Жорий йилнинг февраль ойида Moody’s Ratings халқаро рейтинг агентлиги “Бизнесни ривожлантириш банки” АТБнинг миллий ва хорижий валютадаги узоқ муддатли депозит рейтингларини “B1” даражасида тасдиқлади ҳамда ушбу рейтинглар бўйича истиқболни “Барқарор”дан “Ижобий”га ўзгартирди.
Moody’s таҳлилчиларининг фикрига кўра, рейтинг истиқболининг “Ижобий” даражага кўтарилиши банкнинг молиявий ҳисоботнинг халқаро стандартлари бўйича натижалари, хусусан, активлар сифати ва рентабеллигидаги ижобий ўзгаришлар барқарор тус олишига бўлган ишончни ифодалайди. 2025 йилда банк активлар сифатини сезиларли даражада яхшилашга эришди ва бу борадаги ишлар давом этмоқда.
Асосий молиявий кўрсаткичлардаги ижобий ўзгаришлар:
— Активлар сифатининг яхшиланиши: Банк кредит портфелини соғломлаштириш бўйича кўрилган чоралар натижасида муаммоли кредитлар улуши 2024 йил якунидаги 23,3 фоиздан 2025 йилнинг биринчи ярмига келиб 9,9 фоизгача қисқарди.
— Даромадлиликнинг тикланиши: 2022–2024 йиллардаги зарарлар давридан сўнг, банк барқарор даромадлилик йўлига қайтмоқда. 2025 йилнинг биринчи ярмида банк 193 миллиард сўм соф фойда олди.
— Капиталнинг мустаҳкамланиши: Банкнинг капитал етарлилиги кўрсаткичи 2023 йил якунидаги 4,0 фоиздан ва 2024 йил якунидаги 8,7 фоиздан ўсиб, 2025 йил ўрталарига келиб 10,0 фоизга етди.
Moody’s халқаро рейтинг агентлиги банкнинг ликвидлик ва молиялаштириш ҳолатини кейинги 12–18 ой давомида барқарор бўлишини кутмоқда. Бу ҳукумат ва халқаро молия институтлари томонидан тақдим этилган узоқ муддатли молиялаштириш манбаларига асосланади. 2025 йил ўрталарига келиб, банкнинг асосий банк ликвидлиги жами активларнинг 13,5 фоизини ташкил этди (2024 йил охирида бу кўрсаткич 7,8 фоиз эди).
“Ижобий” истиқбол Moody’s агентлигининг активлар сифати ва рентабелликдаги сўнгги яхшиланишлар кейинги 12–18 ой давомида барқарор сақланиб қолишига ишончини билдиради.
Банк ўз навбатида келгусида ҳам молиявий барқарорликни мустаҳкамлаш, активлар сифатини яхшилаш ва бошқарув самарадорлигини ошириш орқали рейтингини янада яхшилаш учун барча зарур чораларни кўришда давом этади.
Банк ахборот хизмати