Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Мономарказда ёшлар кўпроқ қайси касбларга ўқитилмоқда?
18:09 / 2024-05-02

Юртимизда меҳнат бозорининг самарали механизмларини жорий қилиш, аҳолининг ишчанлик фаоллигини ошириш, камбағал ва ишсиз фуқароларни замонавий касб-ҳунарларга ҳамда тадбиркорликка ўқитиш, шу асосда уларни доимий даромад келтирадиган меҳнат ва тадбиркорлик фаолиятига жалб этиш, бандлигини таъминлаш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Мазкур йўналишда жойларда ташкил этилган “Ишга марҳамат” мономарказларининг фаолияти алоҳида аҳамият касб этмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 11 августдаги “Камбағал ва ишсиз фуқароларни тадбиркорликка жалб қилиш, уларнинг меҳнат фаоллигини ошириш ва касб-ҳунарга ўқитишга қаратилган ҳамда аҳоли бандлигини таъминлашга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига асосан, 2021 йилда ташкил этилган Андижон шаҳридаги “Ишга марҳамат” мономарказида бугун ички ва ташқи меҳнат бозори учун юқори касбий малакага эга мутахассислар тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш бўйича салмоқли ишлар олиб борилмоқда. 

– Марказимизда сервис ва хизмат кўрсатиш, техника, умумқурилиш, хорижий тилларни ўргатиш бўйича 28 та ихтисослик йўналишида икки сменада, икки ва уч ойлик ўқув курслари ташкил этилган, – дейди Андижон шаҳар “Ишга марҳамат” мономаркази бўлим бошлиғи Зуҳрахон Ваҳобова. – Айни кунда турли йўналишлар бўйича 1 минг 100 нафарга яқин фуқаро, асосан, ёшлар таҳсил олмоқда, касб-ҳунар ўрганмоқда. Умуман, марказимизда йилига 4 минг нафардан зиёд фуқаро касб-ҳунарга ўқитилиши кўзда тутилган. 

Айни кунда марказда ўқишлар меҳнат бозорида талаб юқори бўлган, қолаверса, фуқароларнинг талабидан келиб чиқиб, улар ўрганишни истаган йўналишлар бўйича йўлга қўйилишига алоҳида эътибор қаратилмоқда. 

Касб-ҳунарлар бўйича белгиланган дастурлар асосидаги ўқув курслари маҳаллалардаги Камбағалликни қисқартириш ва бандликка кўмаклашиш бўлимлари вакиллари томонидан тақдим этилган йўлланмалар асосидаги бепул ҳамда пуллик тўгараклар доирасида ташкил этилган. Ҳар бир йўналиш бўйича машғулотларни ўтказиш учун кенг ва ёруғ хоналар ажратилган, зарур шарт-шароит, қулайликлар яратилган. 

[gallery-17234]

Ўқув ва амалий машғулотларни ўтиш учун марказга малакали педагог ва мутахассислар ишга танлов асосида қабул қилинган. 

Бугунги кунда марказда қандолатчилик, ошпазлик, тикувчилик, замонавий пардалар тикувчи ва дизайнер, компьютер саводхонлиги ва веб-дастурчи, пайвандлаш ишлари устаси, электрик, аёллар сартароши, инглиз тили йўналишлари бўйича ўқиётган ёшлар кўпчиликни ташкил этади. 

– Мен ҳозир уй бекасиман, – дейди Андижон шаҳри Мустақиллик маҳалласида яшовчи Мадинахон Мадалиева. – Касб-ҳунар ўрганиб, ишга кирмоқчиман. Бунинг учун мономарказда компьютер саводхонлиги ва веб-дастурчи йўналишида таҳсил оляпман. Марказда компьютерда ишлашни пухта ўрганиш билан бирга, тегишли ҳужжат – гувоҳнома ҳам оламан. Бу ишга киришим учун жуда қўл келади. 

Марказда қатор йўналишлар бўйича ўқиш билан бирга, шу ернинг ўзида амалий машғулотлар ўтказиш учун ҳам зарур шароит ва имкониятлар яратилган. Хусусан, тикувчилик, қандолатчилик ҳамда аёллар сартарошлиги ўқув хоналари тикув машиналари, пишириқлар пишириш ва сартарошлик учун зарур жиҳоз ва воситалар билан таъминланган.

– Аёллар сартарошлиги ўқув курсида икки ойдан буён таҳсил оламан, – дейди Андижон шаҳри Боғишамол маҳалласида яшовчи Ферузахон Жўраева. – Устозларимдан ушбу ҳунар сирларини пухта ўрганишга ҳаракат қиляпман. Бунинг учун марказда барча шароит мавжуд. 

Курсни тамомлаб, тегишли сертификат олиб, ўз маҳалламда “Гўзаллик салони” очиш ниятим бор. Насиб этса, ана шу ниятимни амалга ошириб, мустақил даромад топишга, оиламиз бюджетини кўпайтиришга ҳисса қўшмоқчиман.

Марказда ёшлар қизиқиб ўрганаётган ҳунарлардан бири қандолатчиликдир. Айни кунда ушбу йўналишда 50 нафардан ортиқ қиз-аёл таҳсил олмоқда.

– Камбағалликни қисқартириш ва бандликка кўмаклашиш бўлими йўлланмаси билан марказда қандолатчилик йўналишида таҳсил оляпман, – дейди Андижон туманидаги Интилиш маҳалласида яшовчи Хосиятхон Абдураҳмонова. – Болалигимдан шу ҳунарга жуда қизиқаман, турли ширинликлар тайёрлашни ўрганганман. Энди марказда ўқиб, ушбу ҳунарни пухта ўрганиб, ўз хонадонимда қандолат маҳсулотлари тайёрлашни йўлга қўймоқчиман. Шу орқали доимий даромад манбаига эга бўлмоқчиман. 

Мономарказда бир қатор йўналишлар бўйича таҳсил олаётганларнинг амалиёт ўташи учун Андижон шаҳридаги ошхона, муассаса, ишлаб чиқариш корхоналари билан шартномалар тузилган. 

Шу ўринда таъкидлаш керакки, марказда камбағалликни қисқартириш ва бандликка кўмаклашиш бўлими йўлланмаси билан таҳсил олган, ўқишни муваффақиятли тамомлаганларга тегишли сертификат тақдим этилади, уларга ўз тадбиркорлигини йўлга қўйиши ёки ўзини ўзи банд қилиши учун субсидия, кредит олишларига кўмаклашилади. Бундан ташқари, марказда ўқиётган ногиронлиги бор фуқароларга ижтимоий ҳимоя маркази томонидан стипендия ажратилади. 

Жорий йилнинг биринчи чорагида марказни юзлаб ёшлар тамомлаб, тегишли сертификат ва гувоҳномалар олди. 

Бир сўз билан айтганда, Андижон шаҳар “Ишга марҳамат” мономарказида ёшларни меҳнат бозорида талаб юқори бўлган касб-ҳунарларга ўқитиш бўйича ишлар тизимли равишда олиб борилмоқда. 

<iframe width="640" height="360" src="https://www.youtube.com/embed/XAqKtMgsFYY" title="Monomarkazda yoshlar koʻproq qaysi kasblarga oʻqitilmoqda?" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>

Ф. Убайдуллаев, З. Умрзоқов (сурат), ЎзА мухбирлари