам бераётганини айтди.

НАТО Бош котиби Йенс Столтенберг фикрича, иттифоқчилар Украинадаги вазият “долзарблиги”ни, янги қўшимча ҳаво мудофааси воситаларига эҳтиёж борлигини тушунишади.

Кремль матбуот котиби Дмитрий Песков Россия ва НАТО ўртасидаги муносабат ҳозир “тўғридан-тўғри қарама-қаршилик даражасига тушиб қолгани” ҳақида гапирди.

– НАТО Украина низосига аллақачон аралашган ва чегараларимиз томон ҳарбий инфратузилмасини кенгайтиришда давом этмоқда, – деди у.

Рим Москва билан муносабатни мураккаблаштирмайди

– Италия Украинадаги вазият жиддийлашаётганига қарамай, Россия билан муносабатни мураккаблаштирмайди, – деди ушбу мамлакат мудофаа вазири Гуидо Кросетто. – Тўғри, Италия ва Франция Украинани доимо қўллаб-қувватлайди, лекин ҳар икки тараф учун мулоқот канали очиқ бўлиши муҳим.

Франция Қуролли кучлари вазири Себастьян Лекорну россиялик ҳамкасби Сергей Шойгу билан телефон орқали суҳбатлашди.

Мулоқот чоғи у Россиянинг Украинадаги ҳарбий ҳаракатини қоралаган, бироқ Париж кейинчалик ўзаро адоватли икки давлат учун тинчлик музокарасини ташкил қилишга тайёрлигини ҳам билдирган.

Зеленский: Украина қўшини позицияни барқарорлаштирмоқда

Украина раҳбари Владимир Зеленский Москвани аҳоли нишонга олинишида айбларкан, пайшанба куни мамлакат шарқига қилинган ҳужум натижасида камида 8 киши ҳалок бўлганини билдирди.

Харьковга учувчисиз учоқ ҳужуми оқибатида тўрт инсон ҳалок бўлиб, 12 киши жиддий жароҳат олган.

Зеленский айтишича, мамлакат Қуролли кучлари снаряд тақчиллиги кучайиб, таъминот сезиларли даражада пасайганига қарамай, жанг майдонида ўз позициясини барқарорлаштиришга муваффақ бўлган.

Россия Қуролли кучлари февраль ойида Авдивка шаҳри шарқий қисмини эгаллаб олиб, 9 ой ичида биринчи марта ҳудудий ютуққа эришганди. Зеленский пайшанба куни Армия қўмондони Александр Сирский “Россия армияси муваффақият қозонган барча нуқталар ҳақида” ҳисобот берганини айтди.

Шунингдек, Россиялик ҳарбийлар Украинанинг Донецк вилоятидаги Часив Яр шаҳри чеиига бостириб кирганини ҳам даъво қилмоқда. Бу ҳақда жума куни Россия томонидан янги тайинланган минтақа раҳбари маслаҳатчиси “РИА Новости” ахборот агентлиги мухбирига маълумот берган.

Бахмутдан тахминан 10 километр ғарбда жойлашган Часив Яр Украина қўшинлари учун муҳим тўпланиш нуқтаси эди.

Ўткир Мирзо тайёрлади,

ЎзА