Маълумки, бугунги кунда Ўзбекистонда 1,3 миллиондан зиёд хонадондан иборат 40 минг 26 кўп квартирали уйлар мавжуд. Уларга 787 бошқарувчи ташкилот ҳамда 269 та уй-жой мулкдорлари ширкатлари хизмат кўрсатади.
Бугунги кунда тизимда амалга оширилаётган ўзгаришлар хусусида қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазири ўринбосари Озода Жўраева ЎзА мухбирига куйдагиларни сўзлар берди.
– Бугунги кунда 36 минг 368 та кўп квартирали уйлар бошқарувчи ташкилотлар, 991 таси ширкатлар, 828 таси эса бевосита мулкдорлар томонидан бошқарилади. Кўп квартирали уйларнинг 963 таси бошқа ташкилотлар балансида, 876 уйда бошқариш усули танланмаган.
Президентимизнинг 2021 йил 19 июндаги “Кўп квартирали уй-жойларни бошқариш тизимини янада такомиллаштириш тўғрисида”ги қарорига асосан эксперимент тариқасида республиканинг 15 ҳудудида 15 та бошқарувчи ташкилот “очиқ танлов” йўли билан танланди ва фаолияти тўлиқ йўлга қўйилди. Бунда 1 минг 261 кўп квартирали уй-жойларни бошқариш учун тегишли шартномалар тузилди.
Мазкур қарор кўп квартирали уйларни бошқариш соҳасида бир қатор ижобий ўзгаришларга туртки берди. Эксперимент натижасида бошқарувчи ташкилотларга ширкатлардан ўтган кредит қарздорлиги 46 миллиард сўмдан 23 миллиард сўм (50 фоиз)га камайган. 470 янги иш ўринлари яратилган ва ишчилар иш ҳақи ўртача 2 баробарга ошган.
Шунингдек, бошқарувчи ташкилотлар томонидан аҳоли мурожаатларига тезкорлик билан жавоб бериш мақсадида 24/7 режимида фаолият юритадиган диспетчерлик ва аварияни бартараф этиш хизматлари, шунингдек, хонадонларни тозалаш, гилам ювиш, автомашинани тозалаб бериш, деразаларга темир панжаралар ва мебель ясаш каби қўшимча хизматлар йўлга қўйилган.
Бу каби ишлар 2022 йил давомида ташкил этилган бошқарувчи ташкилотларда ҳам амалга оширилган. Хусусан, Тошкент шаҳрида 2022 йилда ташкил этилган 171 та бошқарув компаниясининг барчасида диспетчерлик хизматлари йўлга қўйилган.
Шу билан бирга, 2021 йил – 2023 йил январь ойи оралиғидаги даврда ширкатлар томонидан самарасиз бошқарилган уйлар сони 35 мингдан 991 тагача камайтирилди. 2021 йилда республикада 1047 та молиявий ночор ширкатлар мавжуд бўлган бўлса, ҳозирги кунда молиявий ночор ширкатлар сони 10 тани ташкил этмоқда.
Юқорида номи келтирилган қарорга асосан “оғир” аҳволдаги ширкатлар бошқарувидаги уйларни бошқаришни бошқарувчи ташкилотларга ўтказиш ҳамда кредитларни уч йил муддатга музлатиш белгиланган. Жорий йил 1 январь ҳолатига 1 триллион 213 миллиард сўм музлатилган бўлиб, шундан 34 миллиард сўм муаммоли кредитни ташкил этмоқда.
Шу билан бирга, 2022 йил 31 майдаги “Кўп квартирали уйларни бошқариш тизими такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонунга асосан бошқарувчи ташкилотлар коммунал хизмат кўрсатишда ер, мол-мулк ва даромад солиқларидан озод этилиши белгиланди.
Аҳолининг бошқарув органлари олдидаги мажбурий бадал тўловидан 2022 йил 1 декабрь ҳолатига 263 миллиард сўм кредитор қарздорлиги мавжуд.
Шуни ҳам айтиш жоиз, “Менинг уйим” ягона электрон базасига ширкат ва бошқарув ташкилотлар бошқарувидаги кўп квартирали уйлардан 1,3 миллион хонадон тўғрисидаги маълумотлар киритилди (97 фоиз) ва Кадастр агентлигининг маълумотлар базаси билан интеграция қилинди.
Ўтган йил мобайнида Марказий банкнинг “МУНИС” тизимига жами 787 бошқарув ташкилотлари ва 269 та ширкат томонидан электрон тизимлар орқали 250 миллиард сўм пул маблағлари келиб тушган бўлса, ушбу кўрсатгич 2023 йилнинг 10 январь ҳолатига 4,5 миллиард сўмни ташкил этмоқда.
2022 йилда 787 бошқарувчи ташкилот томонидан жами 92,3 миллиард сўм ўз маблағлари ҳисобидан 2 минг 658 кўп квартирали уйда мукаммал ва жорий таъмирлаш ишлари амалга оширилди. Жумладан, 1 минг 183 уйнинг 447 минг кв.м том қисми, 2 минг 491 уйнинг кириш йулаклари, 443 уй ичидаги муҳандислик тармоқлари, 1 минг 12 уйнинг ертўла қисмидаги муҳандислик-коммуникациялари, 609 уйнинг фасад қисми ҳамда 1 минг 314 электр тақсимловчи шитлар таъмирдан чиқарилди.
Бошқарувчи ташкилотлар томонидан маъмурий бино қуриш ва бинони таъмирлаш учун 70 миллиард сўм маблағ сарфланган. Бугунги кунда 166 бошқарувчи ташкилотлар ўз биносида, 621 таси ижара бинода фаолият кўрсатиб келмоқда. Шунингдек, бошқарувчи ташкилотлар томонидан жами 35 миллиард сўмлик зарур моддий-техника ва ускуналар харид қилинган.
Бошқарувчи ташкилотлар томонидан 3 минг 978 уйдаги 11 минг 934 кириш йўлакларига 47 мингдан ортиқ энергия тежамкор сенсор лампалар ўрнатилди. Натижада бир суткада 57 минг кВт ёки 17 миллион сўм иқтисод қилишга эришилди. Кўп квартирали уйларнинг кириш йўлакларидаги эшикларни ёпиш учун уларга 24 минг 191 ёпиш механизмлари ҳамда 32 минг 170 кириш йўлакларидаги деразаларга ойналар (плёнкалар) ўрнатилди.
16-19 январь кунларида кўп квартирали уйларнинг бошқариш органлари ишчи гуруҳлар томонидан 715 кўп хонадонли уйда электр, 107 кўп хонадонли уйлар, 3 та ижтимоий объектларнинг иссиқлик таъминоти ҳамда 2 та кўп хонадонли уйда газ таъминоти қайта тикланди.
Ҳудудлардаги 207 та кўп хонадонли уйларнинг электр энергияси билан таъминлаб берувчи жиҳозлар (кабель, шит, автомат) янгисига алмаштирилди. Шунингдек, кўп квартирали уйларга боғлиқ 35 трансформаторларда таъмирлаш ишлари амалга оширилди. 121 та кўп хонадонли уйларнинг ертўла қисмида жойлашган муҳандислик ва оқова сув тармоқларида юзага келган авариялар, 56 кўп хонадонли уйларнинг ичимлик сув қувурларида юзага келган ёрилиш ва музлаш ҳолатлари бартараф этилди.
Шу билан бирга, 12 носоз лифт ускуналари таъмирланиб ишга туширилди. 2 та кўп хонадонли уйнинг том қисми жорий таъмирланди, 33 кўп хонадонли уйнинг 123 та кириш йўлак эшикларига доводчиклар ўрнатилди. Шунингдек, 20 та кўп хонадонли уйларнинг кириш йўлакларидаги фромугаларнинг ойналари янгисига алмаштирилди. 317 та кўп хонадонли уйларнинг олд қисмидаги 76 минг 160 кв.м йўлаклари музламалардан ва синган дарахт шохларидан тозаланиб, қум ва туз аралашмалари сепилди.
Шаҳноза Маматуропова,
ЎзА