Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Момолар орзуси ушалди, кўплаб хотин-қизлар ишли бўлди
11:41 / 2020-06-17

Сурхондарё вилоятида азалдан миллий ҳунармандчилик кенг ривожланган.

Мамлакатимизда халқимиз фаровонлигини ошириб, уларнинг муносиб турмуш кечириши учун қулай имкониятлар яратиш юзасидан амалга оширилаётган ислоҳотлар ноёб анъаналаримизни қайта тиклаб, ҳунармандчиликни аҳоли бандлигини таъминлаш ва даромадларини кўпайтиришда етакчи тармоқлардан бирига айлантирмоқда.

Сурхондарё вилоятида азалдан миллий ҳунармандчилик кенг ривожланган. Ўтмишда воҳа қизлари болаликдан гилам тўқиш, кашта, дўппи ва бошқа буюмлар тикиш каби ҳунармандчилик турлари билан шуғулланиб келган. Лекин, замонлар ўзгариши ва глобаллашув жараёнларида опа-сингилларимиз бу анъаналарни йўқотаётган эди. Сўнгги йилларда соҳани кенг йўлга қўйишга миллий қадриятларимизнинг бир бўлаги сифатида қаралаётгани хотин-қизлар бандлигини таъминлаш ва уни қайта тиклашга қулай муҳит яратди. Вилоят хотин-қизларида соҳа сирларини чуқур ўрганиб, оилавий бюджетига қўшимча даромад олиб келишга қизиқиш, интилиш ошди.

Хусусан, Президентимизнинг 2017 йил 17 ноябрдаги «Ҳунармандчиликни янада ривожлантириш ва ҳунармандларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармони билан ноёб касб эгаларига қатор имтиёзлар берилди. Имтиёзли кредит маблағлари ажратилмоқда. Жойларда муаммолари ўрганилиб, уларга кўмаклашиш йўлга қўйилди. Кўргазмалар ташкил этиш сифат жиҳатдан яхшиланди. Замонавий кўргазма-савдо расталари билан таъминлашга эътибор кучайтирилди. Кўрсатилаётган бу каби ғамхўрликлар ҳунармандларни янада кўпроқ изланиб, янгилик яратишга, қадимий усулларнинг нафис ва ноёб жиҳатларини чуқур ўрганишга ундаётир. «Устоз-шогирд» мактаблари барпо этилгани бўлғуси ҳунармандлар сулоласини тарбиялашда ўз самараларини бермоқда.

Маълумотларга кўра, вилоятда 2 минг 900 ҳунарманд фаолият юритмоқда. Уларнинг 2 минг 580 нафари кейинги уч йилда давлат рўйхатидан ўтиб, ўз бизнесини йўлга қўйди.

– Айни пайтда ҳунармандга эътибор, улар ишлаб чиқараётган нафис буюмларга қизиқиш тамомила ўзгарган, – дейди «Ҳунарманд» уюшмаси вилоят бошқармаси бошлиғи Муҳайё Жўраева. – Айниқса, хориждан келаётган сайёҳларда қўл кучи ва юксак дид билан тўқилган нафис буюмларимиз ўзгача таассурот уйғотаётир. Ҳайратини оширмоқда. Номоддий маданий мерос дурдоналаримиз бўлган ранг-баранг миллий ҳунармандчилик намуналари ноёб қадриятларимизни дунёга янада кенгроқ намоён этишга кенг йўл очди. Жорий йилдан бошлаб Бандлик жамғармаси маблағи ҳисобидан субсидия ажратилаётгани ҳам бу соҳага давлат даражасида қаратилаётган ғамхўрликнинг ёрқин ифодаси бўлди.

momolar_orzusi_ushaldi_k_plab_khotin_izlar_ishli_b_ldi.jpg

Зеро, ҳунармандчиликка ажратилаётган субсидия маблағлари соҳани янада ривожлантириш орқали оилаларни камбағалликдан чиқаришга туртки бераётгани билан ҳам кўпчиликда катта қизиқиш уйғотди. Жумладан, бундан уч йил муқаддам гилам тўқиш ҳунарини ўрганган хотин-қизларнинг дастгоҳ ва хом ашё олишида маблағи етарли бўлмагани сабабли бу ҳунар билан шуғулланиш чекланган эди. 

Эндиликда гилам тўқиш, кашта тикиш, ип йигириш каби масалаларда мавжуд муаммолар ўз ечимини топиб, айниқса, қишлоқ хотин-қизларининг аждодлар анъанасини давом эттиришига қулай муҳит шакллантирилаётир. Ҳар бир хотин-қизнинг бир ойда ўртача 1,5 – 2 миллион сўм атрофида даромад қилишга имконият яратилмоқда. Бу нафақат соҳани ривожлантириш, оилаларни камбағалликдан чиқаришга ҳам хизмат қилаётир. Шунингдек, вилоятдаги хотин-қизларга мамлакатимизнинг бошқа ҳудудларида сақланиб қолган ҳунармандчилик сирларини чуқур ўргатишга кўмаклашмоқда.

Воҳага Навоий вилоятининг Нурота тумани каштачилиги ва Қорақалпоғистоннинг қадимий кигиз тўқиш сирларини ўргатиш учун икки нафар малакали ҳунарманд таклиф этилиб, бўлғуси каштачи ва кигиз тўқувчиларга маҳорат сабоғи бераётгани ҳам бунга яққол далилдир. Моҳир ҳунармандларнинг ойлик маошлари вилоятга ажратилган субсидия ҳисобидан қопланмоқда.

Нуроталик Гулмира Ҳаитова ва қорақалпоғистонлик Лола Муҳитоваларнинг Денов туманида ташкил этган ўқув курсида камбағал оилаларнинг 15 нафардан хотин-қизи кашта тикиш ва кигиз тўқиш сирларини меҳр билан ўрганаётир. Улар каштачилик ва кигиз тўқиш учун зарур хом ашёни ҳам Навоий вилояти ва Қорақалпоғистондан олиб келган. Энг муҳими, шогирдлари тикаётган ва тўқиётган маҳсулотларни устозларнинг ўзи сотиб олиб, хорижга экспорт қилади. Уйда ишсиз ўтирган маҳаллий хотин-қизлар эса ноёб ҳунарни ўрганаётганидан мамнун.

– Беш фарзандим бор, – дейди Ободон маҳалласида яшайдиган Г.Эшмуродова. – Вақтинчалик ишсиз эдим. Каштачиликка болаликдан қизиқишим бор. Лекин, маҳалламизда уни меҳр қўйиб ўргатадиган аёл йўқ. Шу боис нуроталик машҳур ҳунарманд туманимизда ўқув курси очганини эшитиб, шу ерга келдим. Қабул қилишди. Ҳозир тикиш сирларини қунт билан бепул ўрганяпман. Унинг сирларини чуқур эгаллаб олгач, қизларимга ўргатишни кўнглимга тугиб олдим. Келгусида фарзандларим билан кашта тикиб, сотишни йўлга қўйсак, даромадга эга иш билан банд бўламиз, рўзғоримизни янада яхшироқ бутлаб оламиз, деган ниятдаман.

photo_2020-06-17_11-19-49.jpg

Жорий йилда қўли гул ҳунармандлар вилоятнинг Бандихон, Қизириқ ва Музработ туманларида ҳам ўқув курслари ташкил этиб, соҳага қизиқиши бор хотин-қизларга ўз касбининг сир-асрорини ўргатади.

Бойсун туманида тугатилган ҳунармандчилик маркази ва Бойсун каштачилик мактабини қайта тиклаб, «Устоз-шогирд» анъанасини йўлга қўйишда ҳам бандлик жамғармасининг субсидияси жуда қўл келди. Бу ерда 16 нафар тажрибали ҳунарманд аёл иш билан таъминланиб, уларнинг ҳар бирига камбағал оилаларнинг 10 нафардан фарзанди шогирдликка бириктирилди. Бу қизлар ҳам йил якунигача мустақил кашта тикишни ўрганиб, ҳунармандчилик билан шуғуллана бошлайди.

– Юксак дидли чеварларимиз ишлаб чиқараётган маҳсулотларга ички ва ташқи бозорда эҳтиёж йилдан-йилга ўсиб бораётир, – дейди М.Жўраева. – Нафис соҳанинг вилоятда яхши даромад манбаига айланаётгани ҳунармандчилик кооперациялари фаолиятини йўлга қўйишни ҳам тақозо этди. Шунга асосан Шеробод ва Олтинсой туманларида гиламчиликни ривожлантириш бўйича ҳунармандчилик кооперацияси ташкил этилиб, мазкур туманларнинг ҳар бирида беш юз нафардан хотин-қизни қўлда гилам тўқиш ҳунарини ўргатиш бошланди. Бу камбағал оилалардаги мингдан ортиқ хотин-қизнинг бандлигини таъминлайди.

Мутахассисларнинг фикрича, жун ва ипакдан қўлда тўқилган гиламга жаҳонда талаб ошиб бормоқда. Кейинги йилларда бу каби табиий буюмларнинг жаҳон бозорида савдоси чаққон бўлаётир. Воҳага хориждан келаётган сайёҳлар орасидан айнан шундай бежирим гиламларни сўровчилар кўпаймоқда. Сурхондарёлик хотин-қизларнинг қўл меҳнати эвазига яратиладиган бу маҳсулотнинг оилаларга яхши даромад олиб келишини ҳисоб-китоб қилган Касаба уюшмалари Федерацияси кенгаши Олтинсой туманида гилам тўқиш сирларини ўрганиш истагини билдирган хотин-қизлар учун 500 миллион сўм маблағ ажратилиб 500 дона дастгоҳ олиб берилди.

Жанубдаги вилоятда ҳунармандчиликни юксалтиришга қаратилган бундай улуғвор ишлар хотин-қизлар бандлигини таъминлаб, оилаларнинг обод турмуш кечиришига хизмат қилиш баробарида авлоддан авлодга ўтиб келаётган миллий анъаналаримиз ва ҳунармандчилик усулларимизни ривожлантириш, сақлаб қолиш ва келгуси авлодларга безавол етказишга кўмаклашади. Нафис дидли момоларимизнинг асрий орзуларини рўёбга чиқаришда муҳим омил бўлади.