Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Монополиянинг олдини олиш, рақобат муҳитини яратишга оид меъёрлар белгиланмоқда
17:16 / 2022-08-15

Энг ривожланган давлатлар тараққиётида рақобат шароитининг мавжудлиги алоҳида ўрин тутади.

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги «Миллий тикланиш» демократик партияси фракциясининг йиғилишида кўриб чиқилган «Рақобат тўғрисида»ги қонун лойиҳасининг мақсади иқтисодий фаолият эркинлигини таъминлаш, Ўзбекистон Республикаси ҳудудида товарларнинг эркин ҳаракатланиши, рақобат муҳитини ҳимоя қилиш ва товар, молиявий ва рақамли бозорларнинг самарали ишлаши учун шароит яратишдан иборат.

— Аксарият мамлакатларда имтиёз ва преференциялар кўринишидаги давлат ёрдами қонун, аввало, монополияга қарши қонунчилик билан тартибга солинади, — деди Ўзбекистон Республикаси Монополияга қарши курашиш қўмитаси раиси ўринбосари Фаррух Қорабоев. — Мамлакатимизда эса амалдаги қонунчиликда имтиёз ва преференциялар беришнинг мақсадга мувофиқлиги учун аниқ ва ошкора механизмлари назарда тутилмаган. 

Шунингдек, давлат мулки ва хўжалик юритувчи субъектларни бошқариш тўғрисидаги қонун ҳужжатларида аниқ кўрсатмаларнинг мавжуд эмаслиги, далилларга асосланган сиёсат юритишнинг йўқлиги давлат статистик маълумотларининг бузилиши ва давлатнинг иқтисодиётдаги иштироки даражасини аниқлашда муайян қийинчиликларга олиб келади. Натижада бу хўжалик юритувчи субъектларга давлат томонидан имтиёз ва преференциялар беришнинг аниқ ва ошкора механизмлари ҳамда иқтисодиётда давлат иштирокининг аниқ мақсадларини белгилашни тақозо этади. 

Шу билан бирга, рақобат тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганлик учун қонуний жавобгарликнинг самарасизлиги тадбиркорлик субъектлари томонидан ушбу соҳадаги қонунчилик нормаларининг кўплаб ва такрорий бузилишига олиб келади ва ушбу ҳуқуқбузарликлар учун жавобгарликнинг самарали усулларидан фойдаланишга имкон бермайди. «Рақобат тўғрисида»ги қонун лойиҳасида акс этаётган нормалар товарларнинг эркин ҳаракатланиши, рақобат муҳитини ҳимоя қилиш ва товар, молиявий ва рақамли бозорларнинг самарали ишлаши учун шароит яратишга қаратилган. 

Бугунги кунда монополияга қарши турли эътирозлар, фикрлар мавжуд. Мазкур қонун лойиҳасида монополиянинг олдини олиш ва рақобат муҳитини яратиш борасида қатор меъёрлар белгиланмоқда. Рақобат муҳити яратилса, ҳар бир соҳада ривожланиш бўлади. Шу нуқтаи назардан энг муҳим ва долзарб қонун лойиҳаси ҳисобланади, — деди маърузачи.

Муҳокамалар давомида фракция аъзолари қонун лойиҳаси юзасидан ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди, кўплаб асосли таклифларни илгари сурди. Қизғин муҳокама ва савол-жавоблардан сўнг, қонун лойиҳаси қўллаб-қувватланди.

Шунингдек, йиғилишда 2022 – 2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясини «Инсон қадрини улуғлаш ва фаол маҳалла йили»да амалга оширишга оид Давлат дастурининг 38-банди ижросини таъминлаш мақсадида «Халқчил давлат» миллий дастури ҳамда уни амалга ошириш бўйича «Йўл харитаси» лойиҳаси муҳокама қилинди.

Таъкидланганидек, миллий дастур давлат органлари ва ташкилотлари томонидан аҳолига хизмат кўрсатиш қамрови ва сифатини ошириш ҳамда такомиллаштириш мақсадида ишлаб чиқилган. Дастур идоравий ҳужжатларни кескин қисқартириб, фуқароларнинг одил судловга эришиш даражасини юксалтиради.

Аммо «Халқчил давлат» миллий дастурида уни амалга ошириш принциплари, тартиблари белгиланмаган, асосий тушунчалар очиб берилмаган. Шу боис мазкур дастурни қайта ишлаш, пишиқ ҳолга келтириш лозим, деб топилди.

Фракция аъзолари йиғилиш кун тартибидаги бошқа қонун лойиҳаларини ҳам муҳокама қилиб, ўз таклифларини, тавсияларини билдирдилар.

Муҳтарама Комилова, ЎзА