Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Мордовияда опа-сингил коронавирусдан вафот этди — 7 фарзанд етим қолди
12:32 / 2020-07-02

Бир жувоннинг 2, бошқасининг 5 боласи чирқираб қолди.


Россиянинг Мордовия Республикаси маъмурий маркази Саранск шаҳридаги шифохоналардан бирида опа-сингил коронавирусдан зарарланиб жон берди. Улар Белозере қишлоғидан эди, дейилади “РИА Новости” хабарида.

Бир жувоннинг 2, бошқасининг 5 боласи чирқираб қолди. Ҳозирча ота-онадан ажралган бу болачаларга ёши ўтиб қолган қариндош аёл қараб турибди. Шу воқеадан кейин қишлоқда оммавий равишда текширувлар бошланиб кетди. Бир неча кундан буён шифокорлар уйларга бирма-бир кириб чиқишяпти. 

“РИА Новости” маҳаллий ҳокимият раҳбарига таяниб, тахминан 40 кишида COVID-19 аломатлари мавжудлигини, уларнинг 2 нафарини тез ёрдам машинаси олиб кетганини айтган.

“Эпидемиядан қочиб келганди...”

Гузел 16 июнь куни, унинг синглиси Ҳамида эса эртасига ҳаётдан кўз юмди. Қариндошларининг фикрича, улар касалхонага атиги бир неча кун олдин тушишган. Гузел анчадан буён Москвада яшарди, ёзни қадрдон юртида ўтказиш учун эри ва болалари билан Белозерега келганди.

“Гузел ўзи вирусдан қочиб, меҳмонга келувди. Эпидемия ўтиб кетишини шу ерда кутмоқчи эди. Афсуски, ҳаммаси тескари айланди. Эпидемия, гўё-ки бу хонадонга бостириб кирди — ҳамма касал,  ота-она, болалар ва ҳоказо. Ахир, қишлоқда ҳамма бирга, тўп-тўп бўлиб яшайди-да. Кўчада тасодифан учрашиб қолиш ҳеч гап эмас. Кўпчилик бир-бирига вирус юқтириши эҳтимоли жуда юқори. Жудаям қўрқиб қолдик, нима қилишни, касалликни қандай тўхтатишни билмаяпмиз”, дейди оиланинг қариндоши Мария (исми ўзгартирилган).

Аввалига хасталик белгилари Ҳамидада пайдо бўлди, кейин Гузел ҳам ётиб қолди. Ўлим эса, аксинча, опани олдин олиб кетди. “Уларнинг тоби 5 ёки 6 июнь куни қочди. Уларга анча кун эътиборсиз қарашди, ҳечқиси йўқ, зарарсиз, дейишди. Қачонки, ўпкалари 70 фоиз ишдан чиққач, даво-лашнинг имконияти деярли қолмагач шифохонага олиб кетишди. Ҳозир болалар касал бўлишяпти, сўнгра улар билан бирга катталар – ота-оналари ҳам. Ҳуддики, занжир ҳосил бўляпти. Белгилари оддий, гриппникидек, аммо ёзнинг жазирамасида, одатда, грипп учрамайди. Бу нимаси? Тушунарсиз!”, дейди Мария.

Ҳамиданинг турмуш ўртоғи бундан 10 ой олдин вафот этганди, энди бо-лалар чин етим бўлиб қолишди. Ҳалок бўлган жувонларнинг ота-оналари, Ҳамиданинг қайнонаси ҳам касалхонада ётибди. Болалар холаси билан, холанинг ҳам мазаси йўқ. Ким яқинлашса, вирус юқяпти. Бу жудаям қўрқинчли. Опа-сингилларнинг учинчиси – Лейла ҳам зарарланди. Фақат унинг омади бор экан, аҳволи яхшиланяпти.

Опа-сингиллар ўлимидан кейин Белозереда аҳоли оммавий равишда скринингда ўтказила бошланди. Мана тўрт кундирки, шифокорлар махсус кийимларда, уйларни бирин-кетин тақиллатиб юришибди.

“Бутун қишлоқ талвасага тушган, ҳамма қўрқувда. Туман касалхонасидан ҳамширалар етиб келишган. Одамларнинг иситмасини ўлчашяпти. Тўғри, кўпчиликда ҳарорат меъёрий, чунки ҳамма эрталаб уйғониши билан ўзига ўзи белгилаган дорини ичиб олади”, дейди Мария.

Гарчи, Мордовия Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги билан боғланишнинг иложи бўлмаган бўлсада, Белозере қишлоғи маъмурий раҳбари Рясим Салихов Гузел ва Ҳамида коронавирусга чалинганини тасдиқлади. Ҳозирча фақат шу икки ҳолат ҳақида расман эълон қилишди. Фаҳмлашимизча, тез орада бу статистика ўзгариб кетади, дейилади хабарда. 

“Шифокорлар ҳали тўлиқ айланиб чиқишмади. Жараён эртадан кейин якунига етади. Бугунги кунгача 2 мингдан зиёд одамни текшириб чиқишди. Билишимча, тахминан 40 нафар инсон шубҳа остида. Айримларнинг иситмаси баланд, кимлардир ҳид билиш қобилиятини йўқотган. Уларга нисбатан муолажа белгиланган. Тан олиш керак, таҳликага тушиш ҳолатлари бор, лекин республика раҳбари администрацияси, Соғлиқни сақлаш вазирлиги вакиллари ва туман бош шифокори етиб келган. Одамлар тушуниб етишдики, уларни ҳеч ким ўз ҳолига ташлаб қўймайди. Шифокорлар ҳаммасини тушунтиришяпти, тез-тез иситмани ўлчашяпти, лозим бўлганда ҳар хил таҳлиллар олишяпти. Агар беморнинг аҳволи оғирроқ бўлса, тез ёрдам чақирилиб, шаҳарга, касалхонага олиб кети-ляпти. Масалан, ҳозирча икки кишини жўнатишди, қолганлар уйларида даволанишяпти”, дея вазиятга ойдинлик киритди Салахов.

Айни пайт қишлоқни тўлиқ санитар ишловдан ўтказиш режалаштирилмоқда. 

“Кимёвий воситалар сотиб олдик, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги мутахассислари келишади, ҳамма жойни — қабристон, уйлар, кўчаларни дезинфекция қилишади”, деди маъмурият раҳбари. Унинг тан олишича, Белозереда ҳеч ким касаллик шу қишлоққача етиб келиши мумкинлигини тасаввур қилмаган, аксарият аҳоли ҳалиям, умуман шу вирус ҳақиқатан борлигига ҳам ишонмаяпти.

“Ҳаммаси шу опа-сингил воқеасидан сўнг бошланди. Вафот этган ҳамқишлоқлар заҳарланган шахслар сифатида целлофан қопларда дафн этилгач, кишилар ростдан ҳам хавф юзага чиққанини англаб етишди. Ҳозиргача ҳеч ким буни жиддий қабул қилмаётганди”, дея елка қисади Салахов.

Мана энди Белозереда COVID-19 ўйлаб топилган, дегувчилар йўқ. Ҳамма бундан буён қишлоқ ҳаётини қай тарзда давом эттириш, қандай қилиб ўзини ва оила аъзоларини вирус юқишидан асраш тўғрисида ўйлайди.