Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазирлигида 2021 йил давомида амалга оширилган ишлар ва келгусидаги режаларга бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди.
Тадбирда Адлия вазири С.Мамбеткадиров маълумот берди.
Таъкидланганидек, ўтган йил мобайнида вазирлик, шаҳар ва туман адлия бўлимларига 4692 та мурожаат келиб тушиб, судларга 9 миллиард 363 миллион сўмлик даъво ариза киритилди ва фуқароларнинг ҳуқуқлари тикланди.
Шунингдек, фуқароларнинг пенсия таъминотидан фойдаланиш соҳасида ўтказилган ўрганишлар давомида пенсия жамғармасининг шаҳар ва туман бўлимлари томонидан фуқароларнинг иш стажи ва уларнинг даромадини тўлиқ ҳисобга олмасдан пенсия тайинлаш ҳолатлари аниқланди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 18 февралдаги “Жамиятда ижтимоий-маънавий муҳитни соғломлаштириш, маҳалла институтини янада қўллаб-қувватлаш ҳамда оила ва хотин-қизлар билан ишлаш тизимини янги даражага олиб чиқиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонига асос фуқароларнинг ўзини-ўзи бошқариш органлари ходимларининг лавозим иш ҳақига 30 фоиз қўшимча устама пули тўланиши мониторинг қилинди. Натижада Қорақалпоғистон Республикаси бўйича 384 та фуқаролар йиғинидан 1306 ходимга 6 миллиард 997 миллион 804,7 минг сўм миқдорида махсус устама пули тўланмаганлиги аниқланди. Мазкур ҳолат бўйича тегишли таъсир чоралари кўрилмоқда.
Вазирлик тизимида 2021 йилда Президент ҳужжатлари ва топшириқларини мониторинг қилиш бўлими ташкил этилди. Бўлим томонидан беш соҳада, яъни пенсия таъминоти ва аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш, иқтисодий тармоқлар ва ижтимоий соҳа объектларини энергия ресурслари билан таъминлаш, аҳоли бандлиги, халқ таълими ва статистика соҳаларида 6 та қонун, 27 та фармон, 43 та қарор ва 4 мажлис баёни ижроси ўрганилди. Шунингдек, 4 фармон, 20 қарор ва 5 мажлис баёнида белгиланган 500 дан ортиқ топшириқлар ижроси мониторинг қилинди.
Мазкур ўрганиш ва мониторинг натижасида 900дан зиёд қонунбузилиш ҳолати аниқланиб, мазкур камчиликларни бартараф этиш бўйича 23 та тақдимнома киритилди. Киритилган тақдимномалар натижасида 29 шахс интизомий жавобгарликга тортилди ва фуқароларга 486 миллион сўм пул маблағи тўлаб берилди.
Масалан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 3 майдаги “Иқтидорли ёшларни аниқлаш ва юқори малакали кадрлар тайёрлашнинг узлуксиз тизимини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида” қарорида белгиланган устама пулларининг тўланиши ўрганилганда, асосий олимпиадалар республика босқичида ғолиб бўлиб, бугунги кунда таълим муассасаларида ўқитувчи бўлиб ишлаб келаётган педагогларга 100 фоиз устама ҳақи тўланмаганлиги аниқланди. Бу бўйича Қорақалпоғистон Республикаси Халқ таълим вазирлигига киритилган тақдимнома асосида 15 нафар ўқитувчига 472 миллион сўм миқдоридаги устама пули тўлаб берилди.
Ҳуқуқни қўллаш амалиётини ўрганиш соҳасида 1227 та давлат органи ва ташкилотида 400 га яқин ўрганиш ўтказилиб, 110 мингдан ортиқ қонунбузилиш ҳолати аниқланди. Ўрганишлар натижасида аниқланган ҳолатлар бўйича 925 тақнимнома, 322 маъмурий таклиф, 1374 огоҳлантириш берилиб, уларнинг ижроси таъминланди. 419 шахс интизомий, 7 шахс жиноий жавобгарликка тортилди. Шунингдек, давлат органлари ва ташкилотларининг 269 қарори бекор этилиб, 6 миллиард 487 миллион сўм миқдоридаги пул маблағлари қайтарилди.
Қорақалпоғистон Республикасида 1 та давлат ва 53 та хусусий амалиёт билан шуғулланувчи нотариус фаолият кўрсатмоқда. Битта нотариал ҳаракатни амалга ошириш 40 дақиқадан 20 дақиқага қисқарди. Вазирлик томонидан 22 та медиатор профессионал медиаторлар реестрига киритилган бўлса, шундан 18 нафари хусусий амалиёт билан шуғулланувчи нотариус ҳисобланади.
2021 йил 1 октябрь санасидан бошлаб Нукус шаҳри ва барча туманларда ўз фаолиятини бошлаган юридик хизмат кўрсатиш марказлари 12 та ташкилотга юридик хизмат кўрсатиб келмоқда. Марказларга 2021 йил октябрь-декабрь ойларида жами 23454 ҳужжат (шундан, 15883 буйруқ ва 7350 шартнома) келиб тушган бўлса уларнинг 21784 тасига хулоса берилди.
1449 таси тегишли қонунчилик ҳужжати талабга амал қилинмаганлиги сабабли қайтарилди ҳамда қонунчилик ҳужжатларига мувофиқлаштирилганидан кейин юридик хулоса берилди.
Ўтган йили қабул қилинган жами 1236 та норматив ҳужжат 121 та давлат органи ва ташкилотига етказилди.
Тадбирда иштирок этган оммавий ахборот воситалари вакиллари ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олди.
Довуд Абибуллаев, ЎзА