Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Молиявий кўмак тадбиркорга қўш қанот
22:50 / 2023-08-25

Ўз брендини яратиш, ишлаб чиқариш фаолиятини кенгайтиришда ҳар бир хусусий секторда молиявий кўмак зарур. Шундай пайтда тижорат банкларининг ишончли ҳамкор сифатида ёрдамга келиши тадбиркорлар фаолияти кўлами ошиши ва янги иш ўринлари вужудга келишига замин яратади.

Ҳолбуки, бугунги тадбиркор кечаги кундагидан ҳар томонлама фарқ қилади. Буни мамлакатимиз раҳбарининг жорий йилнинг 18 августдаги тадбиркорлар куни муносабати билан ўтказган Очиқ мулоқотида алоҳида таъкидлагани бежиз эмас. Энг асосийси, бу ислоҳотлар ва ўзгаришлар республикамизнинг энг чекка ҳамда олис ҳудудларида ҳам ўзига хос тарзда акс-садо бераётгани билан қувонарлидир. Узоққа бормайлик, биргина Фарғона вилояти Марғилон тумани мисолида фикрларимизни таҳлил қиламиз.  

  Ҳаётбахш ислоҳотлар самараси туфайли бугунги кунда вилоятда мактабгача таълим ташкилотларига қамров 90 фоиздан ошди. Бу борада жаҳон андозалари даражасида барпо этилган муҳташам нодавлат таълим даргоҳлари баркамол авлод таълим-тарбияси йўлида хизмат қилмоқда.  

Тадбиркор Дилшод Раҳмонов илк фаолиятини битта нодавлат таълим муассасасидан бошлаган бўлса, ҳозирда вилоятда 4 фаолияти йўлга қўйилган боғчаларни бошқариб келмоқда. Бу ишни шунчаки ҳавасга бошламаган юртдошимиз болажонлар учун қулай шароит яратиш билан бирга, сифатли таълим олиниши учун тажрибали педагоглар жамоасини тўплаган. Корея, Исроил ва Япония сингари давлатларда бўлиб, айнан мазкур соҳада катта тажриба тўплаган. Шу боис мазкур тизимда ўзи кутган натижаларга босқичма-босқич эришиб бормоқда.  

 Айни пайтда  4 та МТТнинг 3 таси Марғилон, 1 таси Фарғона шаҳрида фаолият кўрсатади.   Таъкидлаш ўринлики, шу йилнинг сентябрь ойида вилоят марказининг Қиргули даҳасида 5 миллиард сўмлик лойиҳа бўйича 150 ўринли яна бир филиални ишга туширишни мақсад қилинган. Шунингдек, 2024-2025 йилларда Ўзмиллийбанк билан ҳамкорликда яна иккита лойиҳа учун бизнес-режа тайёрланяпти.  

– Бир неча турдаги солиқлар бўйича 10 йилгача имтиёз берилди, субсидиялар ажратилмоқда, – дейди лойиҳа ташаббускори Дилшод Раҳмонов. – 2017 йили мазкур тармоққа асос солган бўлсам, унгача хорижда ишлаб юрар эдим. Бу соҳага қаратилган эътибор ва рағбат туфайли беш-олти йилда улкан ютуқларга эришдим. Энг асосийси, давлатимиз раҳбарининг ҳар йилда тадбиркорлар учун янги-янги имтиёзларни бераётгани биз сингари соҳа вакилларига мотивация бўлаётир. Иккита одамни ишли қилган одамни бошимга кўтараман, деган юртбошимизнинг даъвати бизга қўшимча куч, янги лойиҳалар учун илҳом бўлаётгани ҳақиқат.  

Тадбиркор ўз фаолиятини жаҳоннинг энг илғор тажрибалари асосида ташкил этишга ҳаракат қилиб, ўтган йилларда Жанубий Корея ва Туркияда малака ошириб келди. Яқинда тажриба алмашиш учун Грузияга боришни мақсад қилган. Таъкидлаш керак, тадбиркорнинг мактабгача таълим ташкилотининг қурилиш  лойиҳаси ўзига хос меъморий ечимга эга бўлиб, ўқув, қўшимча машғулотлар бинолари миллий ва халқаро андозалар асосида бунёд этилган. Бу ерда хорижий тиллар, спорт тўгараклари вилоятдаги энг тажрибали ўқитувчи-мураббийлар томонидан олиб борилади.  

Хулоса қилиб айтганда, бугун ўз касбини севадиган тадбиркор учун ҳар бир йўналишда кенг имкониятлар, қулай шароитлар мавжуд. Бунда банк кўмаги ва давлат ҳимоясини ҳис этган тадбиркор учун нафақат ички бозор, балки ташқи бозорнинг ҳам дарвозаси очилиб бораверади. Бу эса ўз навбатида, юрт равнақи, давлат тараққиётига хизмат қилади.  

“Ўзмиллийбанк” АЖ  

Матбуот хизмати  

ЎзА