Осиё олимпия кенгаши билан келишувга биноан 2025 йилнинг май ойида Тошкент шаҳрида ёшлар ўртасидаги IV ёзги Осиё ўйинлари ўтказилиши белгиланган.
Мамлакатимизда қитъанинг энг иқтидорли ёш спортчилари куч синашадиган ушбу мусобақани юқори савияда ўтказиш бўйича режа асосида тайёргарлик ишлари олиб борилмоқда.
Бугун 4 октябрь куни Миллий олимпия қўмитасида IV ёзги Осиё ўйинлари учун янгидан барпо қилиниши режалаштирилган мажмуалар ва дастурга киритиладиган спорт турлари муҳокамасига бағишланган йиғилиш ўтказилди. Таъкидлаш лозимки, “Тошкент-2025” Осиё ўйинлари дастурига 20 дан ортиқ спорт турининг киритилиши белгиланган.
Йиғилишда МОҚ раҳбари Рустам Шоабдураҳмонов ва Ўзбекистон футбол ассоциацияси раисининг биринчи ўринбосари Равшан Эрматов, “Тошкент-2025” дирекцияси директори Ойбек Қосимов ҳамда ўйинларни ўтказиш бўйича масъул бўлган тегишли мутахассислар иштирок этишди, дейилади Миллий олимпия қўмитаси матбуот хизмати хабарида.
Йиғилишда Тошкент вилоятининг Қибрай туманида барпо этилиши кўзда тутилган Олимпия шаҳарчасида спорт мажмуалари учун ажратилган майдон, дастурга киритиладиган спорт турларининг ҳозирги ҳолати ҳақида маълумот берилди.
Мунозаралар давомида қурилажак спорт объектлари бўйича тегишли ташкилотлар билан ўрнатилган тартибда келишувга эришиш, қитъа ўйинлари дастурига киритиладиган спорт турлари хусусида якуний хулосага келиш борасида фикрлар билдирилди.
Т. Рўзиев, ЎзА