Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Мониъ Холид Ал-Яҳёий: Ўзбекистон мевалари Ўмон бозорига кириб келмоқда (+видео)
09:34 / 2025-08-28

Ўзбекистоннинг Ўмон Султонлигидаги элчихонаси ушбу араб диёрига юртимизда етиштирилган мавсумий мева-сабзавот ҳамда қадоқланган қуруқ мева экспорти ҳажмини ошириш устида фаол иш олиб боряпти. Масалан, элчихона кўмагида ватанимизга тўртинчи бор келган “Noor Lebanon” компанияси раҳбари Шайх Мониъ Холид Ал-Яҳёий ЎзА билан суҳбатда юртига серқуёш заминимизда етиштирилган сархил мевалар тизимли экспортини йўлга қўйиш асосий мақсади эканини таъкидлади. Шунингдек, у сўнгги йилларда мамлакатимиз ишбилармонлик муҳитида юз берган кескин ижобий ўзгаришларни алоҳида қайд этди:

– Ўзбекистонга сафарни ҳар гал ўзгача мамнуният билан кутяпман. Сабаби, юртингизга ҳар келишим қўшма лойиҳалар учун янги-янги истиқбол очяпти. Бу ерда ҳақиқатан тадбиркорликни ривожлантириш учун қулай шароитлар яратилган. Бу гал “Арда Хива” мажмуасида Туризм қўмитаси ва Хоразм вилояти ҳокимлиги ҳамкорлигида ташкил қилинган “Қовун сайли” фестивалида қатнашдим. Мазкур ёрқин гастрономик ва маданий тадбир дунёнинг турли бурчакларидан келган сайёҳлар диққат марказида бўлди.

Жами бир миллионга яқин меҳмон орасидаги юзлаб хорижий сайёҳлар муносабати анжуманнинг қишлоқ хўжалиги туризмини ривожлантириш, хусусан Хоразм вилояти сайёҳлик салоҳиятини мустаҳкамлаш учун қулай майдон сифатидаги аҳамиятини яққол кўрсатди.

Бу йил илк бор оила аъзоларим билан бундай кенг кўламли маданий тадбирда иштирок этдим. Барчаси – безак ишларидан тортиб, концерт дастуригача юксак савияда ташкил этилган. Майдондаги 60 айвонда намойиш этилган125 га яқин навдаги қовунлар ҳиди ҳамманинг димоғини қитиқлади, десам муболаға бўлмас. Энг муҳими, тадбирда меҳмондўстлик ва дўстона муҳит ҳукм сурди. Айниқса, ўзбек халқининг хорижликларга нисбатан самимий муносабати, табассуми ва маданиятини кўриш жуда ёқимли.

Фестиваль дастуридан ўрин олган “Хоразм-2025” бизнес-форумида Ташқи ишлар вазирлиги ҳамда вилоят раҳбариятининг хорижий сармоядорлар манфаатини ҳимоя қилишга тайёрлиги ҳақида муҳим даъватлар эшитилди. Мазкур анжуман ўзаро тажриба алмашиш ва янги ўсиш нуқталарини топиш майдонига айланди. Турли мамлакатлар вакиллари минтақа инвесторларига жозибадор шарт-шароит ва ҳамкорликнинг турли йўналишлари – қишлоқ хўжалиги ва қайта ишлашдан тортиб, туризм ва таълим лойиҳаларигача таклиф қилиш истагини тасдиқлади.

Шайх Мониъ Холид Ал-Яҳёий сўзларига кўра, унинг илк ташрифи фақат экспорт масалалари билан боғлиқ бўлган. Бугун эса ҳамкорлик кўп қиррали тус олган. Сентябрь ойидаёқ университет ва тижорат компанияси ҳамкорлигида янги йирик лойиҳани ишга тушириш режалаштирилган. Бундан кўзланган мақсад икки ой ичида Ўзбекистондан мунтазам равишда маҳсулот экспортини йўлга қўйишдан иборат. У ўлкамиз ҳақидаги фикрларини шундай якунлади:

– Хоразмга сафарим, мазкур фестивалдаги иштироким юртингиз тарихи ва маданиятига қизиқишимни янада оширди. Шунингдек, Хива бизни ўзига хос тарихий ва замонавий муҳити билан лол қолдирди. Ушбу қадим кентда асрлар нафасини ҳис қилиш мумкин. Таъкидлаш жоиз, Ўзбекистон тарихий илдизлари олис даврларга бориб тақалувчи бой маданий меросга эга мамлакат.

<iframe width="560" height="315" src="https://www.youtube.com/embed/jPvVK85MIuM?si=rvWa3XTiyXnVQGbg" title="YouTube video player" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>

Муҳаррама Пирматова,

Азизхўжа Олишов, Анвархўжа Аҳмедов (видео),

ЎзА