Пойтахтимизда ўтказилган “Камбағалликни қисқартириш бўйича илғор тажрибаларни ҳаётга татбиқ этиш” мавзусидаги II халқаро форум қатнашчилари 19 май куни Самарқандда бўлди.
Меҳмонларга вилоятда камбағалликни қисқартириш ва аҳоли бандлигини таъминлаш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳақида маълумот берилди. Самарқанд шаҳридаги “Ишга марҳамат” мономарказига саёҳат ташкил этилиб, бу ерда касб-ҳунар ўрганувчилар учун яратилган шароитлар кўздан кечирилди.
– Қисқа муддатда ишсиз аҳолига, айниқса, хотин-қизларга ҳунар ўргатиб, иш билан таъминлашда бу каби марказлар фаолияти жуда муҳим, – дейди покистонлик эксперт Зулфиқор Аҳмад. – Хусусан, мамлакатингизда мавжуд, дунёдаги ноёб тузилмалардан ҳисобланган маҳалла институтида бу тажриба ўз самарасини беради. Қолаверса, марказда иш берувчиларнинг талаби асосида йўналишлар ташкил этилаётгани эътиборли. Шу билан бирга, соҳанинг бугунги муҳим бир талабини ҳам айтиб ўтишим керак. Бугун ҳар бир соҳада ахборотнинг ўрни ортиб боряпти. Касб-ҳунарга ўқитишда ҳам айнан мана шу жиҳатга кўпроқ эътибор қаратиш лозим, деб ўйлайман.
[gallery-11958]
Халқаро экспертлар марказ ўқитувчилари билан фикр алмашиб, ўз тажрибалари ҳақида сўзлаб берди. Марказ тингловчилари эса соҳанинг етук мутахассисларидан маслаҳатлар олди. Меҳмонлар Самарқанд туманидаги “Конигил туризм қишлоғи”да ҳам бўлиб, ҳунармандчилик билан шуғулланаётган кишилар, шу орқали даромад топаётган оилалар вакиллари фаолияти билан танишди.
Форум қатнашчилари Самарқандга сафари давомида халқаро туризм маркази ҳамда шаҳардаги тарихий-маданий ёдгорликларни томоша қилди.
Ғ.ҲАСАНОВ, А.ИСРОИЛОВ (сурат), ЎзА