“Ўзмиллийбанк” АЖ томонидан жорий йилнинг октябрь ойида банкка бириктирилган Тошкент шаҳридаги 14 та кутубхонада болалар учун молиявий саводхонлик дарслари ўтказилди. Тадбирлар “Молиявий саводхон маҳалла” лойиҳаси доирасида ташкил этилди.
Тадбирнинг асосий мақсади – ёш авлодда молиявий билимларни шакллантириш, уларнинг пул бўйича, тежаш ва режалаштириш ҳақидаги дастлабки тасаввурларини кенгайтиришдан иборат. Болалар учун яратилган қулай ўқув муҳитида дарслар суҳбат, ўйин ва амалий машғулотлар шаклида ўтказилиб келинмоқда. Машғулотлар давомида болалар пул ва банкноталарнинг яратилиш тарихи, уларнинг муомалага киритилиш жараёни билан яқиндан танишди. Шунингдек, интерактив ўйинлар, ребуслар ва амалий топшириқлар орқали мантиқий фикрлаш ҳамда молиявий қарор қабул қилиш кўникмаларини ривожлантириш имконига эга бўлди.
[gallery-25823]
Дарслар давомида кичик иштирокчилар учун “Ўйла, изла, топ” ва “Бошқотирма” каби ўйинлар ташкил этилиб, болалар ўз билимларини синовдан ўтказиш билан бирга, жамоада ишлаш, мантиқий фикрлаш ва фикрини аниқ ифода этиш қобилиятини намоён этди. Фаол қатнашган болажонларга банк томонидан эсдалик совғалари берилди.
“Ўзмиллийбанк” АЖ томонидан мунтазам ўтказиб келинаётган бундай тадбирлар ёшлар ўртасида молиявий саводхонликни ошириш, уларнинг иқтисодий тафаккурини ривожлантириш ва келажакда масъулиятли қарорлар қабул қила оладиган шахслар бўлиб етишишларига замин яратади. Таъкидлаш зарур, молиявий таълимни эрта ёшдан йўлга қўйиш — барқарор ва онгли жамият қуриш йўлида муҳим қадамлардан биридир. “Ўзмиллийбанк” учун эса бу — ёш авлод таълимига, демакки, мамлакат келажагига қаратилган энг қимматли сармоядир.
Камола Юсупова,
ЎзА