Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Молиявий соғломлаштириш самаралари
18:12 / 2015-02-02

Трикотаж матодан маҳсулот ишлаб чиқаришга ихтисослашган, замонавий техника ва технологиялар билан жиҳозланган “Катқалъатекс” масъулияти чекланган жамияти ташкил этилди.

Хоразм вилоятидаги “Шовоттекс” қўшма корхонаси банкротлик сабаб ўз фаолиятини тўхтатган эди. “Ипотека-банк” акциядорлик тижорат банкининг 6,2 миллион доллардан зиёд инвестицияси ҳисобига мазкур корхона негизида трикотаж матодан маҳсулот ишлаб чиқаришга ихтисослашган, замонавий техника ва технологиялар билан жиҳозланган “Катқалъатекс” масъулияти чекланган жамияти ташкил этилди.

Амалга оширилган тадбирлар самарасида қирққа яқин малакали ишчи-ходим яна иш жойига қайтди. Шу билан бирга, бу ерда 200 дан ортиқ янги иш ўрни барпо этилди. Фаолияти қайта тикланган корхона бир йилда 10,5 миллион дона пайпоқ ва 780 минг дона трикотаж маҳсулоти ишлаб чиқариш қувватига эга. Ҳозир “Катқалъатекс” белгиси билан харидорларга таклиф этилаётган маҳсулотлар мамлакатимиздаги кўплаб савдо дўконларида сотилмоқда.

Мамлакатимиз банк тизими иқтисодиётни модернизация қилиш, стратегик аҳамиятга эга асосий тармоқларни молиялаш ҳамда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликка оид инновацион лойиҳаларни қўллаб-қувватлашда фаол иштирок этмоқда. Зеро, юртимиз иқтисодиётини янада мустаҳкамлаш, қулай ишбилармонлик муҳитини яратиш ва тадбиркорлик фаолиятини рағбатлантиришда банклар алоҳида ўрин тутади.

Президентимиз Ислом Каримовнинг мамлакатимизни 2014 йилда ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунлари ва 2015 йилга мўлжалланган иқтисодий дастурнинг энг муҳим устувор йўналишларига бағишланган Вазирлар Маҳкамаси мажлисидаги маърузасида таъкидланганидек, ўтган йили тижорат банкларининг инвестициявий фаолияти ҳам кенгайди. Банклар томонидан 2014 йилда 1 миллиард 700 миллион доллар ёки 2013 йилга нисбатан 20 фоиз кўп миқдорда инвестиция йўналтирилгани бунинг ёрқин исботидир.

Давлатимиз раҳбарининг 2008 йил 18 ноябрдаги “Иқтисодиёт реал сектори корхоналарининг молиявий барқарорлигини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони иқтисодий ночор корхоналарни соғломлаштириш ва модернизациялашга банк инвестицияларини йўналтиришда муҳим омил бўлаётир. Мазкур фармонда паст рентабелли, зарар кўриб ишлаётган корхоналарни молиявий соғломлаштириш, ишлаб чиқаришни модернизациялаш, техник ва технологик қайта жиҳозлаш, ички ва ташқи бозорда рақобатбардош маҳсулотлар ишлаб чиқаришни таъминлашда тижорат банкларининг маблағларини кенг жалб этиш белгиланган.

Ўтган йилларда банклар 173 иқтисодий ночор корхонани ўз балансига қабул қилиб, улар фаолиятини тиклаш учун 569,1 миллиард сўм инвестиция йўналтирди. Натижада 2 триллион 781,6 миллиард сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарилди. Шундан 728,5 миллион долларлик маҳсулот экспорт қилинди.

“Ипотека-банк” акциядорлик тижорат банки иқтисодий ночор корхоналарни молиявий соғломлаштириш ва уларда ишлаб чиқаришни қайта тиклаш ишларида фаол қатнашмоқда. Бундай корхоналарни замонавий технологик ускуналар билан жиҳозлаш, улар негизида рақобатбардош маҳсулот ишлаб чиқаришни ташкил этиш ҳамда корхоналарни стратегик инвесторларга сотиш бўйича зарур чоралар кўрилмоқда. Ўтган давр мобайнида 100 фоизлик инвестиция улуши билан 12 корхона банк балансига қабул қилиниб, молиявий соғломлаштириш ишлари амалга оширилди.

Тошкент вилояти Чирчиқ шаҳридаги “Каст” қўшма корхонаси – улардан бири. Банк кўмаги эвазига корхона негизида мармар ва гранит плита ишлаб чиқаришга ихтисослашган “Ғазалкент Гранит” масъулияти чекланган жамияти ташкил этилди. Сўнгра корхона мол-мулки “Азия Гранит Инвест” масъулияти чекланган жамиятига сотилиб, бу ерда 40 дан зиёд иш ўрни яратилди.

– Корхонамиз замонавий талаблар асосида фаолият юритади, – дейди мазкур жамият раҳбари Алишер Акромов. – Олиб борилган музокаралар эвазига 2010 йил декабрда “Ипотека-банк” инвестицияси эвазига ташкил қилинган “Ғазалкент Гранит” корхонасини ўз балансимизга олдик. Ишлаб чиқаришда яратилган қулайликлар, айниқса, солиқ имтиёзлари янги корхонанинг оёққа туришида сезиларли кўмак бўлди. Даромад солиғи, ягона, мол-мулк ҳамда ер солиғи тўлашдан уч йил мобайнида озод этилганимиз ва мазкур маблағлар модернизация ишларига йўналтирилгани натижасида ишлаб чиқариш йил сайин ортмоқда. 2013 йилда 2,5 миллиард сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарган бўлсак, ўтган йили бу кўрсаткич 3,5 миллиард сўмдан ошди. Келажакда корхона фаолиятини кенгайтириш эвазига ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш, тайёр маҳсулотларни экспортга чиқаришни режалаштирмоқдамиз.

Бухоро вилоятидаги “Афруз мармар” корхонаси ҳам банк балансига қабул қилингач, тез орада “Бухоро люкс мармар” корхонасига айлантирилди. 2011 йилдан буён корхона тўлиқ қувват билан прессланган мармар плиталари ишлаб чиқармоқда. Италия технологияси асосида гиперпресслаш йўли билан тайёрланаётган маҳсулотлар сифати 30 йилга кафолатланган.

– Ўн бешдан зиёд ёш иш билан таъминланган корхонамизда оқ цемент ва майдаланган тошдан прессланган мармар плита ишлаб чиқарилмоқда, – дейди корхона раҳбари Фирдавс Низомов. – Банк билан олиб борилган музокаралар туфайли ушбу корхонани сотиб олишга келишиб, тўлов жадвалини ишлаб чиқариш мавсумига кўра туздик. Сўнгра тубдан модернизация ишлари олиб борилиб, имтиёзлар эвазига тежалган маблағ ускуналарни қайта таъмирлашга йўналтирилди. Бунинг самарасида маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажми ортмоқда. Мисол учун, 2013 йилда 750 миллион сўмлик прессланган мармар плита ишлаб чиқарилган бўлса, ўтган йили бу кўрсаткич 1,1 миллиард сўмдан ошди. Жорий йилда маҳсулот миқдорини 2 миллиард сўмга етказиш режалаштирилган.

Мухтасар айтганда, тижорат банкларининг молиявий кўмаги эвазига фаолияти қайта тикланган иқтисодий барқарор, рақобатдош корхоналар мамлакатимизда ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар ҳажми ва сифати ошиб, халқимиз турмуш даражаси янада юксалишида муҳим омил бўлмоқда.