Мамлакатимизда рақобат муҳитини янада ривожлантириш, иқтисодиётда давлат иштирокини қисқартиришга қаратилган қатор фармон ва қарорлар қабул қилиниб, уларни ижро этишнинг аниқ механизмлари белгилаб берилган. Хусусан, Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясини “Инсон қадрини улуғлаш ва фаол маҳалла йили”да амалга оширишга оид Давлат дастурининг 131-бандида иқтисодий муносабатларда эркин бозор тамойилларини жорий этишни кенгайтириш назарда тутилган.
Президентимизнинг 2020 йил 6 июлдаги тегишли фармони билан 2020-2024 йилларда товар ва молия бозорларида рақобатни ривожлантириш стратегияси тасдиқланиб, давлат иштирокидаги хўжалик юритувчи субъектлар монополиясининг иқтисодиёт рақобатбардошлигига салбий таъсирини янада камайтириш, имтиёз ва преференциялар бериш тизими самарадорлигини ошириш, шунингдек, тадбиркорлик субъектларига нисбатан тартибга солиш юкини пасайтириш бўйича кечиктириб бўлмайдиган вазифалар белгиланган.
Олиб борилган ислоҳотлар туфайли табиий монополия субъектлари сони 151 тадан 129 тага қисқартирилди, йирик давлат монополиялари, бозор иштирокчилари ҳамда давлат органларининг 14,5 мингта рақобатсиз ҳаракатлари бартараф этилди. Натижада 37 мингта тадбиркорнинг қарийб 380 миллиард сўмга тенг манфаатлари ҳимояланди.
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон Халқ демократик партияси фракцияси ҳамда Саноат, қурилиш ва савдо масалалари қўмитаси томонидан “Рақобат тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунининг ижро этилиши ҳамда мамлакатимизда рақобат муҳитини янада ривожлантириш, иқтисодиётда давлат иштирокини қисқартириш борасида амалга оширилаётган ишларнинг ҳолати ўрганилганда, ушбу соҳада ўз ечимини кутаётган айрим муаммолар мавжудлиги маълум бўлди.
Хусусан, мамлакат иқтисодиётидаги рақобат муҳитига салбий таъсир кўрсатаётган қуйидаги тизимли муаммолар тўлиқ ҳал этилмаган: биринчидан, иқтисодиётда давлатнинг иштироки юқорилигича қолмоқда. Бугунги кунда товар ва молия бозорларида давлат иштирокидаги хўжалик юритувчи субъектлар устун мавқега эга бўлиб қоляпти. Масалан, монопол ташкилотларнинг 80 фоизи давлат улушига эга ёки давлат улушига эга бўлган хўжалик юритувчи субъектлар томонидан назорат қилинади.
Иккинчидан, нархлари давлат томонидан тартибга солинаётган товар ва хизматлар кўп. Ҳозирги кунда давлат томонидан нархларни тартибга солиш (декларация қилиш, тасдиқлаш, қатъий белгиланган ёки чекланган нархларни (тарифларни), тартибга солиш коэффициентини, устама ва рентабелликнинг чегараланган даражасини ўрнатиш ва нархни тартибга солишнинг бошқа усуллари) қарийб 30 га яқин товар ва хизматларга нисбатан амалга оширилмоқда. Шунингдек, давлат кўмагини кўрсатишнинг монополияга қарши тартибга солиш воситалари мавжуд эмаслиги берилаётган имтиёз ва преференцияларнинг паст самарадорлигига олиб келмоқда ва рақобат муҳитига салбий таъсир кўрсатмоқда.
Вазирлик ва идораларнинг ўзлари томонидан тартибга солинадиган тармоқларда рақобатни ривожлантириш бўйича фаолияти сустлигича қолмоқда. Иқтисодиёт соҳасида мавжуд 38 та давлат органидан фақатгина 11 тасига ўз соҳасида рақобатни ривожлантириш бўйича тўғридан-тўғри функциялар юклатилган.
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси мажлисида шулардан келиб чиқиб, Монополияга қарши курашиш қўмитаси раиси Ш.Шораҳмедовга “Мамлакатимизда рақобат муҳитини янада ривожлантириш, иқтисодиётда давлат иштирокини қисқартириш борасида амалга оширилаётган ишлар тўғрисида”ги масала юзасидан Қонунчилик палатасининг парламент сўровини юбориш ҳақида қарор қабул қилинди.
М.Комилова,
ЎзА