English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Молиявий ҳисоб тизими халқаро талаб ва стандартларга мувофиқ такомиллиштирилади
13:46 / 2025-09-17

Ўзбекистон Республикаси Президенти “Молиявий ҳисоб тизимини халқаро талаб ва стандартларга мувофиқ такомиллиштириш чора-тадбирлари тўғрисида” қарор қабул қилди.

Унга мувофиқ, жамият ва иқтисодиёт учун муҳим аҳамиятга эга бўлган тадбиркорлик субъектларига нисбатан уларнинг молиявий ҳисоботлари, аудити ва бошқарувига алоҳида талаблар белгиланадиган Жамоат аҳамиятига эга ташкилотлар (Public interest entities - PIE) ҳуқуқий мақоми жорий этилади. 

Қарорга кўра, молиявий ҳисоботнинг халқаро стандартларини жорий қилиш бўйича республика комиссияси тузилади. Комиссиянинг асосий вазифалари:

а) мамлакатимизда МҲХСни сифатли жорий қилиш, тадбиркорлик субъектларига мазкур жараёнда услубий кўмак кўрсатиш бўйича давлат органлари фаолиятини мувофиқлаштириш; 

б) миллий қонунчилик ҳужжатларини МҲХСга мослаштириш бўйича манфаатдор вазирлик ва идораларнинг ҳамкорлигини таъминлаш ва зарур ҳуқуқий механизмларни шакллантириш; 

в) халқаро таълим стандартлари асосида МҲХС бўйича кадрларни тайёрлаш, малакасини ошириш ва уларни амалиётга жалб этишнинг тизимли чораларини белгилаш; 

г) молиявий ҳисобот сифатини ошириш, унинг халқаро даражада тан олинишини таъминлаш ва мамлакат инвестициявий жозибадорлигини кучайтиришдан иборат бўлади. 

Фаолият тури ва (ёки) активлари миқдори туфайли юқори ижтимоий ва иқтисодий таъсирга, шунингдек, кенг доирадаги манфаатдор томонларга эга бўлиш каби мезонларга жавоб берадиган тадбиркорлик субъектлари Жамоат аҳамиятига эга ташкилотлар тоифасига киритилади. 

Иқтисодиёт ва молия вазирлиги Марказий банк билан биргаликда Жамоат аҳамиятига эга ташкилотлар тоифасига киритиш мезонларини белгилаб беради.

Белгиланган мезонларга жавоб берадиган тадбиркорлик субъектлари ҳар йили 1 июлга қадар Иқтисодиёт ва молия вазирлиги томонидан, Марказий банк назорати остидаги ташкилотлар эса Марказий банк тарафидан Жамоат аҳамиятига эга ташкилотлар реестрига киритилади. 

2026 йил 1 январдан бошлаб Реестр Иқтисодиёт ва молия вазирлиги томонидан электрон шаклда юритилади ва ҳар йили 1 июлга қадар Ҳукумат портали ягона платформаси ҳамда Очиқ маълумотлар порталига жойлаштирилади.

Жамоат аҳамиятига эга ташкилотлар Реестрга киритилган йилдан кейинги йилнинг 1 январидан бошлаб МҲХС асосида бухгалтерия ҳисоби юритилиши ташкил этилади ҳамда навбатдаги (иккинчи) йил якунига кўра молиявий ҳисоботларни тузиш ва уларни аудиторлик хулосалари билан бирга эълон қилиш МҲХСга мувофиқ амалга оширилади, қонунчилик ҳужжатларида МҲХСга ўтишнинг эртароқ муддатлари назарда тутилган юридик шахслар бундан мустасно. 

2026-2028 йиллар давомида бухгалтерларни халқаро сертификатлаш доирасидаги тегишли фан бўйича имтиҳонни муваффақиятли топширган фуқароларнинг дастлабки рўйхатдан ўтиш ва имтиҳон топшириш харажатлари Ўзбекистон Республикаси республика бюджетидан қоплаб берилади.

ЎзА