Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Мономарказ – аҳоли бандлигини таъминлашда яқин кўмакчи
15:04 / 2022-05-03

Фоторепортаж

Бугун одамларни иш билан таъминлаш, бирор фаолият турига жалб этишнинг энг самарали йўли – уларни касб-ҳунарга ўқитиш экани, мамлакатимиз тажрибасида яққол намоён бўлмоқда. 

Ўтган қисқа вақт ичида ёшлар, айниқса, ишсиз аҳоли қатламини бу тизимга жалб қилиш, келгусида олий таълимни давом эттиришидан қатъий назар, уларга ҳаётида асқатадиган бирор ҳунарни ўргатиш, эгаллаган касби бўйича бўш иш ўринлари яратиш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланди. 

Ана шундай хайрли ишлар аввалида Президентимиз қарори билан Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳузурида “Ишга марҳамат” мономарказлари ташкил этилди. Шундай мономарказлардан бири Сурхондарё вилоятининг Ангор туманида 2021 йил июнь ойида иш бошлаган эди. Йилига 2 минг 400 кишини ўқитиш имкониятига эга марказда талаб юқори бўлган қурилиш, маиший хизмат, техник-муҳандислик каби соҳалар бўйича жами 26 та касбга ўргатиш йўлга қўйилди. Бунинг учун марказда зарур техник воситалар, инновацион хоналар, малакали педагоглар жамоаси яратилди. 

Марказнинг қисқа муддатли фаолияти натижаси бундай муассаса аҳоли, айниқса, кам таъминланган, ижтимоий ҳимояга муҳтож аёллар бандлигини таъминлашда муҳим ўрин тутаётгани, эҳтиёж ва талаб юқорилигини кўрсатмоқда. 

Мономарказ фаолияти банд бўлмаган аҳолини касб-ҳунар, хорижий тиллар, рақамли технологияларга ўқитиш, ижтимоий қўллаб-қувватлаш ва ҳимоя қилиш, шунингдек, тадбиркорликка жалб қилиш, фуқароларга психологик ва юридик хизмат кўрсатишга йўналтирилгани билан аҳамиятлидир. 

Марказда ҳар бир курс учун белгиланган ўқитиш муддатлари ва соатлар ҳажми тегишли соҳа мутахассислари, иш берувчилар, “World Skills” ҳамжамияти стандарти, меҳнат бозори талаб, таклиф ва эҳтиёжларини инобатга олган ҳолда ишлаб чиқилган. Ўқув машғулотлари бошқа таълим тизимидан фарқли ўлароқ 30 фоиз назарий ва 70 фоиз амалий тарзда олиб борилади. 

Битирувчиларга ўрта махсус дипломи даражасига тенглаштирилган давлат намунасидаги сертификат берилади. Бугунга қадар мономарказда жами 1031 нафар тингловчи ўқишни тугатган бўлса, яна 319 нафари айни пайтда тегишли касб-ҳунар бўйича таҳсил олмоқда.

[gallery-6935]

Ўқув машғулотларини самарали ташкил этиш мақсадида мономарказ тингловчиларининг ёши, ижтимоий ва жисмоний ҳолатини инобатга олган ҳолда дарс ўтишнинг турли инновацион методикалари яратилмоқда. 

Қувонарлиси, айни кезда ўқув курсларини тамомлаб, ўз ишини йўлга қўйишга эришган юзлаб инсонлар оиласига даромад олиб кириш баробарида, бошқаларни ҳам иш билан таъминламоқда.



Жонибек ҚЎЗИМУРОДОВ(сурат), ЎзА