French
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Мораторий даврида 167 мансабдор шахс томонидан ҳуқуқбузарлик содир этилган
10:18 / 2020-11-27

Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида ҳудудларни кўкаламзорлаштириш, шунингдек, дарахт ва буталар қимматбаҳо навлари кесилишининг олдини олиш бўйича мораторий ишлари юзасидан матбуот анжумани бўлиб ўтди.

Анжуманда Давлат экология қўмитаси ҳамда Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси томонидан ушбу даврда амалга оширилаётган ишлар ҳусусида маълумот берилди.

Маълумки, Президентимизнинг 2019 йил 30 октябрдаги “2030 йилгача бўлган даврда Ўзбекистон Республикасининг атроф муҳитни муҳофаза қилиш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида”ги фармонига мувофиқ, 2019 йил 1 ноябрдан 2020 йил 31 декабрга қадар давлат ўрмон фондига кирмайдиган дарахт ва буталар қимматбаҳо навларининг кесилишига мораторий жорий этилган эди.

Фармонда мораторий табиий омиллар ёки зараркунандалар, ўсимликлар касалликлари таъсирида зарарланган, қуриб бораётган ёки қуриб қолган, шунингдек, фуқароларнинг ҳаёти ва соғлиғига, юридик ва жисмоний шахсларнинг мол-мулкига хавф туғдирувчи дарахт ва буталарни санитар кесиш ва қирқишга, ёғоч ва мевалар олиш учун ўстирилаётган дарахт ҳамда буталарни кесишга жорий этилмаслиги белгиланган. Шунингдек, фармонда плантацияларда ўстирилаётган ва ёки юридик ва жисмоний шахсларнинг мулки ҳисобланган дарахт ҳамда буталарни кесиш ҳам мумкин эмаслиги кўрсатилган.

Такидланишича, жорий этилган мораторий даврида жисмоний ва юридик шахслардан 188 минг 943 туп давлат ўрмон фондига кирмайдиган дарахт ва бутани кесишга рухсат сўралган 4 минг 18 та мурожаат келиб тушган. Мурожаатлар тегишли тартибда кўриб чиқилиб, 134 минг 232 туп (71 фоиз) дарахт ва бутанинг кесилишига рад жавоби берилган ва кесилишининг олди олинган.

Мораторий эълон қилингандан сўнг давлат экологик назорати тадбирларида жорий йилнинг 20 ноябрь ҳолатига кўра, аниқланган жами қонунбузарликлар сони 3 минг 897 та, белгиланган жарима 4 316,1 миллион сўмни ташкил этиб, шундан 2757,4 миллион сўми ундирилди.

Табиатга етказилган зарар миқдори эса 9787,2 миллион сўмни ташкил этиб, шундан 2942,4 миллион сўми ундирилди.

Ундирилмаган жарима ва табиатга етказилган зарарни ундириш мақсадида 338 та ҳолат бўйича тўпланган ҳужжатлар тегишли органларга киритилди. Шундан 17 та ҳолат бўйича қонунбузарлик содир этган шахсларга нисбатан жиноий иш қўзғатилган. Аниқланган ҳуқуқбузарликлар натижасида жами 2 минг 298 метр куб бута, 7 минг 854 дона дарахт ноқонуний равишда кесилган.  

Ҳуқуқбузарликларнинг 167 таси мансабдор шахслар томонидан содир этилгани ачинарли холдир. Хусусан, Сирдарё тумани ҳокими ўринбосари 11,7 миллион сўм ҳамда Яккасарой туманида “Вuildinig and Supplies” қурилиш корхонаси томонидан 81 туп дарахт кесилганлиги натижасида 630,4 миллион сўм миқдорида табиатга зарар етказилган.

Мораторий жорий этилиши ҳудудларда дарахт ва буталарни муҳофаза қилишни мустаҳкамлаш, экологик ҳолатни яхшилашга хизмат қилмоқда.

 

Гулноза БОБОЕВА, ЎзА