Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Молиявий хавфсизликни таъминлаш йўлида
16:56 / 2025-07-08

Молиявий барқарорликни мустаҳкамлаш, аҳолининг ҳуқуқий ҳимоясини кучайтириш ҳамда банк-мижоз муносабатларида шаффофликни таъминлаш борасида муҳим ҳужжат қабул қилинган эди.

Бу жорий йилнинг 4 март куни қабул қилинган Ўзбекистон Республикасининг ЎРҚ-1043-сонли қонуни бўлиб, унга кўра "Кредит ахбороти алмашинуви тўғрисида"ги қонунга кредит муносабатларини янада такомиллаштиришга қаратилган муҳим ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди. 

Янги қонунга кўра, ҳар қандай кредит расмийлаштириш жараёни фақат фуқаронинг бевосита иштироки ва розилиги асосида амалга оширилади. Эндиликда шахс хабардор бўлмасдан ёки розилик билдирмасдан туриб, унинг номига кредит расмийлаштирилишига мутлақо йўл қўйилмайди. 

Шунингдек, қонун асосида фуқароларга ўз номларига кредит ажратилишини ихтиёрий равишда тақиқлаш ҳуқуқи берилди. Бунда фуқаро кредит бюросига мурожаат қилиб, "кредит битими тузиш тақиқланган шахслар реестри"га киритилади. Ушбу реестрдаги шахсларга ҳеч бир молия ташкилоти томонидан кредит ажратилмайди. Тақиқ фақат фуқаронинг ўзи томонидан ёзма ариза асосида бекор қилинади. 

Мазкур механизм аҳолининг молиявий ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, фирибгарлик йўли билан кредит ажратилишининг олдини олиш ва фуқароларнинг молиявий хавфсизлигини таъминлашда муҳим восита бўлиб хизмат қилади. 

Бундан ташқари, қонун доирасида кредит бюролари фаолиятини тартибга солувчи янги талаблар жорий этилди. Жумладан: 

– кредит бюроси устав фондининг энг кам миқдори 2 миллиард сўм этиб белгиланди; 

– қонун талабларини бузган тақдирда Марказий банк томонидан базавий ҳисоблаш миқдорининг 5 минг бараваргача жарима қўлланилиши мумкин; 

– истеъмолчилар ҳуқуқини бузиш, қалбаки ҳужжатлар тақдим этиш ва қонуний фаолият юритмаслик ҳолатларида лицензия бекор қилиниши мумкин; 

– шунингдек, кредит битимини тузиш тақиқланган шахслар ҳақидаги ягона реестр Марказий банк томонидан белгиланган тартибда кредит бюролари томонидан юритилади ва банклар учун мажбурий ҳисобланади. 

Ушбу қонун орқали мамлакатимизда молиявий хизматлардан фойдаланиш хавфсизлиги ва ишончлилиги янада ошади. Банк тизимининг очиқлиги ва адолат тамойиллари асосида ишлаши, аҳолининг молиявий манфаатлари юқори даражада ҳимояланиши таъминланади. 

Сарвар ОЧИЛОВ,

"Микрокредитбанк" АТБ 

Ахборот хизмати раҳбари. 

Реклама ҳуқуқи асосида