Юртимизда қурилиш ва бунёдкорлик ишлари жадал суръатлар билан ривожланмоқда. Шу билан бирга, бу жараённинг масъул ташкилотлар томонидан қай даражада назоратга олинаётгани ҳақида савол туғилади.
Хусусан, Фарғона вилоятида қурилиш соҳасида давлат назорати ишлари изчил олиб борилмоқда. Шу кунларда Учкўприк туманидаги Боғибўстон маҳалласида жами 15 та 7 қаватли, умумий 861 хонадонли турар жой бинолари қурилмоқда. Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги соҳасида назоратни амалга оширувчи Фарғона вилояти ҳудудий инспекцияси томонидан мазкур объектларда ўрганиш ишлари олиб борилди.

Дастлаб учта уйда ўтказилган мониторинг давомида айрим қоидабузарликлар аниқланди. Жумладан, бинолар қурилишида лойиҳада кўрсатилган арматуралардан фойдаланилмагани, бошқа бирида эса лойиҳада белгиланган маркадаги ғиштлар ўрнига паст сифатли ғиштлар ишлатилгани аниқланди. Аниқланган камчиликлар бўйича масъул шахсларга кўрсатмалар берилди. Сифатсиз ишлар буздирилди ва талабга жавоб бермайдиган ғиштлар объектдан чиқариб ташланди.

Шуни ҳам таъкидлаш керакки, Президентимизнинг “2025-2027 йилларда Ўзбекистон Республикасининг ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори доирасида вилоятда бир қатор объектлар қурилмоқда. Қўқон шаҳридаги "Ноиб кўприги" маҳалла фуқаролар йиғинида 8-мактаб биноси лойиҳа доирасида қисман бузилиб, ўрнига 4 қаватли ўқув биноси қуриляпти.

Чодаклик маҳалласида эса қиймати қарийб 1,9 миллиард сўмлик, 120 ўринли мактабгача таълим муассасаси биноси бунёд этилмоқда. Бугунги кунда объектда ички пардозлаш ишлари олиб борилмоқда. Ушбу объектларда белгиланган режа асосида мониторинг ва ўрганиш ишлари мунтазам олиб борилаётгани қурувчилар учун ҳам, қабул қилувчи юридик шахслар учун ҳам фойдали бўлаётгани аҳамиятли.
– Данғара туманининг Телиминг маҳалласидаги 4-мактабда реконструкция ишлари амалга оширилмоқда. Лойиҳа доирасида 120 ўринли бинода таъмирлаш ишлари давом этяпти, қўшимча 660 ўринли янги 4 қаватли бино ҳамда мини стадион қурилмоқда. Лойиҳа қиймати 3,4 миллиард сўм бўлган бунёдкорлик ишларида 45 нафар ишчи меҳнат қилмоқда. Янги бинода ички пардозлаш, бўёқлаш ва фасад ишлари якуний босқичда. Вилоят қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги соҳасида ҳудудий назорат қилиш инспекцияси ҳар бир объектдаги ишлар сифати устида мониторинг юритмоқда, – дейди ҳудудий инспекция мутахассиси Улуғбек Собиров.
М.Сулаймонов, ЎзА